ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

понедельник, 24 июля 2017 г.

Юсуф сурасининг мўъжизаси


Юсуф сурасининг мўъжизаси



Биринчи марта мисрлик олим, профессор Абдулбосит Саййид Муҳаммад Юсуф сурасидан таъсирланиб, катаракта (кўз гавҳарининг хира тортиши) касаллигига тер томчиларида даво борлигини кашф қилиб, Оврўпа ва Америка давлатлари томонидан лицензияга эга бўлди.
Савол: Ҳар бир фикр ёки мунозаранинг бошланиши бор. Бу баҳсингиз қаердан бошланди?
Жавоб: Унинг бошланишига сабаб Қуръон тиловатидир. Мен кунларнинг бирида бомдод намозида Аллоҳнинг китобидаги Юсуф
сурасини ўқиётган эдим, ундаги ажойиб қисса устида бироз тўхташга мажбур бўлдим. Юсуфнинг инилари ўз укаларига нисбатан қилган фитналари, отаси уни йўқотиб қўйиб сиқилганидан кўзи кўрмай, катаракта касалига мубтало бўлгани, сўнгра Аллоҳнинг раҳматига эришиб, Пайғамбар шифо бўлувчи кўйлагини отасининг юзига ташлаганида кўзи қайта кўрганини тадаббур қила бошладим. Ва ўзимга ўзим: «Юсуфнинг кўйлагида нима бўлиши мумкинки, у бундай шифо келтириб чиқарса ва кўз ўз ҳолатига қайтса?!» дер эдим.
Тўлиқ ишонч билан айтаманки, бу қиссада Аллоҳнинг мўъжизаси бўлиб, Парвардигор уни набийлардан бири саййидимиз Юсуф алайҳиссаломнинг қўлларида ижро эттирди. Ушбу қиссада руҳий озуқа билан бирга моддий озуқа ҳам борлигини билардим. Қуръоннинг рост эканини тасдиқлаш учун бу баҳсни охирига етказиш лозим эди. Мен бу тўғрида баҳс қилдим ва Аллоҳ мана шу мунозарани менга муваффақ айлади.
Савол: Қуръони Карим хабар беради: «Ғам-алам ютавериб, унинг кўзи оқарди» (Юсуф сураси). Сиз бизга кўзга тушадиган оқликнинг маъносини илмийлик юзасидан шарҳ қилиб берасизми? Кўзга тушган оқликнинг асли номи нима? 
Жавоб: Кўзга тушадиган оқлик, кўз гавҳарининг хира тортиши табобат илмида «катаракта» дейилади. Бунда гавҳарда хиралик пайдо бўлиб, унга келадиган нурни бир оз ёки мутлақ тўсади. Бу хираликнинг даражаси унинг миқдорича бўлади. Баъзида ушбу хиралик ўзининг юқори даражасига етганда кўзнинг кўришини шундай заифлаштирадики, ҳатто кўз олдида ҳаракатланган қўлни ҳам ва бошқа инсон кўриши мумкин бўлган нарсаларни ҳам кўрмай қолади.
Кўз оқлиги тўғрисидаги илмий шарҳимизни кенгайтирсак, кўзнинг гавҳари капсуладан иборат бўлиб, у капсуланинг протеинли толалари бор. Бу протеинли толалар алфа кристаллин, бета кристаллин, гамма кристаллин ва залол деб номланувчи нарсалардан иборатдир. Протеиннинг ўзгариши сабабли кўзда хиралашиш пайдо бўлади. Хиралик бошлангач, аста-секин зиёдалашиб боради. Кўз гавҳарининг пардасида мавжуд бўлган протеин тақсимланган, тартибланган ва кичик бўлакчалар ҳолида бўлиб, ҳар бир бўлакча кўзга тушадиган нурни тарқатишда ўз вазифасини адо қилиш учун бир-бирига бириктирилиб, тахлаб қўйилган. Протеиннинг табиати ўзгариши ушбу бирикманинг ва дақиқ тартибнинг ўзгариши демакдир. Бу ўзгариш нурни тартибсиз таратишга олиб келади.
Ўқувчига янада тушунарлироқ бўлиши учун қуйидагиларни айтамиз: кўздаги залол деб номланувчи мослама шаффоф бўлиб, нурнинг ўтиши учун йўл очади. Залол қизиган нарсаларни унинг орасидан кўриш мумкин бўлади. Қачонки ушбу мослама, яъни залол қуюлиб қолса (“coagulation”) ва ўзгарса, нурни пала-партиш ҳолда тарқатадиган бўлиб қолади. Шундан кўзда хиралик пайдо бўлади. Атрофдаги нарсаларни кўриш мумкин бўлмай қолади. Мана шу ҳолат кўзнинг хиралашишидир.
