ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 6 февраля 2018 г.

Кундалик зикрлар: ташаҳҳуд дуоси

Кундалик зикрлар: ташаҳҳуд дуоси
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ташаҳҳуди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиганимизда (ташаҳҳудда ўтирган чоғимизда): “Аллоҳга бандаларидан салом бўлсин! Фалончи, фалончи фаришталарга салом бўлсин!” – дер эдик. Намоз тугаганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга салом бўлсин”, деманглар. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Саломдир. Сизлар (ташаҳҳудда): “Барча салом, (улуғлик, боқийлик), намоз ва гўзал сўзлар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин! Бизга ва Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига салом бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (соллаллоҳу

алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман” – деб айтинглар. Агар шундай деб айтсангизлар бу саломингиз еру осмондаги барча солиҳ бандаларга етади” – дедилар (Бухорий (797 ва 800) ва Муслим (402) ривоят қилган). Бу дуонинг арабча матни қуйидагича: Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аттаҳиййаату лиллааҳи вассолаваату ваттоййибаат. Ассалааму алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис соолиҳийн. Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва росуулуҳ”. Мазкур дуо ташаҳҳуд деб аталади. Ташаҳҳуд аслида калимаи шаҳодатни айтиш дегани. Ушбу дуонинг охирида калимаи шаҳодат айтилгани учун ҳам “ташаҳҳуд”, яъни “калимаи шаҳодатни айтиш” деб номланган. Ҳатто фиқҳ китобларида намознинг шу дуо ўқиладиган бўлаги ҳам “ташаҳҳуд” деб айтилади. Чунки айнан ўша вақтда мазкур дуо ўқилади. Ташаҳҳуд дуосининг бир қанча кўриниши бор. Биз юқорида келтирган кўриниши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани учун унга “Ибн Масъуд ташаҳҳуди” дейилади. Бундан ташқари ташаҳҳуднинг Умар, Абдуллоҳ ибн Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган кўринишлари ҳам бор. Улар ўрдасида баъзи бир кичик фарқлар бор. Қуйида ташаҳҳуднинг қолган турларини ҳам келтириб ўтамиз: Умар розияллоҳу анҳу ташаҳҳуди Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб, инсонларга намоз тартибини ўргатар экан, ташаҳҳуд дуосини қуйидагича зикр қилган: “Барча саломлар Аллоҳ учун, барча муборак амаллар Аллоҳ учун, барча гўзал сўзлар – барча намозлар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин! Бизга ва Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига салом бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман” (Молик (204) ривояти). Бу дуонинг арабча матни қуйидагича: Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аттаҳиййату лиллааҳи, аззаакийаату лиллааҳи, аттоййибаатус солаваату лиллааҳ. Ассалааму алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис соолиҳийн. Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва росуулуҳ”. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ташаҳҳуди “Барча салом, (улуғлик, боқийлик), намоз ва гўзал сўзлар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин! Бизга ва Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига салом бўлсин! Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан бошқа илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ эканига ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман” (Абу Довуд (971) ривояти). Бу дуонинг арабча матни қуйидагича: Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аттаҳиййату лиллааҳис солаваатут тоййибаат. Ассалааму алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис соолиҳийн. Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳуу, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва росуулуҳ”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ташаҳҳуди “Барча саломлар, барча муборак амаллар, барча намозлар, барча гўзал сўзлар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин! Бизга ва Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига салом бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик бераман” (Муслим (615) ривояти). Бу дуонинг арабча матни қуйидагича: Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аттаҳиййатул мубаарокаатус солаваатут тоййибаату лиллааҳ. Ассалааму алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис соолиҳийн. Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадар росуулуллоҳ”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни Аллоҳ таолога салом айтишдан қайтарганлар. Чунки салом сўзининг маъноси “барча ёмон ишлардан омон қолишни тилаш” дегани. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолога салом айтишдан қайтарар эканлар: “Аллоҳнинг Ўзи салом” – деганлар. Яъни, Аллоҳ таолога ёмон ишлардан омон қолиши тиланмайди. Аксинча, Унинг Ўзи барча айбу нуқсонлардан пок ва бандаларига саломатликни инъом этувчи зот. Бошқача қилиб айтганда, салом саломатликка ва омонликка муҳтож бўлганларга тиланади. Аллоҳ таоло эса омон қолишга муҳтож эмас, балки бошқаларнинг омон бўлиши У зотнинг хоҳиш ва истагига боғлиқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташаҳҳудда аввало ўзимизга саломатлик ва омонлик сўрашимиз кераклигини ўргатдилар. Шундан келиб чиқадики, инсон дуо қилганида доим аввал ўзининг ҳаққига, кейин бошқаларнинг ҳаққига дуо қилгани афзал. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон кишини ёдга олиб, унинг ҳаққига дуо қилсалар аввал ўзлари учун дуо қилганлар (Термизий (3385) ривояти). Ташаҳҳуддаги “Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига” деган жумладаги “солиҳ” сўзидан Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини бажарадиган, бандаларнинг ҳаққига риоя қиладиган банда кўзда тутилади. Солиҳлик мартабаси эса турли хил даражалардан иборат. Ҳаким Термизий айтади: “Ким намозда барча мусулмонлар унга саломатлик тилашини хоҳласа, солиҳ бўлсин, акс ҳолда, мана шундай улуғ фазилатдан маҳрум қолади”. Фокиҳоний шундай дейди: “Намозхон “ва алаа ибаадиллааҳис соолиҳийн” (яъни Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига) деганда барча пайғамбарлар, малоикалар ҳамда мўминларни қасд қилиши керак. Ана шунда унинг тилидаги сўзи дилидагига монанд бўлади” (“Фатҳул Борий” (2\314-315). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ташаҳҳуд дуосини ривоят қилганларидан сўнг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай ўргатгандилар. Лекин биз у зот вафот этганларидан сўнг “ассалааму алайка айюҳан набий”, яъни “эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин” ўрнига “ассалааму алан набий”, яъни “Набийга Аллоҳнинг саломи бўлсин” дер эдик” – деганлар. Шунинг учун уламоларимиз ташаҳҳуднинг айнан шу жойи Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган кўринишда ўқилади, дейишган. Бироқ бу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон бир ҳадисда “мен вафот этсам, шу кўринишда айтинглар”, деганлари ривоят қилинмаган. Қолаверса, Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб, ташаҳҳудни ўргатганларида “ассалааму алайка” деб ўргатганлар ва буни эшитиб турган бирон саҳоба Умар розияллоҳу анҳу ўргатган ташаҳҳудни хато деб айтмаган. Бинобарин, “ассалааму алан набий” деб айтиш ҳам дуруст, лекин “ассалааму алайка айюҳан набий” деб айтиш тўғрироқ бўлади. Шунингдек, юқоридаги ташаҳҳуд кўринишларидан ташқари Ойша ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумоларнинг ташаҳҳудлари ҳам бор ва бу ташаҳҳудларнинг барчаси собит ҳамда дурустдир. Бу ҳақда Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уламолар ташаҳҳуднинг барча кўриниши дуруст эканига иттифоқ қилишган. Бироқ энг афзал кўриниши қай бири эканида ихтилофлари бор… Абу Ҳанифа ва Аҳмад роҳимаҳумаллоҳ, жумҳур фақаҳо ва муҳаддислар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ташаҳҳуди энг афзал ташаҳҳуд дейишган. Негаки, ташаҳҳуднинг барча кўриниши саҳиҳ бўлса-да, Ибн Масъуд ташаҳҳуди янада саҳиҳроқдир” (“Шарҳун Нававий алаа Саҳиҳи Муслим” (4\115-116)). Бу ҳақда Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Термизий айтади: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадиси бир қанча йўлдан ривоят қилинган ва у ташаҳҳуд борасида ривоят қилинган энг саҳиҳ ҳадис. Саҳобалар ва улардан кейинги аксар аҳли илмлар шу ҳадисга амал қилишган”… Ибн Масъуд ҳадисининг афзаллик жиҳатлари шундаки, у ривоят қилган ҳадис муттафақун алайҳи, яъни Бухорий ва Муслим ривоят қилган, қолганлари эса ундай эмас. Бошқа ташаҳҳудлардан фарқли ўлароқ, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ташаҳҳудини ривоят қилган ровийлар ҳадис матнида ихтилоф қилишмаган. Таҳовий ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташаҳҳудни Ибн Масъудга сўзма-сўз ўргатганлар. Бу ҳақда у шундай деган: “Мен ташаҳҳудни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан олганман. У зот менга ташаҳҳудни сўзма-сўз ўргатганлар” (“Фатҳул Борий” (2\315). Хулоса шуки, ташаҳҳуднинг барча кўринишларини айтиш дуруст бўлса-да, унинг Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган кўриниши энг афзал кўриниш саналади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий