Кўкрак саратонидан сўнг...
Кўкрак саратонини даволашда сут безларини олиб ташлаш ушбу хасталикдан халос бўлишнинг энг самарали усулидир. Аммо ушбу жиддий амалиётни ўтказган аёл организмида ва
руҳиятида ҳам жиддий ўзгаришлар кузатилиши — унинг тўлақонли кундалик ҳаёт
кечириши учун тўсиқ бўлиши мумкин. Аммо аёлнинг турмуш тарзи ўз изига тушиб
кетадими? Албатта. Фақат бунинг учун шифокорларнинг тавсияларига қулоқ тутиш
керак, холос.
Бу касалликни жарроҳлик йўли билан даволагач, аёл
саломатлигини тиклаш жуда муҳим ҳисобланади. Уларнинг кейинги саломатлиги,
албатта, шифокор томонидан назорат қилиниши лозим. Шу масалада аёлларда бир
неча муаммолар юзага келиши табиий.
Энди нима қиламиз?
Доим ҳам сут бези жарроҳлигидан сўнг имплант, яъни онкологлар
тили билан айтганда, эндопротез қўйиш имкони бўлавермайди. Агар бунда фақатгина
биргина кўкрак олиб ташланса, бир қатор муаммоларга сабаб бўлади. Қадди
қоматнинг бузилиши, умуртқанинг қийшайиши, елка бўғимининг тушиши шулар
жумласидан.
Бундай муаммоларни ҳал этишда, одатда, экзопротезлардан
фойдаланилади. Бу имитатор-қоплама (нак-ладка)лар бўлиб, кўкракка ташқи
томондан қўйилади.
Елка бўғимини тиклаш учун олиб ташланган кўкрак томондаги қўл
билан «соч тараш» машқи фойда беради. Бу машқни бажаришни жарроҳликдан сўнг
бошлаш тавсия этилади.
Гавдани тутишни назорат қилиш учун эса кунига бир неча бор
деворга орқа билан суяниб туриш лозим. Бунда бошнинг орқа қисми, кураклар,
думба ва товоннинг орт қисми тегиб туриши лозим.
Жарроҳликдан сўнг икки ой давомида жарроҳликдан кейинги
протезлардан фойдаланилади. Бу протезлар енгил бўлиб, жарроҳликдан қолган
чокларнинг битишига халал бермайди, терини жароҳатламайди. Сўнг беморларга бир
неча турдаги экзопротезлар таклиф қилинади.
Лимфатик шишларга қарши
Жарроҳликдан кейинги кўп учрайдиган муаммолардан бири —
лимфатик шишлар ҳисобланади.
Сут безини жарроҳлик йўли билан даволашда баъзан фақатгина
кўкрак эмас, балки унга яқин жойлашган лимфа тугунлари ва томирлари ҳам олиб
ташланади. Натижада лимфанинг табиий ҳаракатланиши бузилади. Бу эса, ўз
навбатида, турли тана соҳаларининг, кўпинча қўлларнинг шишишига сабаб бўлади.
Одатда, шифокор шишга қарши препаратлар, компрессион қўлқоплар, пневматик
компрессиялар, магнитли майдон муолажаларини таклиф қилади.Агар сизда қуйидаги ҳолатлар кузатилса, шифокорга мурожаат этишингиз зарур:
- қўллар оқариб, музлашини сезсангиз. Аввалига қўл шишган бўлса ҳам, юмшоқ бўлади, лекин борган сари шиш ортиб, қўл қаттиқлашади. Бундай шишлар оғриқсиз бўлиши мумкин. Аммо шунга қарамай, хавфли ҳолатга сабаб бўлиши мумкинлигини унутманг;
- елка ва тирсак бўғимларининг ҳаракатланишида қийинчилик туғилса, қўл қувватсизлигини сезсангиз;
- қўлдаги шиш кескин ортиб, бутун қўлга тарқалса;
- шиш мозаикасимон тус олса, яъни қўл буткул бир текисда шишмай, қўлтиқдан бошланиб, кафтгача бўлган соҳанинг алоҳида-алоҳида жойларида кузатилса.
Ўзимизга ўзимиз ёрдам берамиз
Шишларга қарши дори-дармонлардан ташқари, ўзингиз уйда
ҳар куни махсус гимнастика билан шуғулланишингиз мумкин. Аммо бу машқларни ҳам
шифокор белгилаб беришини унутманг. Бу машқлар мушак таранглигини орттириб,
бўғимлар ҳаракатчанлигини оширади, лимфа ва қон айланишини яхшилайди.
