ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 14 августа 2014 г.

Кимлар Кореяда ишлаши мумкин?


Меҳнат миграцияси — бугунги замон эҳтиёжи. Мамлакатимизда фуқароларнинг хориж давлатларига бориб қонуний ишлаши учун барча шароит яратилган. Шунга қарамай, айримлар англаб-англамай, ноқонуний тарзда чет элга ишга кетиб, одам савдосининг қурбонига айланаётгани ҳам бор гап.
Кўплаб ўқувчиларимиздан таҳририятимизга Корея Республикасида қонуний ишлаш тартиб-қоидаларига оид савол-мурожаатлар тушди. Уларга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Таш­қи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг бўлим бошлиғи Шамсия МУҲИДДИНОВА жавоб берди.
Бугун фуқароларимиз Кореяга қай тарзда қонуний бориб ишлаш имконига эга? Қандай меҳнат шартномалари амал қилади?

— Ўзбекистон фуқаролари республикамиз қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳамда Фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар кўмагида ва белгиланган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқиш имкониятига эга.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва Корея Республикаси Меҳнат вазирликлари ўртасида 2006 йилда «Бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида» икки томонлама меморандум имзоланган. Ўзбе­кис­тон фуқаролари хусусий меҳнат шарт­номалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга фақат агентлигимиз томонидан бериладиган рухсатнома орқали чиқиши мумкин.
Хусусий меҳнат конт­рактига эга фуқаро агент­ликка қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?
— Хусусий меҳнат контрактига эга фуқаро чет элда ижтимоий муҳофазаланишини таъминлаш мақсадида агентликка қуйидаги ҳужжатларни 2 нусхада тақдим этиши лозим:
– ариза;
– хорижий фирмадан (иш берувчидан) олинган, давлат тилига таржима қилинган, барча ижтимоий кафолат ва тиббий суғурта кўрсатилган, меҳнат визаси (Employment viza) билан таъминлаш борасида иш берувчининг мажбурияти назарда тутилган ҳолда нотариал тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасаси томонидан легализация қилинган контракт нусхаси;
– иш берувчи тўғрисида қисқача маълумот;
– маълумотнома–холиснома;
– Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли шаклдаги соғ­лиғи ҳолати тўғрисида тиббий маълумотнома.
Бундай фуқаронинг хорижга ишга кетиш ҳақидаги мурожаати (аризаси) қанча муддатда кўриб чиқилади?
— Ўзбекистон Республикасининг хусусий меҳнат контрак­тига эга бўлган фуқаронинг аризаcи 15 кун ичида кўриб чиқилади.
Кореяда ишламоқчи бўлган шахснинг ёши инобатга олинадими? У ерга кимлар бора олади?
– Корея Республикасида соғлом, судланмаган, корейс тилини биладиган, аввал Корея­да нолегал юрмаган ва у ердан мажбуран чиқариб юборилмаган, чет элга чиқиши таъқиқланмаган 18 ёшдан 39 ёшгача бўлган фуқаролар ишлаш имконига эга.
Ишга кетиш олдидан қандай имтиҳонлар ўтказилади?
— Корея Республикасининг «Банд­ликка рухсат бериш тизими» бўйича ишга кетмоқчи бўлганлар корейс тилидан тест топшириши шарт. Бунда оммавий ахборот воситаларида аввал эълон берилиб, барча иштирокчи рўйхатга олинади. Сўнг уларга рухсатнома берилади. Рўйхатга олиш жараёнида фуқаро  2 донадан паспорт нусхаси ва 3,5-4,5 ҳажмдаги фотосурат тақдим этиши керак. Рўйхатга олиш учун тўлов миқдори Корея томонидан белгиланади. У тахминан 20-30 АҚШ долларини ташкил этади.
Тестдан муваф­фа­қият­ли ўтган фуқаро хорижга ишга қачон жалб этилади?
— Корейс тили бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан маълумотлар базасига киритилиб, 2 йил давомида сақланади. Корейс иш берувчиси ушбу маълумотлар базаси орқали ишга жалб этиш учун танлаб олинган ҳар бир номзодга алоҳида меҳнат шартномаси Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан агентлигимизга электрон шакл­да юборилади. Шартномада фуқаронинг Корея Республикасининг қайси ҳудудида меҳнат қилиши, ишга ёллаётган фирма ёки компаниянинг фаолият тури, ойлик иш ҳақи ва бошқа муҳим маълумотлар мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, маълумотлар базасига киритилган номзодни корейс иш берувчиси томонидан танлаб олиш жараёнида агент­лик иштирок этмайди. Хорижий ишчи кучини ишлашга танлаб олиш ва Кореяга жалб этиш фақат корейс иш берувчиси томонидан амалга оширилади. Шу сабабли, тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодларни Кореяга ишга юбориш тўлиқ кафолатланмаган. Ўз навбатида, агентлик меҳнат шартномасини имзолаган фуқаролар бўйича Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматига хабар юборади. Хизмат шартнома имзолаган фуқаролар рўйхатини Корея Адлия вазирлигининг Иммиграция хизматига тақдим этади. Шу асосда Кореянинг ваколатли идораси томонидан номзодларга Кореяга кириш ҳуқуқини берувчи виза сертификати расмийлаштирилади.
