Ревматизм – юракни “тишлайди”
Афсуски, кейинги йилларда болалар ўртасида ревматик касалликлар тез-тез учраб турибди. Аммо, шуни таъкидлаш лозимки, касалликнинг клиник манзараси сезиларли ўзгарган бўлиб, унинг фожиали кечиши амалий учрамаяпти, бундан ташқари, ушбу касалликнинг шакллари, юрак нуқсонларининг ривожланиши ва ўлим ҳолатлари камайган.
Ревматизм – бириктирувчи тўқиманинг шикастланиши, яллиғланиши билан кечадиган касаллик бўлиб, бу жараён ўткир инфекция билан боғлиқ ҳолда унга мойил бўлганларда асосан, болалар ва ўсмирларда ривожланади. Касаллик юрак-қон томир тизимида жойлашади ва катта ёшдаги аҳоли орасида меҳнатга қобилиятсизларнинг сонини оширади.
Бу касаллик ирсий мойиллик хусусиятига эга бўлиб, ота-оналарнинг бири ревматизм билан касалланган оилаларда болаларнинг кўпроқ хасталаниши бунинг исботидир.
Сурункали тонзиллит, яъни томоқнинг тез-тез оғриб, яллиғланиб туриши кузатиладиган болаларда ва бодомча безлари яллиғланиши (ангина) ўз вақтида даволанмай оёқда ўтказилгандан сўнг 10-14 кун ўтгач ревматизм бошланиши мумкин. Касаллик айнан болаларда катталардагига нисбатан анчайин ўткир ва оғир шаклда кечиб, қайталанишларга мойил бўлади ва кўпинча юракнинг жиддий шикастланиши билан намоён бўлади. Ревматизм асосан мактаб ёшидаги болаларни шикастлайди. Бола қанчалик кичик ёшда бўлса, унда касаллик шунчалик ўткир, анчайин оғир ва тарқалган шаклда кузатилади. Ушбу хасталик туфайли юракнинг орттирилган нуқсонларининг ривожланиши, хорея, полиартрит ва бошқа асоратлар учрайди.
Болаларда
ревматизмнинг ривожланишида уч даврни ажратиш мумкин: латент-яширин давр,
ревматик жараённинг ривожланиши даври ва қайталама ревматизмнинг клиник
синдромлари кечиши даври.
1. Латент-яширин
давр, оёқда ўтказилган ангина (бодомча безларининг яллиғланиши)дан сўнг 10-14
кун ўтгач бошланиб, 2-4 ҳафта давом этади. Бола ҳолсизланиши, тез чарчаши,
иштаҳаси пасайиши, кечқурунлари бироз иситмаси кўтарилиши мумкин. Баъзан
бўғимларда оғриқ, бош оғриши, юрак ўйнаши, ҳансираш каби касаллик белгилари
кузатилади.2. Касалликнинг клиник белгилари даврида беморда тана ҳароратининг 38-39° С гача кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, чарчаш, рангпарлик пайдо бўлади. Шу билан бирга бу даврда турли аъзо ва тизимлар шикастланади. Бўғимлар соҳасидаги тери остида майда, нўхатдек, қаттиқ, оғриқсиз “ревматик тугунчалар” ва яна терида четлари нотекис, пушти рангли, қайталанувчи ҳалқасимон шаклли тошма “ҳалқасимон эритемалар” кузатилади. Беморнинг юрак соҳасида оғриқ безовта қилади. Унинг юраги тез уради, оддий ҳаракатларда ҳам бола ҳансирайди, кўп терлайди. Бўғимларда оғриқ, шиш, қизариш кузатилади ва шу соҳада тери иссиқ бўлади. Ҳаракат чекланади. Ревматизмдан асаб тизими шикастланганда “кичик хорея” белгилари пайдо бўлиб, бола сержаҳл, кайфияти ва хулқ-атвори ўзгариб, беҳаловат, эътиборсиз бўлиб қолади. Унинг дастхати хунуклашади, хотираси пасайиб кетади. Бемор бола беихтиёр тартибсиз, беўхшов ва кераксиз ҳаракатлар қилади. Унинг кўзлари пириллайди, юз мушаклари тортилади. Натижада бола ўз-ўзига хизмат қила олмайди. Бола кийиниб-ечина олмайди, мустақил овқатлана олмайди. Шунингдек, бола юрганида туртиниб-суртиниб юради.
3. Қайталама ревматизм даври ушбу касалликнинг қайталаниб кечишида кузатилади. Бунда организмда иммунологик ва биокимёвий бузилишлар содир бўлиб, юракда яллиғланиш жараёни кучаяди. Касалликнинг ҳар бир кейинги қайталаниш даврида юракнинг шикастланиши тезлашади ва оғирлашади,унда нуқсонлар ривожланади. Ревматизмнинг қайталаниши ўткир бошланиши мумкин. Болада лоҳаслик, тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриши, бўғимларда кучли оғриқлар кузатилади. Беморда касалликнинг ҳар бир қайталанишида ҳансираш, юракнинг ўйнаши, чарчаш каби шикоятлар ҳам ортади. Яллиғланиш жараёни юрак мушакларининг янги бўлимларига тарқалади ва ревматизм яна янги бўғимларни шикастлайди.
Касалликнинг салбий оқибатини белгиловчи омиллар қуйидагилардир:
Ревматизм кечишининг оғирлиги, такрорий қайталанишлар, боланинг ёши, нотўғри ёки бевақт ўтказилган даво.
Агар ревматизмнинг давоси эрта ва албатта, стационар шароитида комплекс равишда, давомли (3-4 ойдан кам эмас) ўтказилса касаллик асоратсиз кечиб юракнинг ва бошқа аъзоларнинг шикастланиши кам кузатилади. Даво уч босқичдан иборат бўлиши керак. Яъни, бемор стационар шароитида даволаниб санаторий ва диспансерда шифокор назоратида бўлади. Стационардаги даво биринчи ва асосий босқич бўлиб, имкон борича кардиоревматология бўлимида ўтказилиши керак. Иккинчи босқич санаторийда бўлиб, даволанишнинг самарадорлиги бемор касалхонадан бевосита сиҳатгоҳга йўлланганида юқори бўлади. Учинчи босқич-диспансер кузатуви (поликлиникада даволаниш босқичи) бола сиҳатгоҳда маҳаллий педиатр ва кардиоревматолог кузатуви остига олинади.
Тиббиёт соҳасида шифокорлар орасида шундай ибора бор, яъни “ревматизм бўғимларни ялайди, юракни “тишлайди” ”. Оддийгина кўринган касаллик – бодомча безларининг яллиғланиши (ангина)ни ўз вақтида даволатмаслик хасталикнинг тез-тез қайталаниши сабабли касалликнинг сурункали тури-сурункали тонзиллитни келтириб чиқаради. Оқибатда ревматизм ривожланишига кенг йўл очилади. Ревматизмни ўз вақтида даволатмаслик эса юрак пороги (нуқсони)ни келтириб чиқаради.
Феруза ОҚИЛОВА,
Тошкент шаҳри 4-сон Болалар шаҳар клиник шифохонаси бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди
Комментариев нет:
Отправить комментарий