Рўзадан олдин нима учун "ҳалқум тозаланади?"
Кўпгина юртдошларимиз Муборак Рамазон ойи келишидан бир-икки
кун олдин бозорлардан балиқ сотиб олишга шошилишади.
Уларнинг наздида 11 ой шубҳали ва ҳаром луқмадан ҳазар
қилмасдан, шу ой келиши билан балиқ гўштидан истеъмол қилиши билан луқмаси,
ҳалқуми тоза бўлади, деган тушунча бор. Аслида эса бу тушунчанинг Исломга
алоқаси йўқ. Бу халқнинг орасида урф бўлган одатлардандир.
Балиқ ҳалол ва пок сув ҳайвонидир. Пок нарса – балиқни
истеъмол қилиш билан, шубҳали
таомлар билан озиқланган ҳалқум, луқма пок
бўлади, дейишнинг ўзи нотўғридир. Агар ушбу ҳалол бўлган балиқни ҳам ўғрилик
ёки бошқа ғирромлик йўллар билан қўлга киритиб, Рамазон ойидан олдин уни
ҳалқумни покловчи, деб истеъмол қилиш билан ўша балиқ гўшти ҳам ҳаромга
айланади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Фақат
Аллоҳга ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза
нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!» (Бақара, 172). Динимизда рухсат этилган
йўллар орқали тўпланган бойлик ҳалол, нопок йўл билан орттирилган мол-дунё
ҳаромдир.
Ризқ ҳалолидан бўлишига ҳаракат қилиш лозим. Айниқса, оила
раҳбари қарамоғидагиларни ҳалол меҳнати ва покиза луқма билан боқиши фарз.
Ҳалол озуқалар инсон учун тиббий томондан ҳам фойдадир. Чунки Аллоҳ таоло
фақатгина зарарли нарсаларни ҳаром қилган. У Зотдан қўрқмаган кимсалар —
ўғрилик, порахўрлик, зўрлик, ҳийла-найранг, ҳаром нарса савдоси, етимнинг
молини ўзлаштириш, ҳаром касб (фолбинлик, фоҳишалик) қилиш, умумхалқ мулкини
ўзлаштириш каби йўллар билан бўлса ҳам, дунё тўплайди. Шу мол-мулкидан қорин
тўйдиради.
Ҳолбуки, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳаромдан
битган этга дўзах муносибдир», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Луқмаи ҳалол дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан
бири саналади. Ҳалол луқма билан вужуди озиқланган мўмин кишининг қалби ёруғ,
юзи нурли бўлади. Ҳаром луқма қалбни қорайтиради, фикрни чалғитади, Аллоҳдан
узоқлаштиради, ҳатто Аллоҳни унуттиради. Ҳалол луқма инсоннинг кўнглини
гўзаллаштиради, поклайди.
Ҳалол луқма — мусулмонликнинг энг муҳим шартларидан бири
бўлгани учун мусулмонлар ҳалол маҳсулотлар, шунингдек, ҳалол гўшт маҳсулотлари
истеъмол қилишлари керак.
Диний китобларда таом
ейишда тўрт фарз борлиги айтилган:
1. Ҳалқум поклиги. Яъни тановул қилинаётган таом динимиз
нуқтаи назаридан покиза бўлиши ва тўғри йўллар билан топилиши лозим.
2. Ризқнинг Аллоҳ таолодан эканига иқрор бўлиш. Ҳар бир
мўминнинг эътиқоди шундай бўлиши керак. Зотан, Аллоҳ таолодан ўзга ризқ берувчи
йўқ.
3. Насибага рози бўлиш.
Ризқни Аллоҳ таоло берар экан, кимга қанча ва қачон беришни ҳам ўзи
билади. У зотнинг берганига рози бўлиб, уни кўпайтиришини сўраш мўминнинг
хислатидир.
4. Таомнинг қувватини гуноҳга сарфламаслик. Ейилган нарсадан
танага қувват ҳосил бўлиши Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. Бу қувватни гуноҳга
эмас, тоатга сарфлаш айни муддао бўлиши билан бирга насибанинг кўпайиши
гаровидир. Зеро, шукр этиш неъматнинг ортишига сабабдир.
Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмакон
ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш
Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб олмоқдалар. Улар бу
муборак ойни кечаларни тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишни ният
қилган ҳолда қаршиламоқда. Чунки Парвардигорлари Рамазон ойи рўзасини тутишни
мусулмонларга фарз қилган, у Исломнинг беш асосий рукнидан биридир.
Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди.
Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда
нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал билан ёзилган жуда кўп
оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук
ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Оилаларимизнинг намунали бўлиши, оила аъзолари ўртасида
меҳр-оқибат, тотувлик, ўзаро ҳурматнинг барқарорлиги, болаларга чиройли тарбия
бериш, ёш оилаларга турмуш сабоқларини эринмай ўргатиш каби омилларнинг рўёбга
чиқиши эса ҳаммамизга боғлиқ. Чунки динимиз ҳар бир киши ўз қўл остидаги
кишилар учун масъулдир, деб таълим беради.
Комментариев нет:
Отправить комментарий