Савол: Кўзга оқ тушиши, яъни катарактанинг пайдо бўлишининг асл сабаблари нима? Ғам-андуҳнинг мусибатга нима алоқаси бор? Ваҳоланки, Қуръони Карим Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзидаги мусибатнинг сабабини суюкли фарзанди Юсуфни йўқотгани учун чеккан ғам-андуҳидан деб баён қилади. 
Жавоб: Кўзга оқ тушиши ёки хиралашишининг зоҳир бўлишида кўплаб сабаблар бор.
Инсон гоҳида зарбага рўбарў келиб қолади ёки тасодифий зарба унинг кўз мугузи ичидаги гавҳарга тегиб, протеиннинг табиатини ўзгартириб юборади. Ушбу зарбани деб протеиннинг тартибли тузилмасига шикаст етади ва бу шикаст аста-секин нур тарқатишига зарар етказиб боради.
Иш юзасидан ҳам бу ҳолат вужудга келиши мумкин. Баъзи инсонлар юқори даражали иссиққа рўбарў бўлишади, худди нонвойларга ўхшаб. Шунга қарамасдан кўзнинг соққаси ташқи ҳаракатга мослашувчан бўлади. Лекин бу юқори ҳарорат давомий бўлса, аста-секин кўз ҳам ташқи муҳитга мослаша олмай қолади ва бу кўздаги ўзгаришга сабаб бўлади.
Яна, шунингдек, инсон турли навдаги чақмоқларга, радиацион нурларга ҳам рўбарў келиб туради. Шу сабабли вужудга келган касаллик «Radiation Cataract» дейилади. Кўзларини ҳимоя қилмай ишлайдиган пайвандловчиларда ҳам пайванддан чиқадиган нур сабабли ана шу касаллик юзага чиқади. 
Ёши улғайганда келиб чиқадиган касаллик “Senile Cataract” дейилади. Кўз пардасидаги протеин туғилгандан бери ўзгармайди. Умрнинг охирига келиб, ўзгариш уруғлари пайдо бўлади. Ва бу нарса давом этиб, ҳатто буткул хиралик ҳолатига олиб боради.
Баъзи хасталикларнинг бўлиши, масалан, қанд касаллиги кўз гавҳари атрофида суюқликларни зиёдалаштириб, гавҳар сувини ўша дард шилиб олади. Ва натижада катаракта касаллиги зудлик билан зоҳир бўлади.
«Хафаликнинг кўзга оқ тушиб, хира тортишига алоқаси борми?» деган саволингизга тўхталадиган бўлсак, албатта, бор. Чунки хафалик адреналин гормонининг кўпайишига сабаб бўлиб, инсулинга зид деб эътиборга олинади. Пировардида қаттиқ хафалик ёки қаттиқ хурсандчилик адреналин гормонини зиёда қилиб, ўз-ўзидан қанд касалини кучайтиради. Мана шу нарса кўз хиралашишининг сабабларидан бири бўлиб, бунга қўшимча равишда йиғи билан бирга хафа бўлиш ҳам ана шундай касалликларни келтириб чиқаради. 
Савол: Бу касалликнинг бошланиш аломати борми?
Жавоб: Кўзга оқ тушишининг энг биринчи белгиси – инсон ўзини кундузи ҳам булут қоплаб олгандек ҳис этади.
Савол: Кўзга оқ тушишининг тиббий муолажаси борми? Кўз аввалги ҳолатига қайтадими?
Жавоб: Ҳозир бизнинг муолажамиз – хиралашган гавҳарни жарроҳлик амалиёти билан олиб ташлаш ёки гавҳар протеинини шимиб ташлаб, парда бўлаги ичига гавҳар экиш. Барибир буларнинг барчасида кўз ўз ҳолатига қайтмайди. Ўзида кўплаб асоратларни қолдиради.
Шунингдек, баъзи кўзга томизиладиган томчилар борки, уларнинг вазифаси ўша хира тортишнинг аввалги ҳолатини кечиктиришга хизмат қилади. Томчи компьютердаги физиологик кўзда тажриба ўтказилиб, 60 дақиқа ичида 99% нурни ўзида мужассам қилди. Унинг 30 дақиқасига 250 миллион доллар маблағ сарфланди. 
Савол: Кўзга оқ тушганидаги касалликка операция ёки томчилардан бошқа муолажалар топилмайдими?
Жавоб: Илмий қўлланма ва илмий назоратларда умумий уринишлар бор. Улар кўпроқ протеинни алмаштиришга, хусусан, оқсил ёки брайт касаллигини аввалги ҳолатига қайтаришга қаратилган. Гоҳида кимёвий йўл билан имкон топишади. Бу ўзгартириш жузъий, холос, мукаммал суратда эмас. Энди кимёвий йўлни кўз гавҳаридаги протеинда ижро этиш мумкин эмас.