Шунингдек, шишларнинг олдини олибгина қолмай, яллиғланиш жараёнига ҳам
тўсқинлик қилади.
Томирларни мустаҳкамлаш. Бунинг учун витаминлар, айниқса,
никотин кислотаси ва В гуруҳидаги витаминларни қабул қилиш лозим.
Терини парваришлаш. Қўл териси ўз эластиклигини йўқотмаслиги
учун доимий равишда таркибида шифобахш гиёҳлар бўлган кремлар ёки табиий
ўсимлик ёғи (масалан, шафтоли, зайтун)дан фойдаланишингиз мумкин.
Қўлингизга эътиборли бўлинг. Ҳатто шиш аломатларини кунма-кун
ёзиб боришингиз мумкин. Бу, айниқса, шишлар кескин ўзгаришида қўл келади.
Шишларнинг 3 кўриниши ажратилади: I, II ва III даражали шишлар. Лимфатик
шишларнинг I даражасида шишган соҳа айланаси шишмаган қўл айланасидан 2 см.дан
ошмайди. II даража шишда эса бу фарқ 4 см.гача ошади, III даражада эса 6
см.гача.
«Эластик енг»дан фойдаланинг. У махсус дорихоналарда сотилади.
Шишган соҳани қоплаб, лимфа ҳаракатини изга туширишга ёрдам беради. Шифокор
бундай енгнинг ўлчамларини белгилаб беради. Ҳар 2-4 ойда енг ўзгартирилади.
Шишган қўлда оғир меҳнат қилмаслик. Бу қўл билан оғир юкларни
кўтариш, ортиқча чўзиш мумкин эмас. Қўлнинг узоқ вақт мажбуран букилган ёки
ёзилган ҳолда бўлиши тақиқланади.
Массаж. Бу муолажа шишнинг бошланғич даврида фойдали
ҳисобланади. Массаж шифокор тавсиясига кўра, мутахассис томонидан бажарилади.
Қўлни жароҳатланишдан асранг. Шишган қўлга эътиборли бўлиш
жуда муҳим. Уни жароҳатланиш, урилиш, ҳашаротлар чақишидан эҳтиётлаш зарур.
Буларнинг бари қўшимча инфекция ўчоғини келтириб чиқариб, шишган соҳадаги
патологик жараённи янада ривожлантириб юбориши мумкин. Шунингдек, шишган қўлда
қон босимини ўлчаш, укол қилиш, шунингдек, таҳлил учун қон олиш мумкин
эмаслигини унутманг.
Булардан ташқари, шишган қўлни иссиқдан асранг, масалан, иссиқ
сув ёки тўғри тушадиган қуёш нури ҳам унга зарар етказиши мумкин.
Агар шишган қўл жароҳатланса, шифокорга кўрсатиб, профилактика
учун антибиотикли даво курсини олишингизга тўғри келади. Негаки жарроҳлик
амалиётидан сўнг аёл организмининг ҳимоя тизими сустлашган бўлиб, турли
яллиғланиш касалликлари ривожланиши хавфи юқори бўлади.
Елка бўғими ҳаракатининг чекланиши
Бу асоратнинг сабаби биргина эмас. Бунга елка мушакларидаги
муаммо, шунингдек, шу соҳадаги нерв толаларининг қисилиши ёки оғриқдан қўрққан
аёл шу томонини кам ҳаракатлантириши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундай вазиятда
шифокор паст частотали электротерапия буюради. Бу муолажа қон артерияларидан
майда қон томирларига оқишига ва лимфа ҳаракатини изга туширишга ёрдам беради.
Ўпка фаолиятининг бузилиши
Сут бези саратонини нурли терапия билан даволаганда,
беморларда баъзан ўпка фаолияти бузилиши кузатилади.
Бундай вазиятларда беморга аэрозольтерапия ёрдам беради. Бу
таркибида дори зарралари бўлган нам ингаляция бўлиб, зарраларнинг тўғри ўпка
альвеолаларига тушишини таъминлайди.
Шуни унутмангки, ҳар қандай дардни енгиш мумкин.
Фақатгина сиздан сабр, ғайрат ва умид талаб этилади, холос.
Олимжон ИМОМОВ, онколог
Комментариев нет:
Отправить комментарий