Қуръони
Карим оятларининг нозил бўлиш сабаблари
7-қисм
Оятларнинг нозил бўлиш сабабларини топишда баъзида ортиқча фикр билдиришлар ҳам учраб туради. Яъни баъзи бир Қуръоний қиссаларни ана шу оятларнинг нозил бўлиш сабаби, деб аташ кўзга
ташланади. Бу унчалик тўғри
эмас. Масалан, Ҳабашларнинг
Маккага келишларини
Фил сурасининг нозил бўлиш сабаби, дейиш кабилар. Чунки бундай қиссалардан мақсад фақат
улардан умматларга хабарлар бериш, огоҳлантириш,
ибрат олиш кўзда тутилган
. Қиссанинг
ўзи оятнинг нозил бўлиши сабаби бўлмаган.
Оятларнинг нозил бўлиш сабабларини ўрганган олимлар баъзи
оятлар нозил бўлгандан анча кейин унинг ҳукми
маълум бўлганлигини аниқлаганлар.
Буни “оятнинг нузули ҳукмга
муқаддам бўлиши” деб аталади.
Яъни баъзи оятларнинг маъноси, ундаги ҳукм
тушунарсиз, мужмал бўлиб туради-да, кейинроқ
оятнинг нимага қаратилгани, унинг ҳукми аниқроқ
ифодаланади. Бунга мисол тариқасида: “Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур” (Аъло сураси, 14-) ояти
каримасини келтирадилар. Имом Байҳақий ривоят қилишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу ушбу ояти каримани Рамазонда адо этиладиган
фитр закоти ҳақида нозил қилинган, деган эканлар. Яъни нажот топувчи одам фитр закотини берур.
Гап шундаки, Аъло сураси Маккада нозил қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам Маккада яшаган пайтлари ҳали
Рамазон ҳам унинг фитр садақаси адо этиладиган куни ҳайит ҳам
буюрилмаган эди. Демак, оятдаги ҳукм
мусулмонларга кейинчалик аниқ
маълум қилинган. Имом Бағавий (вафоти 510/1117 й.) ҳам шу маънодаги бир мисолни келтиради:
“(Эй, Муҳаммад!) Мана шу шаҳар (Макка) билан қасамёд этурман, ҳолбуки, Сиз шу шаҳарда мавжуддирсиз” (Балад сураси, 1-2 оятлар) ояти каримаси
Маккада нозил қилинган.
Гарчи ҳозирги ўзбек тафсирчи
олимларимиз ояти каримадаги “ҳилл”ни
“мавжуд”, “муқим”,
“яшаган” маъноларида қўллашган
бўлса-да, лекин унинг “ҳалол” маъноси ҳам бор. Оятнинг мазмунини “Тафсири Ибн
Касир”, “Тафсири Насафий” ва “Тафсири Ҳусайний”ларда:
“Сиз, Эй Муҳаммад,
Макка шаҳрига ҳалолсиз, яъни унда кофирларни маълум
муддат ўлдиришингиз мумкин ва бошқа
умматларга ҳалол
бўлмаган ишлар ўша соатда
сизга ҳалол бўлади”, деган
маънода қўллашган. Оятда тилга
олинган “ҳилл”нинг маъноси оят
нозил қилинганидан ўн йиллар
ўтгандан сўнг Макка фатҳ
этилган куни зоҳир
бўлди. Ҳатто Имом Бухорий ва
Имом Муслим ривоятида зикр қилинишича,
ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам: “Кундузидан бир соат менга ҳалол
бўлди. Аллоҳ Ўз
расулига изн берди, сизларга бермади” деганлар. Яна бир мисол: “Яқинда
ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар” (Қамар сураси, 45-оят) ояти каримаси Маккада нозил қилинган бўлиб, Ҳазрати
Умар кўп вақтгача:
“Бу оятдаги жамоат кимлигини билолмадим-да!” деб юрганлар. Бадр ғазоти кунида кофирларнинг енгилиб қочаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам ушбу ояти каримани унинг ҳақиқий
маъносини очиш мақсадида
ўқиган эканлар. Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ (йўли)га даъват этган
ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен
мусулмонлардандирман”, деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!” (Фуссилат сураси, 33-оят) деган ояти
каримасини Ойша, Ибн Умар ва Икрима розияллоҳу анҳумлар муаззинлар ҳақида нозил қилингандир, деганлар. Ҳолбуки, оят маккия бўлиб, азоннинг ўзи
Мадинада машруъ бўлган.
