“ШУ ЮРТНИНГ БАХТИЁР ФУҚАРОСИМАН!”
Андижон вилоятининг Хонобод, Қорасув шаҳарлари, Пахтаобод, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Булоқбоши, Марҳамат каби қатор туманлари қўшни Қирғизистон Республикасига чегарадошдир. Ўзбек ва қирғиз миллати вакиллари бу ҳудудларда туб этник халқлар сифатида азалдан ягона мақсад йўлида бир маҳалла, бир жамоа, қуда-анда, қавму қариндош бўлиб яшаб келмоқдалар. Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасининг Ўш, Жалолобод вилоятлари аҳли билан ҳам асрлар давомида биродарлик ришталари
шаклланган бўлиб, ҳудуд жиҳатидан ҳам бир-бирига туташиб кетган шаҳар, қишлоқларни биргина ариқ ёки озгина адирликлар ажратиб туради, холос.
Қорасув асли яхлит шаҳар бўлиб, шаҳарнинг ярми Ўзбекистонга, ярми Қирғизистонга қарайди. Ўртадан оқиб ўтадиган Қорасув дарёси - чегара. Ҳа, аввал бу чегаралар шунчаки расмий ҳужжатлар учун керак эди. Кейинги йилларда эса бир-бири билан ҳамжиҳат халқни темир девор иккига ажратиб, анча қийин руҳий кечинмалар гирдобига отган эди...
Барча чегара ҳудудларимиздаги каби Қорасув шаҳрининг ҳам бу қисмидан у қисмига, у қисмидан бу қисмига келин бўлиб тушганлар табиийки кўп эди. Андижон шаҳрига келин бўлиб тушаётганида Маликахон узоқ йиллар давомида фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида ҳуқуқлари чекланиб, ўксиниб, кутиб, яқинлари - ўз ота-онасию қавму қариндошлари билан ҳудди икки оламдагидек айро яшаши мумкинлигини, албатта, билмаган эди...
1993 йилнинг июнь ойида андижонлик ҳисобчи йигит Олимжон Маҳмудов билан турмуш қуриб, фамилияси ўзгарган Маликахон тез орада янги паспорт олди. Ўш педагогика билиб юртини тамомлаб, туғилган шаҳри – Қорасувдаги мактабда тўрт йил ишлаб, анча тажриба орттирган муаллима шу йилиёқ Андижон шаҳридаги 2-гимназияга, бугунги кунда 35-давлат ихтисослаштирилган мактабига айланган таълим даргоҳига ишга қабул қилинди.
1997 йилда Ўзбекистон фуқаролари эски совет иттифоқи берган паспортларини янгилаётганларида Малика Маҳмудова ҳам эски паспортини топширди-ю, янгисини олишга эришолмай, ФБШ – “фуқаролиги бўлмаган шахс”га айланди...
Бу орада турмуш ўртоғи Андижон давлат университетининг иқтисод факультетига ўқишга кирди. 2000 йилда Маликахон ҳам мазкур университетнинг бошланғич таълим ва мактабгача тарбия факультети талабаси бўлди. 2005 йилда бакалавр дипломини олган Маликахон университетнинг она тили ўқитиш методикаси йўналиши бўйича магистратурасига қабул қилинди.
Магистрлик дипломи билан ўз меҳнат жамоасида фаолиятини давом этдира бошлаган Маликахонда ҳамма нарса бор эди: севимли иши, аҳил педагогик жамоаси, шириндан шакар фарзандлари, оилавий бахт, эътибор, ҳурмат. Меҳнат жамоасида обрўга эришди, жамиятда ўрнини топди, маҳалла-кўй, элу юрт ишончини оқлашга ҳаракат қилди, қайнона-қайнотасининг хизматида бўлиб, дуо олди. Турмуш ўртоғи билан икки ўғил, бир қизни илмли, одобли қилиб тарбиялаб, вояга етказишди.
Аммо уни ҳамиша ё туғилган юртининг ё турмушга чиққан юртининг қонуний фуқароси эмаслиги ўкситарди. “Сайлаш ва сайланиш, давлат мукофотлари олиш ҳуқуқим бўлмасаям яхши яшаяпман-ку, севимли меҳнат жамоам бор, шукр. Аммо, бунинг охири қандай бўларкин? Наҳотки дунёдан “фуқаролиги бўлсаган шахс”лигимча армон билан ўтиб кетаверсам...”, - деб қўярди ўзига ўзи.
2005 йилда Маликахоннинг онаси, узоқ йиллар халқ таълими соҳасида хизмат қилган Мунаввархон ая олтмиш беш ёшида ёруғ оламни тарк этди. У йиллари чегарадан фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам ўтса бўларди. Борди, онасини сўнгги йўлга кузатди. Аммо, бундан ҳам оғриқли, аламли дамлар олдинда эди: бирдан Маликахон учун она шаҳрига бориш йўллари, онаси қабрини зиёрат қилиш, отаси ҳолидан хабар олиш йўллари бутунлай ёпилди! Биргина ариқ ажратиб турган чегарадан эмас, бошқа қонуний йўллар орқали айланиб, қизини кўргани келишга эса Қирғизистон фуқароси бўлган кекса Асад ота ярамас эди...
2012 йилда бир неча йиллардан буён жигарбандини кўролмай кўзлари йўлда қолган ота дийдорни қиёматга қолдириб, саксон ёшида бандаликни бажо келтирди. Фуқаролиги бўлмаган шахс – Маликахон учун сўнгги дийдор йўли ҳам очилмади. Бузруквори ҳаққига тиловат қилиб, Яратгандан сабр тилашдан бошқа чораси йўқ эди унинг. Бу жуда оғир қисмат эди. Орада бўлса агар 40 чақирим йўл бор холос. Тақдирнинг бешафқатлигимиди, ёки аччиқ синовимиди бу?!
Ҳар беш йилда ФБШ гувоҳномасини янгилатиш учун паспорт столига борганида кейинги беш йил келгунича бирор янгилик бўлиб қолишидан умидини узмаган Маликахон фуқароликни олиш мақсадида 2000 ва 2005 йилларда бир талай ҳужжатларни тайёрлаб, ОВЕРга топширди. Ижобий жавоб беролмаган мутасадди ходим унга раҳми келиб, Россия давлати бошқа юртда яшовчиларни ҳам мурожаатига асосан фуқароликка қабул қилиши мумкинлиги ҳақида гапириб қолди. “28 давлатга, жумладан она юртингизга бемалол бориб кела оласиз, бир ойда паспорт қўлингизга тегади”, - деди у. “Ё тавба мен ўз келин бўлиб тушган, шунча йиллик онгли ҳаётим давомида яшаб келаётган, фарзандларим, турмуш ўртоғимга Ватан бўлган юртда яшаб туриб, Россия фуқаролигини оламанми! Ёруғ юз билан бир куни ўз юртим фуқаролигини олиш насиб этар”, - Маликахон сабр қилди.
Бор куч-қувватини севган касбига сарфлади. Таълим сифатини юқори босқичга кўтариш, дарс сифатини ошириш, янги педагогик тажрибаларни ўрганиш ва тарғиб қилиш, оммалаштириш, ўқувчиларни фанларга қизиқтириш, шунингдек иқтидорли ва изланувчан ўқувчиларни аниқлаб, рағбатлантириш, уларнинг ижодий фаолликларини кучайтириш борасида мунтазам равишда изланишлар олиб борди.
2009 йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг шаҳар ва вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди. 2010 йилда эса “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритди. 2011 йилда Республика халқ таълими вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” нишони билан тақдирланди.
Ёш авлод таълим-тарбиясига самарали ҳисса қўшганлиги, инновацион ва илғор педагогик технологияларни таълим жараёнида қўллаганлиги, таълим сифатини юқори босқичга кўтаришга ҳисса қўшганлиги ҳамда фан ойликларида фаол иштирок этганлиги учун 2011, 2012, 2013, 2014 йилларда Халқ таълими Вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди. Турли йилларда ўтказилган танловларда “Энг мазмунли дарс ишланма муаллифи”, “Энг яхши тадбир ташкилотчиси”, “Энг яхши мақола муаллифи” номинациялари бўйича ғолиб деб топилиб, Андижон вилояти халқ таълими бошқармасининг ҳамда Андижон шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг диплом ҳамда фахрий ёрлиқларини олишга муваффақ бўлди.
2013 йилда “Обод юртнинг соғлом авлодлари” шиори остида ўтказилган спорт мусобақасида Малика Маҳмудова икки нафар ўқувчиси билан иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, унинг бир нечта ўқувчилари “Ёш иқтидор эгалари”, “Ифодали ўқиш”, “Чиройли ёзув” каби танловларда муваффақиятларга эришди.
Маликахон ҳар бир дарсни ўзига хос тайёргарлик, янгича ёндашув, янгича услубда ўтишга ҳаракат қиларди. Ўқувчиларга пухта билим беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Малика Маҳмудованинг дарслари услубий жиҳатдан пишиқлиги, ўқувчидаги бор қобилиятни юзага чиқаришга қодирлиги билан ҳамкасблари учун ўрнак бўла олди, талабчан, интизомли, зукко педагог сифатида эътироф этилди, тинмай изланди, сидқидилдан ҳалол ишлади ва бошқаларни ўзига эргаштира олди.
Маликахоннинг ноанъанавий дарслари, тадбирлари Ўзбекистон телеканаллари орқали бир неча марта ёритилди, мақолалари “Зиё”, “Маърифат” газеталарида, “Бошланғич таълим” журналида эълон қилинди. “Бола хато қилиш орқали ўрганади”, “Олма ортидаги топшириқ” , “ Бизнинг ҳуқуқ ва бурчларимиз”, “Мажлисга келган ота-она изза бўлиб кетмасин, аксинча иштиёқ билан қайтсин” номли методик мақола ва намунавий дарс ишланмалари шулар жумласидандир.
2010-2013 йилларда Малика Маҳмудованинг илғор иш фаолияти туман, шаҳар ва республикада оммалаштирилди. 2013 йилда бошланғич синф ўқитувчилари учун “Ўқитувчига ёрдам” номли методик қўлланмасини жорий этди. 2014 йилда «Бошланғич таълим сифати ва самарадорлигини ошириш: муаммолар ва ечимлар» мавзусида ўтказилган республика илмий конференциясида методик мақоласи билан иштирок этди.
У Андижон вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтини
нг бошланғич таълим методикаси кафедраси билан доимий ҳамкорликлар олиб борди. Тингловчилар учун бошланғич таълим фанини ўқитиш методикаси, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш соҳасидаги тажрибалари борасида мунтазам машғулотлар ўтказди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Маликахон фаолият юритаётган Андижон шаҳар 35-давлат ихтисослаштирилган мактаби вилоятда “Маҳорат мактаби” деб белгиланди ва Малика Махмудова бошланғич таълим фанидан вилоят тренер ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бориб, қатор семинарлар ташкил қилди.
Малика Маҳмудова ўқувчилар ўртасида “Энг билимдон ўқувчи”, ”Китобсевар ўқувчи”, “Чиройли ҳуснихат эгаси” каби номинацияларни жорий қилиб, ёш иқтидор эгаларини доимий рағбатлантириши натижасида ҳар йили ўтказиладиган “Билимлар беллашуви” танловининг синовларида ўқувчилари ҳамиша совринли ўринларни эгаллади. Халқ таълими тизимида кўп йиллик самарали меҳнати билан жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.
Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни фуқароликка қабул қилиш ҳақидаги Президент қарори Маликахонни бутунлай бошқа одамга айлантириб қўйган эди. Энди у ўз уйида меҳмондек яшамайди. Энди “Ўзбекистон фуқаролари” деган фахрли атама унга ҳам тегишли бўлади!
Малика Маҳмудованинг 2016 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига ёзган хати ўрганилиб, унга мутасаддилар томонидан керакли ҳужжатларни топшириши мумкинлиги айтилди. Декабрь ойида керакли барча ҳужжатларни тайёрлаб, ўзи муқим яшаётган Андижон шаҳридаги паспорт столига топширди. Топширди-ю турли фикрлар уни қамраб олганди. Чунки унга узоғи билан бир йил ичида жавоб келишини, жавоб эса қандай тарзда бўлиши номаълумлигини айтишган эди...
2017 йил 28 ноябрь кунги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан Маҳмудова Малика Асадовна Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг қўлидан фуқаролик паспортини олар экан, Маликахоннинг қалбини кучли ҳаяжон қоплаганди. Кўзларида қувонч ёшлари, ҳаммаси тушга ўхшарди.
- Уйимизга участка нозири келиб, розилик хати келганини айтганида кўз ёшларимни тўхтатолмай қолдим. Тушдан сўнг суратга тушгани бордим ҳамки ўзимга ишонмасдим. Паспортим қўлимга тегмагунча шундай ҳолат бўлди менда. Аллоҳга шукр, шу кунларга етдим. Ёруғ юз билан мен ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлдим! Президентимизнинг назаридан халқимиз юрагидаги бирон бир оғриқли нуқталар четда қолмаётгани, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари қонун ва қарорлар билан ҳимоя қилинаётганлиги муҳим тарихий воқеалардир. Шу кунгача мен учун азиз бўлган она Ўзбекистонга қўлимдан келганича муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қилган бўлсам, бундан буён янада ғайрат-шижоат ва катта масъулият билан сидқидилдан хизмат қилишни ўз олдимга улуғвор мақсад қилиб қуйдим. Ўз севимли касбимга содиқ равишда ёш авлодни ватанпарвар қилиб тарбиялаш билан бирга фарзандларимни ҳам эл корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб етишиши учун бор имконимни ишга солишни муқаддас бурчим деб биламан, - деди Маликахон бир билан суҳбатда.
Малика Маҳмудова турмуш ўртоғи Олимжон Маҳмудов билан бирга икки ўғил бир қизни тарбиялаб, вояга етказмоқдалар. Олимжон ака Андижон давлат университетининг бош ҳисобчиси вазифасида узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келмоқда. Тўнғич фарзандлари Ойбек Маҳмудов ҳозирда Тошкентда иқтисодиёт университетининг молия иши йўналишида магистратурада ўқийди. Қизи Азизахон Маҳмудова Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицейнинг иккинчи босқич ўқувчиси. Кенжа фарзанд Асилбек Маҳмудов Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабининг 9-синфида таҳсил олади. Маликахон ўзи айтганидек, чиндан ҳам у бахти бекам юртдошларимиздан:
- Ўзимни ҳақли равишда касбимдан, оиламдан бахт топган инсон, бахтли она, бахтли рафиқа, бахтиёр Ўзбекистон фуқаросиман, дея оламан! Юртимиз тинч бўлсин, жонкуяр Юртбошимиз бошчилигида халқимиз ҳамжиҳатликда барча орзуларига эришсин!
ХУРШИДА ВАҲОБЖОН ҚИЗИ
Комментариев нет:
Отправить комментарий