ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 25 мая 2017 г.

рўзани бузадиган амаллар


Рўзани бузадиган амаллар
Мусулмон олами учун севимли бўлган Рамазон ойида турибмиз. Аллоҳ таоло ҳар бир соғлом ва вояга етган мусулмонга Рамазон ойида тўлиқ рўза тутишни буюрган.
Рўза тутган баъзи кишиларда қандай амаллар унинг бузилишига олиб келиши борасида саволлар ва турлича фикрлар туғилади. Шуларга ойдинлик киритиш учун қуйида Рамазон ойи рўзасини тутганда, қандай амаллардан тийилиш лозимлиги ҳақида умумий маълумот берамиз.
Рўзадор  учун  макруҳ амаллар
1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш. Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин.

2. Оғизга таъм берадиган ҳеч қандай моддаси бўлмаган
сақич чайнаш. Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар.

3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.

4. Жинсий яқинлик қилишдан ўзларини тийиб қолишга ишончлари бўлмаса ҳам, (эр-хотиннинг) аъзоларини бир-бирларига тегизишлари.

5. Қасд ила тупугини оғзида тўплаш ва уни ютиш.

6. Рўзадорни заифлашишга олиб борадиган ўткир наштардек нарса билан қон олдириш каби ишларни қилиш.
Рўзадор  учун  макруҳ бўлмаган  ишлар

1. Мўйлабга хушбўй нарса суртиш.

2. Сурма қўйиш.

3. Ҳолсизланиш ёки қувватдан кетиб қолмаслигига амин бўлса, қон олдириш.

4. Эрталаб мисвок қилиш.

5. Оғиз ва бурунни чайиш.

6. Ғусл қилиш.

7. Салқинлаш учун ҳўл латтага ўраниш.
Рўзани  бузмайдиган нарсалар

1. Рўза тутганини унутиб, таом ейиш, ичимлик ичиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Рўзадор киши рўзаси эсдан чиқиб, бирор нарса еб қўйса, егани Аллоҳ берган ризқидир, қазо қилмайди», деганлар. Таом еб ёки ичиб турган ҳолатида рўзадорлиги эсига тушса, ейишини тўхтатади, оғзидаги луқмани чиқариб ташлайди. Рўзаси эсига тушганида ҳам, еб-ичишда давом этса ёки оғзидаги луқмани чайнайверса, бунга каффорат лозим бўлади.

2. Рўзадорлигини   унутиб,   овқат еяётган киши ифторгача чидай олмас даражада оч ёки ташна бўлса, унга рўза тутгани эслатилмайди. Ифторгача сабр қилишга кучи етиши аниқ бўлса, рўзадорлиги эслатилади.

3. Эркак ёки аёлнинг шаҳват қўзғайдиган жойга тикилиш ёки шаҳват қўзғовчи нарсаларни (узоқ) ўйлаб қолиш оқибатида манийси тўкилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам, рўзаси очилмайди. Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолса, ҳатто кеч-қурунгача жунуб ҳолида қолса ҳам, рўзаси очилмайди.

4. Кўзига дори томизса, ранг ёки сурма қўйса, гарчи сурилган нарсанинг таъми сезилса ҳам, рўзаси очилмайди.

5. Қон олдирса, рўзаси очилмайди.

6. Мисвок қилса, рўзаси очилмайди.

7. Сочга ёғ (ранг) сурса, рўзаси очилмайди.

8. Ғусл қилса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранса, рўзаси очилмайди.

9. Ғийбат қилса ёки оғзини очишни ният қилиб, бузмаса, рўзаси очилмайди.

10. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чангу ғубор ёки пашша кирса, рўзаси очилмайди. Аммо рўзадорлигини эслаб туриб, хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади.

11. Тиш олдириб, қон ёки дорини ютмаган бўлса, рўзаси очилмайди.

12.  Қулоқдан сув кирса, қулоқни кавласа,  қулоғини кавлаган чўпдаги кирни олиб, яна шу чўп билан қулоқ кавласа ҳам, рўзаси очилмайди. Аммо бу каби ишларни қилмаган маъқул.

13. Балғам ёки бурун сувининг кириш ёки чиқиши билан,  уни тортиб, ичга ютса ҳам, рўзаси очилмайди.

14. Мажбур бўлиб қайт қилса, шунингдек, оғиз тўла келиб, кейин ичга қайтиб кетган қусуқ ҳам рўзани очмайди. Ўз ихтиёри билан оғиз тўлмайдиган ҳолда қусса ҳам рўза очилмайди.

15. Тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани ютса, рўзаси очилмайди.

16. Оғизда қолган бирор нарсанинг таъмини тупуги билан ютиш рўзани очмайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий