ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 22 сентября 2017 г.

Нўъмонова Зулфира Иқболжон қизи

Нўъмонова Зулфира Иқболжон қизи 1997 йил 19 октябрда Андижон вилояти Пахтаобод туманида туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 1-босқич талабаси. 2014 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан ўтказилган “Истеъдод мактаби” VI Республика семинарида иштирок этиб, сертификат билан тақдирланган. 2015 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида “Осмоннинг фанори” номли илк тўплами “Академнашр” нашриёти томонидан йигирма минг нусхада чоп этилган.



ҚАЛТИС ЎЙИН

Тонгда қора булутлар
Ўйнашар қувлашмачоқ.
Калла солиб бир-бирин
Бурнини қилар пачоқ.

Четдан боқиб оҳиста,
Насиҳат қилар қуёш:
-Бу ахир қалтис ўйин,
Бўлманг бунчалар бебош.

Йиғласангиз, ёмғирга
Тўлиб кетар ҳаммаёқ.
Деҳқонларни ранжитманг
Ерни қилиб қатқалоқ.

ҒАРОЙИБ ГОЛ

Жавлонни кўрдингизми,
Пешанаси дўнг, ғурра.
Шунданми, шишиб кетган
Дейсиз нақ кўм-кўк ғўра.

Сабаби у тушида
Ўйнабди роса футбол.
Ҳатто ғолиб бўлибди
Боши билан уриб гол.

ҚАЛДИРҒОЧ

Қўш қайчи қанотларин
Сермаб, қўшиқлар айтиб.
Баҳорни бошлаб келар
Яшариш, шодлик пайти.

Жой олар уй тўридан
Хонадонга кирган он.
Қош, кўзлари тим қора,
Қалби оқ, азиз меҳмон.

ДУТОРНИНГ ЖАЗОСИ

Чалмоқ истаб дуторни
Қўлга олганди Жўра,
Овозлари тиринглаб
Соз-чи гап уқмас сира.

Жаҳли чиқиб Жўравой,
Осилтириб қовоғин,
Роса боплаб буради
“Гуноҳкор”нинг қулоғин.

ТУЯ

Қўш ўркачинг, туяжон,
Ўхшар икки адирга.
Бардош эрур йўлдошинг,
Сен билан доим бирга.

Саҳроларда ҳаттоки
Саманлардан ўзасан.
Янтоқ керак бўлганда
Буйларингни чузасан.
ЖИЛҒАВОЙ

Сакрайман тошдан тошга,
Салом бериб қуёшга.
Чўзаман шамолга қўл,
Мени кутар ёруғ йўл.

Қўрқмайман тўсиқлардан,
Ўтаман бўлиб бардам.
Дадил ташлайман қадам,
Ғайратга тўлиб ҳар дам.

БИЛАҒОН

Кечқурунда Олимжон
Излаб қолди арқонни.
Дарров сўроққа тутдим
Мен жажжи билағонни.

-Айтгинчи, укажоним,
Нимага керак арқон?
-Учди кеча акамнинг
Уйқуси осмон томон.

Туни билан ухлолмай
Қийналиб кетди акам.
Бугун учиб кетолмас
Боғлаб қўяман маҳкам.

ДОКТОРДА ҚОЛДИ

Устоз сўрар Даврондан
Нега келмадинг дарсга,
Жавоб берди шунда у
Бошини эгиб пастга.

-Устоз, кеча чунонам
Азоб берди тишларим.
Кейин бордим докторга
Ҳатто қолиб ишларим.

-Хўш, энди-чи Давронжон
Бироз кетдими оғриқ?
-Қайдам, докторда қолди
Бу ёғи унга боғлиқ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий