ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 23 мая 2017 г.

махр


Маҳр
Маҳр Никоҳ сабабли аёлга бериладиган мол-мулк ёки кўрсатиладиган хизматга маҳр дейилади. Маҳрнинг бундан ташқари араб тилида “садоқ”, “ниҳл”, “ажр”, “фаризаҳ” ва бошқа номлари ҳам мавжуд. Маҳр бериш ҳукми: Никоҳда аёлга маҳр бериш вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Аёлларга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз!» [Нисо: 4]. «Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз!» [Нисо: 24]. Маҳрнинг вожиб
эканига суннатдан далил: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланмоқчи бўлган бир саҳобага «(Маҳрга ярайдиган) бирон нарсанг борми?», дейдилар. «Аллоҳга қасамки, ҳеч нарсам йўқ, эй Расулуллоҳ», дейди у. Ва ниҳоят ҳадис давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобага шундай дейди: «Гарчи темир узук бўлса-да (маҳрга яроқлик бирон нарса) топ»»[1] [Муттафақун алайҳ]. Ҳадис келгусида тўлиқ зикр қилинади. Агар маҳрсиз уйланишга рухсат берилганида ҳадисда зикр қилинган камбағал саҳоба рухсат берилишига энг ҳақли ва лойиқ эди. Модомики унга рухсат берилмадими, демак, маҳр вожиб экан. Никоҳ ақдида маҳрга келишиб олиш: Никоҳ ақдида маҳрга келишиб олган афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бирига: «Уни (яъни аёлни) ёд олган Қуръон сураларингни унга ўргатишинг эвазига сенга никоҳлаб бердим», деганлар. Қолаверса, ҳадисларда собит бўлишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийя розияллоҳу анҳони озод қилганлар ва озод қилинишини маҳрга ҳисоблаб унга уйланганлар». Негаки, никоҳ пайтида маҳрга келишиб олиш жанжал ва низонинг олдини олади. Мавзуга оид мулоҳазалар: (1) Шуни яхши билиш лозимки, маҳрни зикр қилиш никоҳ ақдининг рукни ҳам, шарти ҳам эмас. Балки маҳр никоҳдан кейин келиб чиқувчи мажбуриятдир. Шунга биноан никоҳ ақдида маҳр масаласи мутлақ тилга олинмаса ҳам ақд дуруст бўлаверади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар хотинларингизни уларга яқинлик қилмай ёки маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз, гуноҳ йўқдир» [Бақара: 236]. Никоҳ ақдидан кейин, ҳатто аёли билан яқинлик қилгандан кейин бўлса ҳам маҳрга келишиб олиш жоиз. Агар аёлига бериладиган маҳр хусусида келишиб олмасларидан бурун эр вафот этса ёки аёлини талоқ қилса, у ҳолда аёлга «маҳри мисл» берилади. «Маҳри мисл» дегани никоҳ тузилган пайтда аёлнинг ота ёки она томонидан бўлган тенгқур қариндошларига бериладиган одатий маҳр назарда тутилади. Агар қариндош хотин-қизлар ичида аёлга тенги бўлмаса, у ҳолда унинг оиласига тенг бошқа оилалардаги тенқур хотин-қизларга бериладиган маҳрга қиёсан маҳр берилади. Никоҳ ақдидан кейин маҳр белгилаш жоизлигига далил: Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига шундай дедилар: «Сенга фалончини никоҳлаб беришимни хоҳлайсанми?». «Ҳа», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлдан сўрадилар: «Сени фалончига турмушга беришимга розимисан?». «Ҳа», деди аёл. Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар иккисини бир-бирларига никоҳлаб қўйдилар. Эр аёлга маҳр белгиламади, унга ҳеч нарса бермади. У Ҳудайбийя сулҳида қатнашган саҳобалардан бўлиб, бу сулҳда қатнашганларга Хайбарда қўлга киритилган ўлжалардан улуш берилган эди. У вафот этиш олдидан шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени фалончига уйлантириб қўйган эдилар. Ҳолбуки, мен унга маҳр белгиламаган ва унга ҳеч нарса бермаган эдим. Гувоҳ бўлинглар, мен унга Хайбардаги улушимни маҳр қилиб бердим». Аёл унинг Хайбардаги улушига эгалик қилиб, эри вафот этгач уни юз минг дирҳамга сотди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маҳрнинг энг яхшиси энг енгилидир», дедилар»[2]. «Маҳри мисл» берилишига далил: Алқамадан ривоят қилинади: «Бир аёл масаласида Абдуллоҳ ибн Масъуднинг олдига борилди. Аёлга бир эркак уйланган, сўнг маҳр белгиламасдан ва унга яқинлик қилмасдан бурун вафот этган эди. Одамлар шу масалада Ибн Масъуднинг олдига (бир неча бор) қатнадилар. Ибн Масъуд айтди: «Унга қариндошларининг маҳричалик  маҳр берилади, эридан мерос олади ва иддада ўтиради». Шунда Маъқил ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Барваъ бинти Вошиқ деган аёлга ҳам худди шундай ҳукм қилганликларига гувоҳлик берди»[3]. Бу масала фиқҳда «муфавваза» масаласи, яъни «маҳри белгиланмаган аёл» масаласи деб номланади. (2) Юқоридаги гапдан эр хотинига маҳр бермасликни шарт қилиши жоиз дегани келиб чиқмайди. Негаки, маҳр бермасликни шарт қилиш билан маҳрни белгиламаслик ўртасида фарқ бор. Маҳр бериш вожиб. Агар никоҳ пайтида маҳр белгиланмаса, у ҳолда юқорида айтиб ўтилган тарзда маҳр белгиланади. Аммо эр хотинига маҳр бермасликни шарт қилса, албатта бундай шарт ботил шартдир. Бироқ мазкур ҳолатда никоҳ бузиладими ёки йўқми? Бу борада уламолар ўртасида ихтилоф бор. Баъзи уламоларнинг фикрича, никоҳ дуруст саналиб, эр аёлига маҳри мисл бериши вожиб бўлади. Айрим уламолар эса никоҳ ақдини буткул ботилга чиқаришган. Мазкур фикрни шайхулислом Ибн Таймия ихтиёр қилган. (3) Юқорида ўтган фикрларга кўра, агар эр хотинига маҳр белгиламаган бўлса ва унга яқинлик қилгач талоқ қилса, у ҳолда аёл тўлиқ маҳри мислга ҳақли бўлади. Агар борди-ю, яқинлик қилишдан олдин талоқ қилган бўлса, унда аёл «мутъа»га ҳақли бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар хотинларингизни уларга яқинлик қилмай ёки маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз, гуноҳ йўқдир. Бу ҳолда бой борича, йўқ ҳолича урф-одатдан келиб чиқиб уларга «мутъа» (яъни аёлнинг кўнглини кўтарадиган бирон мол-мулк) берингиз! (Бу ҳукм) яхшилик қилгувчилар зиммасига фарз бўлди» [Бақара: 236].  Баъзи уламоларнинг фикрича, бу ҳолатда унга маҳри мислнинг ярми берилиши керак. Бироқ оятга биноан биринчи фикр кучлидир. «Мутъа» – талоқ қилинишига ўзи сабабчи бўлмаган аёлнинг кўнглини кўтариш учун эр томонидан бериладиган бирон мол-мулк. «Мутъа» эрнинг иқтисодий ҳолати ва даромадига қараб, шунингдек, томонлар ўртасидаги сулҳ ва келишувга биноан урф-одатлар доирасида белгиланади. Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг наздимизда мутъанинг оз ёки кўпининг маълум миқдори йўқ»[4]. (4) Агар эр-хотиндан бири вафот этса-ю, эр маҳр белгиламаган бўлса, у ҳолда эр-хотин яқинлик қилган ёки қилмаган бўлишидан қатъий назар бир-бирларидан мерос олишади, аёл тўлиқ маҳри мислга ҳақли бўлади, агар вафот этган эр бўлса, юқоридаги Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисида айтиб ўтилганидек хотин идда сақлайди. [1] Бухорий (5121), Муслим (1425), Абу Довуд (2111) ва Термизий (1114) ривояти.
[2] Саҳиҳ: Абу Довуд (2117), Ҳоким (2/182) ривояти. Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Албоний «Ас-саҳиҳа»да (1842) саҳиҳ деган.
[3] Саҳиҳ: Абу Довуд (2114), Термизий (1145), Насоий (6/121) ривояти. Ҳадисни Термизий ҳасан саҳиҳ деган бўлса, Ҳоким (2/180) имом Муслим шартига мос саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.
[4] Қаранг: Қуртубийнинг «Ал-жомеъ ли-аҳкомил Қуръон» китоби (3/201).

Комментариев нет:

Отправить комментарий