ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 15 июля 2014 г.

Боланинг қулоғи нега оғрийди?


Cтатистик маълумотларга кўра, ЎРВИ билан хасталанган болаларнинг ҳар тўрттадан бирида отит касаллиги учрайди. Кўпчилик ота-оналар бу касалликка жиддий эътибор беришмайди.  Бироқ бу касалликка беэътибор бўлиш жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Айрим ҳолларда оналар дугонаси ёки қўшнисининг тавсияси билан отит касаллигини уйда хал­қона усуллар билан даволашади.  Бироқ шуни унутмангки, отит касаллигини уйда бу усулда даволаб бўлмайди.  Чунки касаллик ўз вақтида даволанилмаса, ноғора парданинг тешилиши кузатилади.
Бугун биз отит касаллиги тўғрисида энг кўп учрайдиган саволларга ойдинлик киритамиз.

1-Савол. Отит касаллигига бир кўришда ташхис қўйиш
мумкинми?
Аслида-чи?..                                                                                                                               
Отит касаллигига бирданига ташхис қўйиш осон эмас. Чунки отит касаллиги айрим ҳолларда бош­қача белгилар билан кузатилади. Масалан: қоринда оғриқ, безовталик, қорин дамлаши, ич кетиши, қусиш кузатилиши мумкин. Бу ҳолат эса қорин пардаси ва қулоқ бир асаб толаси билан таъминланишига боғлиқ.  Бу вақтда оналар «Фарзандимга бирор хил таом ёқмади», дея мажбурлаб фаол кўмир, смекта ва шунга ўхшаш дори воситаларини беришади. Натижада эса касаллик ривожланиб боради.
Қуйидаги белгилар кузатилганда шифокорга зудлик билан мурожаат этинг:
* Бола бошини оғриётган қулоғи томонга буради.
* Бола оғриётган қулоғи билан ётишга уринади. Чунки қулоқни иссиқ тутиш қулоқ оғриқларини пасайтиради. Шу боис, боланинг оғриётган қулоғини она танасига босиб, бир кўкракдан эмизиш буюрилади.  Агар болани иккинчи кўкрак билан эмизишга ўтказсангиз, бола йиғлаб безовталанади.
* Бола қулоғи қизариши, шу соҳада шиш пайдо бўлиши отит касаллигининг ўтиб кетганлигини, асорат қолдирганини билдиради.
2-Савол. Отит касаллигида антибиотиклар тавсия этилмайди?..
Аслида-чи?..
Кўпчилик ота-оналар гўдак фарзандига антибиотик беришни исташмайди. Уларни ҳам бир томондан тушуниш мумкин. Оддий тумовда антибиотиклар бермасдан даволаш мумкин. Бироқ отит касаллиги билан ҳазиллашиб бўлмайди. Чунки отит касаллиги тўғри даволанилмаса, эшитишнинг паса­йишига, касалликнинг сурункали шаклга ўтишига, менингит касаллигига олиб келади. Бундан ташқари, касалликнинг асоратланиши бола ёшига ва касалликнинг кечишига боғлиқ.  Агар боланинг ёши 3 ёшдан катта ва отит касаллиги енгил ўтаётган бўлса, антибиотиклар тавсия этилмайди. Бироқ бу ҳолатни, албатта, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал этиш лозим.
Агар боланинг ёши 2 ёшдан кичик бўлса, антибиотиклар берилиши лозим. Чунки 2 ёшгача бўлган болаларда қулоқдаги яллиғланиш жараёнининг бош мияга ўтиш эҳтимоли кучли бўлади.
3-савол. Қулоққа томизиладиган томчиларни дорихона ходими тавсияси билан ҳам олиш мумкинми?
Аслида-чи?..
Бундай қилиш ярамайди. Чунки ноғора парда тешилганда, бола ўзини бироз енгил ҳис қилади. Натижада қулоқдан йиринг кела бошлайди. Сиз эса бу ҳолатга ташхис қўя олмайсиз.  Дорихона ходими ҳам бу ҳолатдан бехабар, сизга ўзи истаган дори воситасини бериши мумкин. Бироқ шуни унутмангки, айрим қулоққа томизиладиган томчи дорилар қулоқдаги асаб толаларини ҳалок қилади.  Чунки бу пайтда ички қулоқ йўли бемалол очиқ бўлади. Кейинчалик аста-секин карлик ривожланиши мумкин. Шу боис,  қулоққа томизиладиган дори воситаларини дорихона фармацевти ёки дугоналар маслаҳати билан эмас, балки шифокор тавсияси билан харид қилиш лозим.
4-савол. Тумовни даволамаса ҳам бўладими?
Аслида-чи?..
Аслини олганда, отит касаллиги ва тумов биргаликда кузатилади.  Касаллик бошида тумов кузатилади, сўнгра отит бошланади. Бу ҳолатда оналар асосий эътиборни қулоққа қаратиб, тумовга эътибор беришмайди. Бу икки касалликни биргаликда даволаш лозим.
Бу борада оналарга маслаҳатлар:
* Бунда боланинг бурун тешикларини шиллиқдан тозалаш лозим.
* Катта ёшдаги болаларга бурун қоқишни ўргатинг.
* Бола бурнини оғзини очиб қоқиши лозим.
5-савол. Қулоқни иссиқ тутиш ёрдам берадими?
Аслида-чи?..
Ҳақиқатдан ҳам, қулоқни иссиқ тутиш ёрдам беради. Кунига икки мартадан компресс  қилиш яллиғланишнинг тезда барҳам топишига олиб келади. Компрессларни кундуз куни қилинг. Биоритмик соатга асосан кундузи қулоққа қилинган компресслар яхши ёрдам беради (тахминан соат 14:00-16:00).
6-савол. Боланинг қулоғига томизиладиган томчи дориларни қай ҳолатда томизиш лозим?
Бунда бола қулоқ супрасининг юмшоқ қисмидан ушлаб олиб, паст­га ва орқага тортилади. Сўнгра томчи дорилар томизилади. Устидан пахта ёпилади. Шундан сўнг, болани оғриётган қулоғини юқорига қаратган ҳолда ёнбош ётқизилади. Шу ҳолатда бола 3 дақиқа ётиши лозим. Қулоққа томизиладиган томчи дорилари иситилиши лозим. Бунинг учун пипеткага дори тўлдириб олингач, иситилади ва қулоққа томизилади. Дори сақланадиган флаконни ҳар сафар иситиш ярамайди. Акс ҳолда дори тезда яроқсиз аҳволга келади.
7-савол. Отит мавсумий
касалликми?!
Аввал шифокорлар отит касаллигини, асосан, кузда учрайди, деб ҳисоблашган бўлса, ҳозирда бу касаллик йил бўйи учраши кузатилмоқда. Айрим ҳолларда ёш болалар билан самолётда учиш уларда аэроотит ривожланишига олиб келади. Бунда атмосфера босими кескин ўзгариши натижасида,  боланинг қулоқлари аввалига шанғиллайди, сўнгра битади, бош айланиши, эшитувнинг пасайиши, қулоқларда оғриқ кузатилади.
Ушбу ҳолатда оналарга тавсиялар:
Каттароқ ёшдаги болаларга чайнаш учун сақич ёки сўриш учун конфет бериш лозим.
Болага оғзини каттароқ очиб эснаш буюрилади.
Оғиз ва бурунни ёпган ҳолатда нафас олиш буюрилади.
Касалликларнинг олдини олиш учун нима қилиш лозим?
ЎРВИ ва инфекцияларнинг қўзғатувчилари аввало, бурун бўшлиғи шиллиқ пардасига тушади.  Сўнгра улар 4-8 соат давомида кўпайиб, қонга тушади. Шу боис, яллиғланиш ҳолати келиб чиқишининг олдини олиш учун қуйидаги амалларга риоя қилишингиз тавсия этилади:
Кўчадан қайтиб келгандан сўнг бурун илиқ сувда чайилади.
Яллиғланиш касалликлари авж олган даврда (баҳор-куз) кўчага чиқиш олдидан фарзандингиз бурнига оксолин малҳами ёки вазелин суртинг.
Шу даврда болага таркибида аскорбин кислотасини кўп миқдорда сақловчи мева шарбатларини бериш буюрилади. Масалан: лимон, малина ва бошқалар

“Бекажон” рузномасидан

Комментариев нет:

Отправить комментарий