ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 6 февраля 2018 г.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3504-сон қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3504-сон қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3504-сон қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5313-сон Фармонини ижро этиш юзасидан:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда – Марказ деб юритилади) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар билан биргаликда касб-ҳунар таълими соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ҳаётга татбиқ этиш ва касб-ҳунар коллежларида ўқув-тарбия жараёнига ташкилий ва методик раҳбарлик қилишни таъминлаш;

иш берувчиларнинг эҳтиёжлари ва таклифларидан ҳамда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олиб касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғиннинг меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисларини тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

юқори профессионал раҳбарлар ва педагог кадрларни танлаш ҳамда улар билан касб-ҳунар коллежларини таъминлаш, уларнинг малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш ишларини тизимли асосда таъминлаш;

тизимнинг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш;

республикадаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқув-методик ишини уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, мувофиқлаштириш;

касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, таълим жараёнини доимий равишда такомиллаштириш;

умумтаълим мактаблари 10-11-синф ўқувчиларининг касбий кўникмаларини шакллантириш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касб-ҳунар таълими жараёнини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш.

3. Қуйидагилар:

Марказнинг ташкилий тузилмаси ва ходимларнинг умумий чекланган сони 34 нафар бўлган марказий аппарати тузилмаси 1- ва 2-иловаларга мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларининг (кейинги ўринларда бошқармалар деб юритилади) намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ходимларининг чекланган сони 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Марказ директорига, зарурат бўлганда, ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида марказий аппарат ва идоравий мансуб ташкилотлар, бошқармалар тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилансинки:

Марказ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

Марказга директор – Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади;

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар таълими тизими сифатли ва самарали ташкил этилиши, норматив-ҳуқуқий бошқарилиши, унга юкланган вазифалар тўлақонли ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизмати негизида Марказ ҳузурида Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ташкил этилсин, унга қуйидаги функциялар юклансин:

таълим дастурлари тузилмаси ва мазмунини такомиллаштириш ишларини доимий равишда амалга ошириш, таълимнинг умумий методологияси доирасида уларнинг самарадорлиги ва мослашишини таъминлаш, янги ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни ўқув жараёнига жорий этиш;

тизимнинг педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини бошқаришнинг янги вертикалини ташкил этиш.



6. Марказ ҳузуридаги ходимларнинг чекланган сони 86 нафар бўлган Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институтининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Санъат, маданият ва олимпия захиралари касб-ҳунар коллежлари (коллежлари) 6-иловага мувофиқ, битирувчиларига давлат намунасидаги диплом бериладиган ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатларига, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларига айлантирилсин.

8. Қуйидагилар:

а) вазирликлар ва идораларнинг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослаштириладиган касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб:

тўлов-контракт асосида ўқиш учун тушадиган маблағлар;

вазирликлар ва идораларнинг ушбу мақсадларга харажатлар сметасида ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари;

б) хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослаштириладиган касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб:

тўлов-контракт асосида ўқиш учун тушадиган маблағлар;

хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари;

в) кўп тармоқли касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб – мутахассисларни тўлов-контракт асосида ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун ота-оналар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг маблағлари белгилансин.

Кам таъминланган оилалардан ўқувчилар касб-ҳунар (кўп тармоқли) коллежларида, уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, бепул асосда ўқитиладиган тартиб ўрнатилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тўғрисидаги низомни;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасида касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомни;

2019 йил1 январгача бўлган муддатда:

касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини;

касб-ҳунар таълимининг йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторини;

касб-ҳунар коллежларида давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларни, уларнинг эгаллаган касби бўйича ҳудудларда камида уч йил ишлаб бериш учун ишга юбориш тартибини назарда тутувчи низомни;

касб-ҳунар коллежларига ўқувчиларни қабул қилиш тартибини тасдиқласин.

10. Иқтисодиёт вазирлиги, Марказ:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, идоравий мансуб касб-ҳунар коллежларига эга бўлган бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2019 йилдан бошлаб ҳар йили 1 майгача бўлган муддатда мутахассисликлар ва касблар бўйича касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш бўйича келишилган таклифларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг кўриб чиқиши учун киритсинлар;

икки ой муддатда бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда касб-ҳунар коллежларига қабул квоталарини шакллантириш тартибини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказ ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ҳамда хўжалик бирлашмалари билан келишган ҳолда ҳар йили касб-ҳунар коллежларида ўқитишнинг шаклланаётган жами харажатларини ва Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилинган қарорларини ҳисобга олган ҳолда, тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларини белгиласин.

12. Вазирликлар ва идораларга қуйидаги вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга амалга ошириш тавсия этилсин:

ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини, қоидага кўра, ишлаб чиқаришнинг идоравий мансуб объектларида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кейинчалик уларда ишга жойлаштириш мақсадида ташкил этиш;

касб-ҳунар коллежларини сақлаш, уларнинг харажатларини молиялаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

касб-ҳунар коллежларининг ўзини ўзи қоплашини ошириш мақсадида белгиланган тартибда таълим хизматлари кўрсатилишини, фаолиятининг тадбиркорлик, маслаҳатлар бериш, эксперт, ноширлик, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа турларини йўлга қўйиш.

13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Марказ ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда тугатиладиган ва қайта ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари ходимларини ишга жойлаштиришда ёрдам берсинлар.

14. Марказ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев

Комментариев нет:

Отправить комментарий