ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 16 июля 2014 г.

онамиз

Хадича розияллоҳу анҳонинг оламдан ўтиши

Пайғамбар алайҳис-салом қамалдан чиққанларидан кейин кўп ўтмай умр йўлдошлари Хадича разияллоҳу анҳо оламдан ўтди. Ҳали дини Ислом йўлидаги қийинчиликлар бартараф этилмаган, олдинда Мадина ҳижрати бор эди. Расулуллоҳ Хадичани кўп эслар эдилар, биринчилар қатори имон келтирган бу покиза зотнинг фазилатларини чуқур қайғу ва жон ўртагувчи андуҳ билан ёдга олардилар, муслима аёлларга ибрат қилардилар. Сарвари олам Иброҳимдан бошқа болаларининг ҳаммасини Хадичадан топган эдилар. Хадичадан туғилган тўнғич қизлари Зайнаб Исломдан аввал Абу Ос ибн Робиага никоҳланиб, улар Умома исмли қиз кўришган, Фотиманинг вафотидан кейин уни Али ибн Абутолиб иикоҳига олган эди. Усмон Расулуллоҳнинг Хадичадан топган қизлари Руқайя билан турмуш қуриб, Ҳабашистонга бирга кетишган, у вафот этгач, Мадинада Пайғамбар алайҳис-саломнинг бошқа қизлари Умму Кулсумга уйланган. Сарвари оламнинг кенжа қизлари Фотима Али ибн Абутолибга турмушга чиққан. Расулуллоҳнинг Хадичадан топган болалари бу оламдан жуда эрта кетишган. Отадан кейин қолган Фотима ҳам узоқ яшамаган.

Яқин ҳамдами, оғир дамларда маслаҳатгўйи, ўз қабиласидаги обрў-эътибори туфайли қалтис вазиятларда қалқон бўла оладиган суянчиғи Хадичанинг вафоти Расулуллоҳни қаттиқ изтиробга солди. У киши Хадичадан Қосим ва Абдуллоҳ исмли ўғиллар кўрганлар. Расулуллоҳга Қосим ўғилларининг исми билан ҳам мурожаат қилишарди.

Расулуллоҳнинг (с.а.в) Савдага уйланишлари

Хадича вафот этган ойда Пайғамбар алайҳис-салом омириялик Замъанинг қизи Савдага уйландилар.
Савда қариндош-уруғларининг қаттиқ норозилигига қарамай имон келтирган ва эри Сакрон ибн Амир билан қийин-қистовга олингач, Ҳабашистонга ҳижрат қилган аёл эди. Сафардан қайтгач, Сакрон ибн Амир вафот этиб, Савда тул қолди. Расулуллоҳ бу аёлни никоҳларига олиб, мушрик, қариндошларининг тазйиқидан, ҳар хил кимсаларнинг танаю маломатларидан сақлаб қолдилар. Қолаверса, у кишига имонли, Ислом саботи билан курашувчи бир ҳамдам зарур эди. Агар бу никоҳ бўлмаса, Савданинг қариндошлари уни диндан қайтаришга уринишар, бева аёл чорасиз қолиб, уларнинг йўриғига юриб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Бундан ташқари насл-насаби юқори Савда ўзига муносиб умр йўлдоши топгунча вақт ўтиб, қариб кетиши ва турмуш қуришга рағбати қолмаслиги ҳам мумкин эди.
Расулуллоҳнинг ҳар бир ишларида бошқаларнинг ақли бовар қилмайдиган ҳикмат бор.

Манба: Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул-йақийн” номли китоби

“Мухлис” уз сайтидан

Комментариев нет:

Отправить комментарий