Оёғингиз терлайдими?
— Мени анчадан бери оёғим терлаб, ўзидан нохуш ҳид чиқариши безовта қилади. Кўпчилик айтган усулда
даволаниб кўрдим. Бироқ ҳафта ўтиб-ўтмай яна шу муаммо... Бу жиддий касалликми?
Ҳасан АБДУЖАББОРОВ, Тошкент шаҳри
Муштарийимизнинг ушбу саволи юзасидан пойтахтимиздаги 9-сонли тери таносил диспансери шифокори, дермотовенеролог Севара АКБАРОВАга мурожаат қилдик.
— Тўғри, бу кўпчиликни безовта қилади. Бунга нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам чалинади. Оёқ терлаши ва ундан ҳид чиқиши борасида шикоятларни кўп эшитамиз. Бу каби ҳолатлар нафақат ёз ойларида, балки қаҳратон қиш кунларида ҳам ўзини намоён этади.
Айрим беморларимиз — гипергидроза касаллигидан, яъни оёқ терлашидан азият чекишади. Баъзи эркаклар бу муаммога катта аҳамият беришади ва унинг олдини олиб даволашга уринишади, бироқ бошқалар эса, афсуски, бунга кўникиб қолиб, эътиборсизлик билан қарашади. Ҳолбуки, оёқ терлаши нафақат ён-атрофдаги кишиларга ноқулайлик туғдиради, балки янада оғирроқ асоратларга ҳам олиб келиши мумкин.
Бунинг асосий сабаби шундаки, пойабзал оёққа тор, оғир бўлса, юришга ноқулай бўлади, қон айланиши бузилиб, оёқни сиқади, оғритади, терини шилади ва қадоқ пайдо қилади. Оқибатда, оёқ кўп терлайдиган бўлади. Пойабзал торлиги туфайли, айниқса, ўсиш даврида бўлган болаларда оёқ кафтининг шакли ўзгариб, қийшайиши мумкин.
Оёқяланг юришнинг фойдаси
Буюк файласуф Суқрот ўз шогирдига шундай деган экан:
— Афлотун, сенинг истеъдод ва ақлингга минг тасанно, бироқ ўзингнинг қадрингга ҳам етишинг керак. Фикри-зикринг янада чархланиши ва саломатлигинг жойида бўлиши учун мен каби ялангоёқ юришинг лозим.
Дарҳақиқат, аллома Суқрот узоқ умр кўрган. Уни заҳарлаганларида 106 ёшга кирган эди.
Марҳабо ХОЛДОРОВАтайёрлади.
Оёқ терлашининг сабаблариКенг тарқалган замбуруғ касаллигида оёқ бармоқларининг орасида ёрилиш, қуриш ва кучли қичишиш, тери кўчиши кузатилади ва оёқ терлаб ўзидан бадбўй ҳид тарқатади. Агар касаллик вақтида даволанмаса, у микробли экземага айланиши ва бутун тана бўйлаб ёйилиши мумкин. Шунингдек, юқумли, эндокрин касалликлари, зарарли шишлар ва марказий нерв тизимининг ҳар қандай меъёрий табиий ҳолатни йўқотиши ҳам касалликка сабаб бўлади.
Оёқ терлашининг олдини олиш ёки даволаш мумкин. Бунинг учун, аввало, дермотологларга мурожаат қилиш керак. Афсуски, кўпчилик бундан уялиб, шифокор қабулига бормайди. Шуни ёдда тутингки, шифокорга қанча тез мурожаат қилсангиз, касалликни шунча тез бартараф этасиз.
Парвариши
Кунора пойабзални алмаштириб кийишга ҳаракат қилинг. Бу оёқ кийими ичидаги намликнинг қуриши ва ҳавосининг алмашишига имкон яратади. Спорт оёқ кийимларини харид қилаётганда уларнинг тозалаб ювиш мумкин бўлганларидан танланг. Бу унинг ичига жойлашиб олган бактерияларни йўқотишга хизмат қилади.
Оёғингизни кунига икки марта — эрталаб ва кечқурун совуқроқ сув билан совунлаб ювишга одатланинг. Баъзилар душ қабул қилиб, айнан, оёқни тозалаб, бармоқларининг ораси ва таги билан совунлаб ювишга ҳафсала қилишмайди. Бу эса касаллик келтириб чиқаради.
Ювиб бўлгач, уни сочиқ билан яхшилаб қуритиш керак. Шундан сўнг, оёқ бармоқлари ва тагига қуруқлантирувчи кукун суртинг. Дезодорант-антиперспирант, гел ва шунга ўхшаш воситалардан ётишдан олдин фойдаланган маъқул. Ушбу воситаларни фақатгина тоза оёққа қўллаш керак, акс ҳолда, бадбўй ҳид янада кучайиб кетиши мумкин.
Маълумот:
Инсонда 2 миллиондан ортиқ тер безлари мавжуд. Ўрта ёшли кишидан бир литр тер чиқиши оқибатида 540 ккалория йўқотилади. Эркаклар аёлларга нисбатан 40 фоиз кўп тер йўқотади.
Шаҳриёр ЖАЛОЛОВ ёзиб олди
Комментариев нет:
Отправить комментарий