Савол: Мана шундай камчиликлар воситасидагина ечим топиладиган касалликка сиз қандай қилиб Қуръони Карим ҳикоялари орқали даво кашф қилдингиз? 
Жавоб: Юқорида ишора қилганимдек, кўз жавҳарининг ташқи юзасида парда бўлиб, унда протеин бор. Бу протеин кичик шаклда бўлишига қарамасдан гавҳарнинг табиатини ўзгартириб, ундаги тартибни ва мутаносибликни пала-партишликка олиб боради. Оқибатда хиралик келиб чиқади. Шунинг учун қўпроқ фикр юритиб, ўша протеинда физиологик реакция қилиш оқибатида тартиб бузилиши ўрганиб чиқилди. Бунда кимёвий реакция устида фикр юритилмади. Бу иш аввалги қўлланма ва илмий ишларда топилмади. Шунинг учун бу нарсага етиб боришнинг аввалги йўлини топиш қийин бўлди.
Бизнинг бунда энг биринчи умидимиз Юсуф сураси бўлди.
«Кейин улардан юз ўгириб деди: «Эй бечора Юсуф-а!» Ғам-алам ютавериб, у зотнинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди)» (Юсуф сураси, 84-оят).
Юсуф алайҳиссалом Роббиларидан бўлган ваҳий сабабли акаларидан оталари ҳузурига шифо кўйлагини олиб боришни талаб қилдилар.
«Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар». Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб алайҳиссалом ўз уйларида туриб, ҳузуридаги кишиларга): «Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган, демасангизлар, («Юсуф тирик», деган бўлар эдим)», деди. (Улар) айтдилар: «Аллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски хатоингда турибсан». Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни, Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. Сизларга мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли экани ҳақида) «Сизлар билмайдиган нарсаларни билурман», демаганмидим?!» деди у» (Юсуф сураси, 93–96-оятлар).
Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларида қанақа шифо бўлиши мумкин эди? Бу ҳақда фикр юритганда тердан бошқа нарсани топмадик. Демак, баҳсимиз инсон терининг таркибий қисмини ўрганиш устида бўлди. Анъанавий жарроҳлик йўли билан кўздан чиқариб олинган гавҳарни олиб, терга ботириб кўрганимизда тадрижий ҳолатда шаффоф бўлганига гувоҳ бўлдик!
Сўнгра савол туғилди: тердаги барча таркиб мана шу ҳолатда реакцияга кирдими ёки бундаги таркибларнинг биттаси реакцияга кирдими? Қатъий ҳолатда айтамизки, асосий таркибларнинг бирига етишишнинг имкони бўлди. У булина «Жавондийн» таркибидан ҳосил бўлган. Бу нарсани кимёвий ҳолатда ҳам тайёрласа бўлади.
Кўзи хиралашган ёки кўзига оқ тушган ҳайвонларда тажриба ўтказилган, рентген ёки голактуз орқали текширилганида ўша кимёвий тайёрланган таркиб кўзни тузатмасдан, балки кўз гавҳарига янада оқ тушишига сабаб бўлган.
Шунингдек, Slit lamp ёки нурли токлар воситасида ёхуд кўз гавҳарини қизил нур рефлекси орқали текширилганда ҳам шундай бўлди.
Бундан кейин компьютердаги физиологик окулярда 250 миллион доллар тўлаб, ярим соат тажриба ўтказилганида ёруғлик даражалари 2% дан ошмади. Лекин инсон теридаги томчини қуйишганида 15 дақиқада 2% дан 60% гача ёруғлик дарчаси очилди. 20 дақиқада эса 90% га зиёдалашди. Ярим соатда 95% га ортди. 1 соатда эса 99% га кўтарилди!
Савол: Бу томчида қўшимча ёки заҳарли асоратлар кузатилдими?
Жавоб: Мутлақо, бу аҳамият берилган нарса эди. Хусусан, тер жисмдан ажраб чиққан модда бўлиб, юқорида айтганимиздек, бу булинанинг бир қисмидир. Шунинг учун ушбу заҳарли тажрибани аввал ўн баробарга ошириб, ҳайвонларда ўтказиш лозим. Хоҳ у оғиз орқали, хоҳ юракнинг протеин пардасига укол қилиш орқали бўлсин, тажриба ўтказилганида қўшимча ёки заҳарли асоратлар узоққиндан ҳам кузатилмади. Ҳамда ё жигар, ё буйрак, ё мия, ё қон фаолиятига таъсир ўтказмади.
Савол: Бу тажриба жониворлардан қуён устида ўтказилган экан. Агар ушбу жараён инсоннинг физиологик кўзи устида ўтказилса, нима бўлади?