Кореяга ишга кетмоқчи бўлган фуқаролар учун тўловлар қанча?
— Юқорида айтилган меморандумга кўра, бир фуқаронинг бу борадаги харажати 2014 йил 15 июль ҳолатига, жами 1489035 сўмни ташкил этмоқда. Демак, булар — «Тошкент–Сеул» йўналиши бўйича авиабилет (1352369 сўм), агентлик кўрсатган хизмат (136666 сўм) харажатлари.
Шунингдек, хорижий иш берувчининг талабига асосан, хусусий шарт­нома асосида чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олишда тўлов тарифи Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг тўрт минимал миқдорини ўз ичига олади.
Бугун фуқароларимиз Корея­да қандай ишларга жалб этилмоқда?
— Жанубий Кореяда фуқароларимиз асосан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритмоқда.
Агентлик ёрдамида хорижда ишлаб келган фуқароларнинг меҳнат фаолияти Ўзбекистон ҳудудида иш стажи сифатида ҳисобланадими?
— Ҳа, ҳисобланади. Бунинг учун агентлик кўмагида чет элга ишга юборилган фуқаролар у ерда олган иш ҳақидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалларини тўлаши керак.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 36-моддасига мувофиқ, чет элда ишланган давр учун иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш, чет элда ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Фуқаро хорижда меҳнат шарт­номасига риоя қилмаса (ўзбошимчалик билан ташлаб кетган тақдирда), унга нисбатан қандай чора кўрилади?
— Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Кореяда иш билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг 8.2 бандига асосан, Ўзбе­кис­тон фуқароси Корея ҳудудида иш жойини 20 кундан ортиқ муддатга ўзбошимчалик билан ташлаб, ноқонуний яшаса, бу давлатда белгиланган энг кам иш ҳақининг 1 карраси миқдорида жарима тўлайди. Агар фуқаро иш жойи­ни ўзбошимчалик билан ташлаб 1 йилдан ортиқ муддатда Кореяда ноқонуний яшаса, жарима 2 баробарни ташкил этади.
Меҳнат шартномасининг муддатини узайтириш мумкинми?
— Ҳа. Ўзбекистон фуқаролари  Корея  иш берувчиси билан 3 йилга меҳнат шартномаси тузади. Унинг муддати тугагач, фуқаро иш берувчи билан келишилган ҳолда шартномани яна 2 йилга узайтириши мумкин.
Чет элдаги иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида ёки тўлиқ миқдорда тўламаганда кимга мурожаат этиш керак?
— Бундай ҳолатда Корея  судларига, Хорижий ишчи-мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миграция хизмати ёки бошқа маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш мумкин.
Республикамизда фуқароларни хорижга ишга юбориш билан шуғулланадиган, давлат рўйхатидан ўтган, қонуний асосда иш юритувчи хусусий ташкилотлар ҳам борми?
Ўзбекистон фуқароларини чет элда ишга жойлашишини таъминлаш масалаларини ҳал этиш фақат агентлигимизга ҳамда Тошкент, Бухоро, Фарғона, Қарши ва Нукус шаҳарларида жойлашган Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюроларга юклатилган.
Хорижга ишга кетган фуқароларимиз одам савдоси қурбонига айланиб қолмаслиги учун шу давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ёки консуллик муассасаларида рўйхатдан ўтиши шарт. Республиканинг ваколатли ташкилотлари бўлмаганда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ваколат берилган органларда рўйхатдан ўтиши талаб қилинади.
Ишга жойлашаётганда паспортни ҳеч кимга бермаслик керак. Хорижий мамлакатга етиб келгандан сўнг оила-аъзолари, дўстлари ва яқинлари билан почта, телефон ёки интернет ор­қали мунтазам равишда боғланиб, у ердаги иш шароити ҳақида маълумот бериб туриш  тавсия этилади.

«Оила даврасида» мухбири
Шаҳобиддин РАСУЛОВ

ёзиб олди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий