Трамадол ва лирика аслида қандай дори?
Нима учун уларнинг ёшлар ўртасида истеъмоли кўпаймоқда?
Тиббиётда тўғри қўлланилган дори-дармонлар одамларнинг дардига даво бўлиши исботланган. Шу боис бу соҳа давлат муҳофазасига олиниб, тегишли қарор ва фармонлар билан назорат қилинади. Аммо шундай дори воситалари ҳам
борки, улар бемор руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, аҳволини янада оғирлаштиради. Шифокор рецептисиз берилмайдиган бундай маҳсулотларни ноқонуний сотиб, пул топишга уринаётганларнинг қилмишлари эса фош этилмоқда.
Ўйламай босилган қадам фалокатга элтади
Алишер кўпдан буён таркибида опий гуруҳига мансуб гиёҳванд модда ташувчи трамадол дори воситасини истеъмол қилиб келарди. Аммо тайинли жойда ишламагани учун бора-бора дори сотиб олишга пул тополмай қолди. Нима қилишга боши қотган йигит «таблетка» савдосига аралашди.
Кўп ўтмай, мўмайгина даромад ҳам орттира бошлади. Энди Алишер дори тақчиллигидан азият чекмасди. Аммо ҳали ўттизга ҳам тўлмаган «қаҳрамонимиз» дори истеъмол қилишнинг охири вой бўлиши, қилаётган ҳаракатлари эса жиноят эканини хаёлига ҳам келтирмади. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деганларидек, Алишер ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Буюк Ипак йўли» метро бекати ёнида кўп миқдордаги трамадол дори воситаси билан қўлга олинди. Суд ҳукмига кўра, унга икки йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
10 ёшли бола лирикани қаердан олди?
Айтиш керакки, Алишерга ўхшаган «олибсотарлар» туфайли қанчадан-қанча ёшлар, ўсмирлар, борингки, болалар ҳам гиёҳванд модда ташувчи дори воситаларига ўрганиб қолишмоқда. Буни ўтган йили Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи 3-синф ўқувчисига психотропик дори воситаси сотилгани ҳам тасдиқлайди.
Ёки бўлмаса, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент фармацевтика институтининг беш нафар талабаси психотроп моддалар савдоси билан шуғуллангани учун жавобгарликка тортилди. Келгусида саломатлик ҳимоячилари бўлиши кутилаётган, бу дориларнинг зарари тўғрисида тўлақонли маълумотга эга бўлган шахсларнинг психотроп моддалар савдоси тегирмонига сув қуяётгани янада ачинарлидир.
Қонунчилик нима дейди?
2018 йилда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, психотроп моддалар ҳисобланган трамадол, лирика дорилари гиёҳванд моддалар таркибига киритилди. Ушбу дори воситаларининг ноқонуний сотилишининг олдини олиш бўйича профлактик тадбирлар кучайтирилди.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 2018 йилда психотроп моддаларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ мингга яқин ҳолат аниқланиб, бир ярим мингдан эиёд фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 100 килограммга яқин психотроп моддалар олиб қўйилган. Жорий йилнинг ўтган икки ойи давомида ўтказилган рейдлар натижасида яна 250 га яқин ана шундай ноқонуний савдо ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
* * *
Юқоридаги статистикадан ҳам маълумки, юртимизда психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириш мунтазамлик касб этган. Бу борадаги ишларни янада жонлантиришни эса бугунги куннинг ўзи тақозо этаётир. Бизнинг-ча, бу иллат билан курашиш йўлида давлат ташкилотлари билан бир қаторда, жамоатчилик ҳам доимо сергак бўлиши лозим. Жиноятларга қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси, дея лоқайдликка берилмаслигимиз, ҳамиша ҳушёр бўлишимиз, ён-атрофимиздагиларни огоҳликка чорлашимиз керак. Зеро, ёш авлоднинг бундай балоларга муккасидан кетишига томошабин бўлиб ўтириш келажагимиз илдизига болта уриш билан баробар.
Malham Uz, [05.04.19 10:07]
Маҳмуд ИБРОҲИМОВ,
Тошкент шаҳар Наркология диспансери шифокор- наркологи:
Лирика дори воситаси таркибида прегабалин моддаси бор. У одатда тутқаноғи бор беморларга тавсия этилади. Дорининг дозасини кўпайтириш оқибатида унга қарамлик, тобелик ҳолати юзага келади. Унга ўрганиб қолганлар бора-бора уни ичмаса, тутқаноқ тутгандек қалтирай бошлайди. Дастлаб бир суткада битта таблетка истеъмол қилган шахс, кейинчалик ўн-ўн бешта, маълум муддатдан сўнг элликтагача дори истеъмол қилиш даражасига етиб боради. Дори нерв толаларига таъсир ўтказгани боис ҳаракатлари сусаяди.
Трамадол ҳам кучли оғриқ қолдирувчи дори воситаси ҳисобланади. Уни мутахассислар онкологик хасталиклар ва операциядан кейинги ҳолатларда тавсия этади. Аммо шифокор томонидан бемор танасида трамадолнинг дозаси ошиб кетмаслиги учун 10-20 кунда бошқа дори воситалари билан алмаштирилади. Кўчадан ноқонуний сотиб олаётганлар эса унинг меъёрини билмайди. Аввалига у шунчаки оғриқ қолдиради, бироқ унга ўрганиб қолгандан сўнг истеъмол қилмаса, бўғимлар ва суякларда кучли оғриқ туради. Инсон табиатида жаҳлдорлик, агрессивлик, уйқусизлик, ҳолсизлик ҳолатлари кузатилади. Бепуштлик ва яна бир қатор касалликларни келтириб чиқаради.
Қайд этиш керакки, лирикани сотиш тақиқлангандан сўнг унинг эквиваленти сифатида бошқа номдаги хапдорилар пайдо бўлди. Уларнинг барчасини аниқлаш ва тақиқ қилишнинг имкони йўқ. Трамадолга ҳам таъқиб кучайгач, одамлар бошқа оғриқ қолдирувчи дори воситаларини кўпроқ дозада синаб кўра бошлади. Кўз оғриғини қолдирувчи баъзи дориларни бурунга йўналтириб, нотўғри мақсадларда фойдаланмоқда. Тўғри, ҳозирча бу инсонларнинг сони кўп эмас. Аммо назоратни янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.БИЗГА ҚЎШИЛИНГ📌 🌷 ☝🏻 Мақола ёққан бўлса Дўстларингиз билан бўлишинг
- Фойдали ва саломатлигиз учун керакли канал😻💞. Ранг баранг хабарлар ,турли касалликлар ва уларни олдини олиш. Яқинларингизга улашинг ,Сизлар билан доим Каналга уланиш учун линкни устига босинг👇
телеграмда 👉 @malhamuz ёки cайтда👉👇
www.malhamuz.blogspot.com
🌹
🌿🥀🌹🌺 💞🙏
Комментариев нет:
Отправить комментарий