Абдулла Орипов
САРҲАДЛАР
Кимсага баҳо бериш илинжида юрганлар,
Энг аввал ўз-ўзига боқишлари керакдир.
Қадимий боболар ҳам минг ўйлаб бир деганлар:
Ҳар кимнинг гўри бошқа, азроили бўлакдир.
Қанчалик ишинг бордир ҳаётим билан, эй ёв,
Сени тангри теппамга посбон қилиб қўйганми?
Ўз тушим ўзимники, гоҳ отлиқман, гоҳ яёв,
Мен еган бурда нондан сенининг қорнинг тўйганми?
Муқаддас сарҳадлар бор инсоннинг ҳаётида,
Уларни босиб ўтиш одамликка ёт эрур.
Қанча-қанча сир яшар ҳар кимнинг бисотида,
Шул сабаб у ИНСОНДИР, шул сабаб у ЗОТ эрур.
Кимга муҳаббат қўйиб , кимга нафрат билдирмоқ,
Нафас олиш сингари ихтиёрий жўн бир гап.
Афсонавий девлар у - қўлларида уртўқмоқ,
Ўтган-кетган бандани ўзича юрган тергаб.
Мана бу булоқ менга ғоятда ёқиб қолмиш,
Мана бу шаббода ҳам менга ғоят аломат.
Сенинг эса хушингни, дейлик, денгизлар олмиш,
Йўлингдан сира қолма, жонинг бўлсин саломат.
Азизим, дил қасрига бесўроқ кира кўрма,
Унда қўш-қўш илонлар, аждаҳолар ётади.
Сен бировни топтай деб беҳудага от сурма -
Ҳар кимнинг ўз қуёши ўз уфқига ботади.
Ўз уйинг, ўз тўшагинг ўз-ўзингга буюриб,
Ўз фарзандинг, ўз ёринг бўлаверсин сеники.
Хоҳла тингла хоҳлама - кетавер қандинг уриб,
Ихтиёр сеникидир, бу шеър эса меники.
1987.

Комментариев нет:
Отправить комментарий