ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 24 мая 2017 г.

азон...


Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар муаззинни (азон айтаётганини) эшитсангиз сизлар ҳам у айтаётган сўзларни айтинглар” [Бухорий: 611 ва Муслим: 383]. Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни муаззиннинг намозга азон айтаётганини эшитсак, у айтаётган сўзларни такрор айтиш билан унинг чорловига жавоб беришга буюрдилар. Муаззин такбир айтса, биз ҳам унинг ортидан такбир айтамиз, шаҳодатайнни айтса, биз ҳам унинг ортидан шаҳодатайнни айтамиз ва ҳоказо. Агар шундай қилсак, биз ҳам муаззинга бериладиган буюк савобга ноил бўламиз. Албатта, Аллоҳ таоло марҳамати кенг ва
дуоларни ижобат қилувчи зот. Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар: 1 – Муаззин чақириғига у айтаётган сўзлар билан ижобат қилиш мустаҳаб. Бунга барча уламолар ижмо қилишган.
 2 – Баъзи ҳадисларда келганидек, муаззин чақириғига у ҳар бир жумлани якунлагандан сўнг ўша жумлани қайтариш ила ижобат қилинади. Имом Насоий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззин ҳар жумлани айтиб сукут қилган пайтда унинг сўзини қайтарар эдилар”[1].
 3 – Банда ҳар қандай ҳолатда, модомики ҳожатхонада ёки банд бўлмас экан, муаззиннинг чақириғига жавоб қайтариши мустаҳаб. Негаки, бирон сабабга боғлиқ зикрлардан маҳрум бўлиб қолмаслик учун ўша сабабни ўтказиб юбормаслик лозим.
 4 – Ҳадис зоҳиридан азонни эшитган одам муаззиннинг барча сўзларини бирма-бир қайтариши кераклиги тушунилади. Жумҳур уламоларнинг наздида азонни эшитган одам муаззиннинг “ҳайя алас солаҳ, ҳайя алал фалаҳ” (намозга шошилинглар, нажотга шошилинглар) деган сўзидан кейин “ла ҳавла вала қуввата илла биллоҳ” деб айтади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар бирингиз чин қалбдан муаззин... “ҳайя алас солаҳ” деганда “ла ҳавла вала қуввата илла биллоҳ” деб айтса, “ҳайя алал фалаҳ” деганда “ла ҳавла вала қуввата илла биллоҳ” деб айтса... жаннатга киради” [Муслим: 385]. Қолаверса, азонни эшитган одам муаззиннинг “ҳайя алас солаҳ, ҳайя алал фалаҳ” деган сўзини қайтариб айтиши эшитувчининг ҳолатига номуносибдир. Балки унинг ўрнига “ла ҳавла вала қуввата илла биллоҳ” деб айтиши ҳолатига мосроқдир. Демак, муаззин “ҳайя алас солаҳ, ҳайя алал фалаҳ” деб айтганда уни эшитган одам “ла ҳавла вала қуввата илла биллоҳ”, яъни Аллоҳнинг ёрдами, мадади билан намозга келамиз ва намоз ўқиймиз, деб айтар экан. Фойда: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким азонни эшитган вақтда: “Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит тааммаҳ, вассолатил қоимаҳ, аати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ”, деса қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади” [Бухорий: 579]. Маъноси: Ушбу комил чорловнинг ва ҳозир бўлган намознинг Рабби бўлган Аллоҳим! Муҳаммадга васила[2] ва фазилат ато этгин, уни Ўзинг ваъда қилган мақтовли мақомда тирилтиргин”.

Комментариев нет:

Отправить комментарий