Жавоб: Бундай тажриба 250 та ихтиёри билан келган беморлар устида ўтказилганида 90% дан кўпроқ одамларнинг кўзидаги оқлик кетиб, кўриши аввалги ҳолатга қайтди. Аммо клиникалардаги текширувларда бу нарсага сазовор бўлмаганларни гапирадиган бўлсак, гавҳар протеинида шаффофлик, яъни яхши ўзгариш бўлган. Лекин бошқа бир касаллик, яъни тўрпарда сабабли кўриш қуввати аввалги табиий ҳолатига қайтмаган.
Савол: Ана шу томчи кўздаги катарактадан бошқа касалликларга шифо бўла оладими? 
Жавоб: Ҳа, кўздаги мугуз пардага ҳам шифо бўлади. Кўз заифлашганда оқлик юзага келиши ана шу мугузда содир бўлади. У қон қуйилиб қолганда ёки мугуз «Сor pea» протеини табиатида ўзгариш бўлганида юзага келади.
Тажрибаларда собит бўлдики, ана шу томчидан икки ҳафта давомида ҳар куни икки мартадан қуйиб борилса, кўриш хусусияти яхшиланиб, асл ҳолига қайтади. 
Савол: Мугуз пардадаги оқлик авваллари қандай муолажа қилинарди?
Жавоб: Авваллари ўлган кишининг кўз мугузини кўчириб қўйиш билан муолажа қилинар эди. Илова қилиб айтадиган бўлсак, табиий суратига қайтмасди. 
Савол: Сизнинг бу тажрибаларингиз қандай қилиб ихтиролар лицензиясини қўлга киритганлар сафига қайд этилди?
Жавоб: Баҳс суратини биз Оврўпадаги ихтироларга лицензия берувчи марказга, сўнгра Амриқодаги марказга жўнатдик. Тажриба ўтказувчи хоналарнинг бирида у кўриб чиқилди. Кейин ана шу ихтирони имтиҳон қилиш учун бир комиссия тузилди. Ва 1991 йил Оврупадаги ихтиро марказидан, сўнгра 1993 йил Амриқодаги ихтиро марказидан лицензияларни қўлга киритдик.
Савол: Сиз ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Чунки сиз бутун инсониятга Қуръон воқеълигидан муолажа тақдим этдингиз. Ваҳоланки, ичимиздаги баъзи кимсалар Қуръон дунёвий ишларда ёки илмий баҳсларда алоқаси йўқ, деб гумон қилишади.
Жавоб: Менинг бу ҳақдаги шуурим шуки, бошқа мусулмонлар каби илмдаги закотни адо қилдим. Молнинг закоти берилганидек, илмнинг ҳам закоти чиқарилади. Ахир, бу илм инсонларнинг яхши кунларига хизмат қилиши керак-ку.
Бундан ташқари, ушбу амалий тажриба сабабли Қуръони Каримнинг азаматини ва улуғлигини янада билиб турибман.
«Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур» (Исро сураси, 82-оят).
Шунга биноан, бу улуғ Китобга қайтишни умид қиламан. Агар ҳақиқий маънода қайтганимиздагина аввалги давримизни қўлга киритиб, бутун инсониятни ҳидоятга чорлай оламиз.
Савол: Бу тажрибангиз Қуръон ва суннатдаги насслар орқали тадбиқий баҳсларингизнинг зиёда бўлишига туртки бўладими?
Жавоб: Таъкидлаб айтаманки, Қуръони Каримдаги ажойиботлар сири тугамайди. Менинг эътиқодимча, Қуръон қироатида берилиб бардавом бўлиш ҳамда Қуръон ва суннатда онгни ишлатиш билан ҳар турли илмларда кенг қамровли билимларни очиб, барча макондаги инсонларга хизмат қилиш мумкин.
Сўнгги саволим: Бу дори сотувга чиқарилганида «Қуръоний дори» деб ишора қилиб қўйиладими?
Жавоб: Ҳа, биз бу дорини ишлаб чиқарувчи ширкатга «Қуръоний дори» деб ёзиб қўйишни шарт қилганмиз. Токи бутун олам ана шу Қуръоннинг ростлигини, дунё ва охиратда одамларни бахтли қилишда фаол эканини билишсин.
Суҳбатимиз охирида янги бир баҳсни ўртоқлашмоқчиман: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида васф қилганларидек, кўз тиббиётидаги бошқа бир дорини тақдим этаман. У зот алайҳиссалом: «Қўзиқорин ҳам бир овқат тури бўлиб, унинг суви кўз учун шифодир», деганлар. 
Келгуси сонда учрашганда янги натижалар билан чиқишни умид қилиб қоламан. Иншааллоҳ, Аллоҳни изни билан мана шу баҳс ҳам келажакда кенг қамровли илмларни очиб беради.
Quran.uz канали


Комментариев нет:

Отправить комментарий