ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 6 июля 2018 г.

2018 йилда соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 9,6 триллион сўм маблағ ажратилди

2018 йилда соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 9,6 триллион сўм маблағ ажратилди
5 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисининг иккинчи ярмида депутатлар Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг «Соғлиқни сақлаш соҳасига оид ислоҳотлар амалга оширилишининг ҳолати тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббусига кўра «Мамлакатимизда ногиронликни
белгилаш амалиёти ва уни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Биринчи масала юзасидан берилган ахборотда таъкидланганидек, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 104 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та фармони, 24 та қарори ва 9 та фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 37 та қарори ҳамда 32 та фармойиши қабул қилинган.

Соғлиқни сақлаш тизими муассасаларини сақлаб туриш, ходимларга иш ҳақи тўлаш, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига 2018 йилда Давлат бюджетидан 9,6 триллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу 2017 йилдагига нисбатан 1,4 баробар кўпдир.

Ҳисобот даврида тиббий кўриклар, жарроҳлик амалиётлари, шу жумладан, юқори технологияли амалиётлар ўтказиш мақсадида 209 нафар чет эл мутахассиси мамлакатга таклиф қилинган. 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан тиббий кўриклар сони 8 723 тага, амалиётлар сони 452 тага, юқори технологияли амалиётлар сони 289 тага, чет эллардан ташриф буюрган мутахассислар сони 45 тага ошган.

Соғлиқни сақлаш вазири ўз ахборотида соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ҳали ўз ечимини кутаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, тез тиббий ёрдам хизмати ва соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини муассасаларининг, амбулатория-поликлиника ва стационар тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг ўзаро интеграцияси талаб даражасида йўлга қўйилмаганлигини қайд этди.

Ҳудудларда аҳолини, айниқса, ёлғиз, кекса, ногиронлиги бўлган, сурункали касалликларга чалинган шахсларни, бўлажак оналар ва болаларни патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш борасидаги ишлар талаб даражасида эмас. Тез тиббий ёрдам хизмати бригадалари ҳамда автомобиллари замонавий рақамли радиоалоқа воситалари (рациялар) ва GPS-навигация тизимлари билан ҳанузгача тўлиқ жиҳозланмаган.

Вазирнинг ахбороти якунида депутатлар ушбу масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2018 йилнинг 9 мартида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати тизимида Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси, 14 та Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари, 5 та туман, 70 та туманлараро, 4 та шаҳар ва 14 та ихтисослаштирилган тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолият юритмоқда.

2018 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар натижасида 16 ёшдан ошган ва ногиронлиги бўлган шахслар 582,4 минг нафарни ташкил этиб, 12,4 минг нафар фуқарога бирламчи ногиронлик белгиланган.

Ногиронликни асосли белгилашни таъминлаш мақсадида Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва Бош тиббий-меҳнат экспертизаси хизмати томонидан икки поғонали назорат ўтказиш йўлга қўйилган.

Ирсий ва туғма нуқсонли ногирон болаларнинг туғилишини олдини олиш, болаликдан ногиронлик ҳолатларини камайтириш мақсадида бугунги кунда республиканинг 11 та ҳудудида «Она ва бола» скрининг марказлари ташкил этилиб, уларда наслий ва туғма касалликларга чалиниш хавфли гуруҳига мансуб оилалар тиббий-генетик текширувидан ўтказилиб, ногирон болалар туғилишининг олди олинмоқда.

Шу билан бирга, вазир ушбу йўналишдаги айрим камчиликларга ҳам тўхталиб, ҳозирги кунда республикада Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, 10 та ҳудудий Реабилитация маркази фаолият юритиб келаётгани, аммо Бухоро, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида реабилитация марказлари ҳозиргача мавжуд эмаслигини таъкидлаб ўтди.

Муҳокамалар якунларига кўра ҳар иккала масала юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Уларда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ топшириқлар белгиланди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий