Қаттиқ ўсимликнинг юмшоқ
меваси
«Дўлана» юнон тилидан
таржима қилинганда «мустаҳкам» деган маънони англатади. Мазкур ном, асосан,
ўсимлик пояси кўринишига нисбатан аталган. Сабаби, дўлана ўсимлиги анча
йилларгача ўз мустаҳкамлигини йўқотмайди. Айримлари эса уч юз йилгача ҳам
яшаши мумкин.
Раъногулдошлар оиласига
кирувчи дўлананинг икки юздан ортиқ, катта ва кичик ҳамда
чатиштирилган
турлари мавжуд.
Аслини олганда, дўлана мўътадил
об-ҳавони хуш кўради. Шу боисдан ҳам уни қадимги даврларда Шимолий Америка ва
Ўрта Осиё чегараларидаги 30° C ва 60° C иссиқ ҳароратларда учратиш мумкин
бўлган.
ФОЙДАЛИ ЖИҲАТЛАРИ:
Дўлананинг меваси пишиб етилган
вақтлари ўзида сапонин (сувда кўпикланадиган органик моддалар), флавоноид, каротин,
аскорбин ва органик кислоталар, крахмал ҳамда фруктозани сақлайди.
Дўлана меваси гипертония, юрак хасталиги, атеросклерозда кенг
қўлланилади.
Дўлана новдалари ўсиш жараёнида С, В ва турли бошқа гуруҳга
мансуб витаминлар, эфир ёғлари, фруктоза, холин ва сорбитларни ўзида
мужассамлаштиради.
Дўланадан тайёрланган дорилар мия ва мушакларда қон
айланишларини яхшилайди. Шунингдек, марказий нерв тизимини тинчлантириб,
организмни жисмоний ва ақлий жиҳатдан фаоллаштиради. Шунингдек, қон
айланишини жадаллаштириб, организм фаолиятини яхшилайди.
Тиббиётда шу нарса маълумки, дўлана экстракти
қондаги холестерин моддасини камайтиришда асосий омил бўлиб хизмат қилади.
ГУЛИ ВА МЕВАСИДАГИ
ХУСУСИЯТЛАР
Одатда, дўлана меваси сентябрь ойи
ўрталаридан то ерга қор тушгунга қадар териб олиниши мумкин. Ўсимлик
гулларини териш эса жуда ҳам эҳтиёткорликни талаб этади. Агар дўлана
гулларидан шифо мақсадида фойдаланмоқчи бўлсангиз, унда гулларни териш ва
қуритиш муддати бир ёки икки соатдан ошмаслиги шарт.
Юқорида келтирганимиздек,
табобат оламида дўлана турли касалликларга қарши кенг қўлланилган. Ўсимлик
гулларидан тайёрланган дамлама ва мевасидан тайёрланган тиндирмалар турли
хилдаги асаб тизими муаммолари, юрак хасталигини енгишда яхши самара беради.
Дўлана ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак хасталигида ҳам ижобий таъсир
кўрсатади.
ГУЛИ ВА МЕВАСИДАН ТАЙЁРЛАНАДИГАН ДАМЛАМАЛАР:
2-3 ош қошиқ дўлана мевасига 3 стакан қайнатилган сув қуйилиб,
бир соат тиндирилади. Сўнг 1-2 ош қошиқдан кунига уч маҳал истеъмол қилинади.
Бир ош қошиқ дўлана мевасига бир стакан қайнаган
сув қуйиб, икки соатга иссиқ идишга усти ёпиқ ҳолда қўйилади (термосдан
фойдаланишингизни маслаҳат берамиз). Кейин эса бир-икки ош қошиқ овқатдан
аввал кунига уч маҳалдан истеъмол қилинади. Бу дамлама бош айланиши,
гипертония ва климакс давридаги касалликларда ва асаб тизими муаммоларини
ечишда кенг қўлланилади.
ХАЛҚ ТАБОБАТИДА ҚЎЛЛАНИЛИШИ:
(ДОРИВОР ЎСИМЛИК СИФАТИДА)
Барчамизга маълумки, инсон организмида учрайдиган
касалликларнинг аксарият қисми асаб тизими билан боғлиқ. Кундалик
вазиятларда, ҳаётда учрайдиган турли тасодифлар оқибатида инсон организмида
нерв тизими фаолияти бузилиши мумкин. Асаблар таранглашганда эса юрак
тизимида турли зўриқиш ва толиқишлар юзага келиши мумкин. Юқорида айтиб
ўтганимиздек, дўлана нерв, юрак қон-томир, мия қон айланиши тизими фаолиятини
яхшилаб, бош айланиши ҳамда бошқа шунга ўхшаш касалликларнинг олдини олади.
Дўланани кўпроқ ёши катталар кундалик егуликлари рўйхатига қўшишлари тавсия
этилади. Шунингдек, дўланадан тайёрланган турли дамлама ва тиндирмалар
касалликдан эндигина тузалган беморларнинг умумий ҳолатини яхшилайди. Қон
босими баланд инсонлар дўлана истеъмол қилишса, қон айланиши яхшиланиб, бош
оғриғи қолиши, бошдаги ва қулоқлардаги шовқин ҳамда қондаги холестериннинг
камайиши ҳолатларини кузатишлари мумкин. Шу боисдан ҳам соғлиқни мустаҳкамлаш
учун кундалик шароитда дўлана меваси ва дамламаларини истеъмол қилиш мақсадга
мувофиқ бўлар эди.
Шифобахшлиги жиҳатидан дўланадан тайёрланган чой ёки дамлама
ҳам катта аҳамият касб этади. Бунинг учун дўлана гулларидан тайёрланган
дамламани мушаклар қисилаётган вақтда ичиш анчайин фойдалидир.
Одатда, қовурилган ва майдаланган дўлана уруғидан қаҳва каби
хушбўй ичимлик тайёрлаш мумкин. Янги узилган дўлана меваси эса турли хилдаги
кисель, компот ва желелар тайёрлаш учун айни муддаодир. Шуни алоҳида
таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур меванинг меъёридан ортиқ истеъмоли ҳам ич
бузилишига олиб келади.
Дўлана меваси таркибида шакар, асосан, фруктоза, кўп бўлмаган
миқдорда глюкозани учратиш мумкин. Шунингдек, дўлана меваси аскорбин
кислотаси ва кальций, калий, фосфор ҳамда тиамин, рибофлавин, холин каби
витаминларга бойдир. Маданийлаштирилган дўлана меваси янгилиги вақтида
кислота ва шакар билан яхши бирика олади.
Бир сўз билан айтганда, танангиз тетиклиги ва
соғломлигини узоқ вақт сақламоқчи бўлсангиз, озуқа рационингизни, албатта,
турли хилдаги мевалар билан бойитинг. Дўлана ҳам фойдали шифобахш ўсимлик
эканини унутманг!
Интернет материаллари асосида А. СУВОНОВ тайёрлади.
|
Комментариев нет:
Отправить комментарий