ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 30 августа 2019 г.

Ўзлари, агар ортларидан заиф зурриёт қолдирсалар

4-9. Ўзлари, агар ортларидан заиф зурриёт қолдирсалар, улар ҳақида хавотирланадиганлар (бошқалар ҳақида ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳга тақво қилсинлар ва тўғри сўз айтсинлар.
Бу ояти каримани тафсирчи уламоларимиз икки хил таъвил қилганлар. Иккови ҳам тўғри. Иккови ҳам бир-бирини тўлдириб, ояти кариманинг маъносини янада ойдинлаштиради.
Биринчи таъвилга биноан, отаси ўлиб, етим қолган болаларни оталиққа олган одам ўша етим болаларнинг ўрнига ўз болаларини қўйиб, тасаввур қилсин.
«Ўзлари, агар ортларидан заиф зурриёт қолдирсалар
, улар ҳақида хавотирланадиганлар (бошқалар ҳақида ҳам) қўрқсинлар».
Гўё унинг ўзи вафот этиб, ортида заифҳол болалари қолганини ўйлаганда қандай қўрқса, қўлидаги етим болаларга ҳам шундай назар билан қарасин, деган маъно чиқади. Бунда етимларни оталиққа олган кишида оталик меҳрини қўзиш билан унинг етимларга бўлган раҳм-шафқати зиёда қилинмоқда. Шу билан бир вақтда
«Бас, Аллоҳга тақво қилсинлар ва тўғри сўз айтсинлар», – деб Аллоҳ таолога тақво қилишга ҳам чорланмоқда.
Иккинчи таъвилга биноан, оятдаги амр ўлим тўшагида ётиб, васият қилаётган одам олдида гувоҳ сифатидами ёки бошқа бир сабабданми, ҳозир бўлган кишига қаратилган. Агар васият қилувчи меросхўрларга зарар етказадиган васият қилса, мисол учун, «Ҳамма молимни фалон нарсага сарфланглар», деса, ёнида турган одам васият қилувчининг ортидан қолаётган болаларини худди ўз болаларидек тасаввур қилсин-да, унга насиҳат қилиб, меросхўрларга зарар келтирадиган васиятдан воз кечишга ундасин.
Имом Бухорий ва имом Муслимларнинг ривоят қилишларича, Набий алайҳиссалом касал ётган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни кўргани кирдилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
– Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор. Битта қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг учдан иккисини садақа қилсам майлими? – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Йўқ, – дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу:
– Ярмини-чи? – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Йўқ, – дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу:
– Учдан бирини-чи? – деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Учдан бири майли. Учдан бири ҳам кўп, – дедилар. Сўнгра эса: –Меросхўрларингни бой қолдиришинг уларнинг камбағал бўлиб, одамлардан тилаб юришларидан яхшидир, – дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шариатда ўлим олдидан қилинган васият учдан бирдан бошқасига таъсир қилмаслиги ҳукми жорий этилган. Яъни бир одам молининг учдан биридан кўпини бирор ишга, ҳатто хайрли, ижобий ишга сарфлашни васият қилган бўлса ҳам, унинг васияти фақат молининг учдан бирига ўтади, холос.

Комментариев нет:

Отправить комментарий