Abduqadir Sattarov, [02.04.19 08:22]
Сувларнинг султони Замзам – Роббининг синовига дуч келиб, қаҳраган чўлда чорасиз қолган Ҳожар ва Исмоил алайҳиссаломга Аллоҳ таоло эҳсон этган муборак сув.
Ҳожар онамиз ёш гўдаги Исмоил (алайҳиссалом) билан чўлу биёбонда сувсиз ва озуқасиз қолган вақтда Сафо тепалигига чиқиб ўғли Исмоилга Аллоҳ таолодан сув етказишни сўраб дуо қилади. Сўнгра ундан тушиб Марва тепалигига йўл олади ва унинг устига чиқиб дуо қилади. Етти марта иккаласи орасида шундай ҳаракат қилади. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом)ни юборади ва у замзам қудуғи ўрнини ишқайди ва ўша жойдан сув отилиб чиқади, яъни замзам қудуғи пайдо бўлади.
Замзам қудуғи халифа Муътасимнинг давригача усти очиқ бўлган. Кейинроқ усти ёпилган. Аббосийлар халифалиги даврида Замзам суви қудуқдан тортиб олиниб усти очиқ ҳовузларга қуйиладиган бўлган. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар ўрнатилган ва замзам одамларга мешкобларда тарқатилган.
Ҳижрий 1377 йилда тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам қудуғи устига қурилган бино пастга олинган ва унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилган. Ҳижрий 1399 йилда Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метр олтмиш сантиметр бўлган.
Ҳижрий 1383 йилдан бошлаб замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилган. Ҳозирда Марва тепалигининг остида замзамни тўплайдиган ва уни совутадиган марказ ташкил қилинган. Совутиш учун замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Замзам сувидан миллионлаб ҳожилар ва умрачилар олиб кетишади ҳамда доимий равишда Мадинаи мунаввара ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига тўхтовсиз равишда ташиб турилади. Уламолар кичкина бир қудуқдан шунчалик кўп сув чиқиб туришининг ўзи ҳам катта мўъжизадир – дейдилар.
Замзам сўзига луғавий жиҳатдан тўрт хил маъно берилган:
1. Кўп. Яъни ушбу қудуқнинг суви кўп бўлгани учун “замзам” (кўп) деб номланган;
2. Тўпланган. Яъни Ҳожар онамиз ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда сувга қараб: — Эй муборак сув “зам, зам” (тўплан), – деган. Сув ёйилиб кетмасдан тўпланиб қолган. Шундан ўша “тўхта-тўхта” маъносидаги “замзам” сўзи унга ном бўлиб қолган;
3. Тўсилган. Яъни ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда Ҳожар онамиз тупроқ билан унинг атрофини тўсиб чиққан. Шундан ўша “тўсилган” маъносидаги “замзам” сўзи унга ном бўлиб қолган;
4. Замзам. Яъни замзам номи бошқа бирор маънодан олиниб унга ном бўлиб қолган эмас.
Истилоҳда эса замзам деганда Масжидул ҳаромдаги машҳур қудуқдан олинадиган сув тушунилади. Замзам суви чиқиб турадиган қудуқ Байтуллоҳнинг ҳажарул асвад бурчаги қаршисида, яъни Каъбадан 21 метрча ғарб томонда жойлашган.
Унинг ўрни Журҳум қабиласи томонидан кўмиб юборилганда Исоф ва Ноила бутларининг орасида бўлган. Кейинчалик унинг ўрнини Абдуллмутталиб ибн Ҳошим тушларида кўриб, кавлашга буюрадилар. Баъзи ривоятларга кўра, унинг 12 та номи бўлган. Фақиҳий Макка Шайхларидан ривоят қилиб айтадиларки: “Замзамнинг бир қанча номлари бўлиб, улар: Замзам, Ҳазмату Жибрийл, Барака, Саййида, Нофиа, Мазнуна, Авна, Бушро, София, Солима, Ҳарамийя, Марвийя, Тийба, Тоаму туъм, Шифау суқмлардир”. Замзам сувининг сифатлари-хусусиятларига кўра номлари ҳам кўп учрайди деганлар ҳам бўлиб, айримлар уни 66 тагача санаган экан.
Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. Унда очга таом, касалга шифо бордир”, — дедилар” (Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло замзам сувини Исмоил (алайҳиссалом)га ва у зотнинг оналарига таом ва ичимлик қилиб берган. Шунга кўра бу сувда ана шу хусусият бор. Бунга Абу Зар Ғифорий (розияллоҳу анҳу)нинг Маккада бир ой бирор озуқасиз фақат замзам ичиб яшаганлари далил сифатида ривоят қилинган.
Уламолар замзамнинг кўплаб хусусиятларини баён қилганлар:
— Замзам қудуғи суви ҳеч қачон қуриб қолмаган;
— Замзам суви таркиби ҳеч қачон ўзгармаган;
— Замзам суви таъми йиллар давомида ўзгармай туради;
— Замзам суви уни ичган кишини тетиклаштиради;
— Замзамни жунублик, ҳайз ва нифосдан покланиш учун ғусл қилишда ишлатиш ёки истинжо қилишда ишлатиш одобсизликдир;
Abduqadir Sattarov, [02.04.19 08:22]
— Замзам дуо ижобат бўлишига сабаб бўладиган сувдир;
— Тўйиб-тўйиб ичиш суннат ҳисобланадиган сувдир;
— Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир.
Дарёда ё қудуқда турган сувларни сотиб бўлмайди. Аммо биров улардан идишга олиб ўзининг мулкига айлантирган бўлса, ўша идишдагини сотиш жоиз бўлади. Шунга кўра замзамни ҳам қудуғида турган вақтда сотиб бўлмайди. Аммо ундан бирор идишга олиб ўзининг мулкига айлантирган киши уни сотиши жоиз бўлади. Шунинг учун замзамни турли шаҳарларга олиб бориб сотиш мумкин ҳисобланади.
Ҳаж ва умра қилувчилар замзам ичишлари мустаҳаб ҳисобланади. Замзам ичишда тўйиб-тўйиб ичиш суннат бўлади. Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Абу Бакрдан ривоят қилинади: “Ибн Аббоснинг ёнида эдим. Бир киши кириб келди. Ибн Аббос ундан: “Қаердан келаяпсан?” деб сўради. У: “Замзамдан” деб жавоб берди. Шунда у зот: “Одобларига риоя қилиб ичдингми?” деб сўради. У: “Унга қандай риоя қилинади?” деди. У зот: “Замзам ичмоқчи бўлсанг, Каъбага юзланасан, Аллоҳни зикр қиласан, учга бўлиб ичасан, тўйгунингча ичасан, ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтасан”, – деди.
Замзам сувини ичиш олдидан Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) замзам ичиш олдидан ўқиган қуйидаги дуо ўқилади: “Эй Аллоҳим, Сендан манфаатли илм, кенг ризқ ва барча касалликлардан шифо сўрайман”. Уламолар замзам ичишда бошқаларнинг ҳаққига дуо қилиб ичиш ҳам мумкин деганлар.
“Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бир челакда замзам олиб келдим, у Зот тик турган ҳолда ичдилар”. “Саҳиҳ Бухорий”да қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Али (розияллоҳу анҳу) тик турган ҳолда ичиб: баъзи инсонлар тик турган ҳолда ичишни ёқтиришмайди, ваҳоланки, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни менинг ҳозир қилганимни кўрганларингдек қилганларини кўрганман”, – деди. Шунинг учун бўлса керак ўлкамизда Замзамни тик туриб қиблага қараган ҳолда ичиш одат бўлган.
БОШҚАЛАРГА ҲАМ УЛАШИНГ !!!
Сайтда👉 www.malhamuz.blogspot.com телеграмда👉
@malhamuz 💞🙏🏼✨🌙
Комментариев нет:
Отправить комментарий