Юқоридагилардан
маълум бўлдики, баъзи ояти карималарнинг ҳақиқий
маъноси ва ундаги ҳукм
кейинчалик маълум бўлган. Бундай ояти карималарнинг ҳақиқий маънолари кейинги асрларда ҳам аниқланган
ва уларнинг тўла маъноси ошкора бўлган. Жумладан, Қуръонда баён этилган баъзи илмий ҳақиқатлар ХХ асрга келибгина маълум бўлди. Зотан, Қуръони Каримнинг ҳукми қиёматгача
юрадиган муқаддас
китобдир. Унинг янги-янги маънолари бундан кейин ҳам
очилиб бораверади.
Шуни ҳам
таъкидлаш керакки, баъзи оятларнинг ҳукми
келмасдан бурун, яъни шаръан расмийлаштиришдан аввал унга амал қилиш олдинроқ бошланган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Таҳорат олиш, жумъа ўқиш
кабиларни уммати Муҳаммадий анча йиллар бажариб юрган. Ушбу
амалларнинг расман фарз бўлиши кейинчалик Мадинада содир бўлди. Шунга ўхшаш
закот фарз бўлгандан сўнг тўққиз
йил ўтиб масрифи закот ҳақидаги оятлар нозил қилинган. Демак, ўша даврдаги саҳобаларга закотни сарф қиладиган ўринлар маълум эди ва улар закотларини
тўғри адо этишарди. Фақат мана шу амалларининг тўғрилиги шаръан оятлар ила расмийлаштирилди.
Ҳаммаси бирданига нозил қилинган суралар, бўлиб-бўлиб нозил қилинган суралар ҳам борлигини билиб қўйган яхши. Зуҳо сураси иккига бўлиб нозил қилинган бўлса, Фотиҳа, Ихлос, Кавсар, Таббат, Лам якун, Наср,
Фалақ ва Нос биргаликда бир қатлада нозил қилинганлигини уламолар зикр қилишган. Шунингдек, аксар вақт ваҳийни
фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг
фақат ўзи келтирган бўлса,
баъзида бир тўп
фаришталар билан биргаликда келтирган. Жумладан, Фотиҳа сурасини саксон минг фаришта, Оят
ал-Курсийни ўттиз минг фаришта ҳамроҳлигида илоҳий ваҳий
сифатида келтирилган эди. Шунга ўхшаш, баъзи ояти карималар ва суралар фақат бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга
нозил қилинган, баъзи
оятларнинг мазмуни эса бошқа пайғамбарларга ҳам нозил бўлган эди. Фотиҳа
сураси, Оят ал-Курсий ва Бақара
сурасининг охирги оятлари Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васалламгагина нозил қилинган. Баъзи оятларнинг мазмуни Инжил, Таврот каби илоҳий китоблардаги маъноларга ўхшаш бўлиши
ушбу оятлар ўтган пайғамбарларга
ҳам нозил бўлганини билдиради.
* * *
Мадраса мударрислари ўз дарс бериш услубларида талабаларни
қизиқтирадиган ҳар хил услубларни ишга соладилар. Уларнинг дарсни шавқ ва завқ билан тинглашлари учун, ўтилаётган дарсларини кўп вақтгача эслаб қолишлари учун ҳаракат қиладилар. Қуръони
Каримнинг тиловати ва тафсири ҳақида бўлаётган дарсларда оятларнинг нозил
бўлиш сабабларини гапириб бериш, уларга оят нозил бўлишга сабаб бўлган ҳодиса ва саволларни айтиб бериш
талабаларда дарсга нисбатан завқ ва
шавқни оширади. Дарс жараёни қизиқарли
ўтади, ўтилаётган дарслар кўп вақтгача
эсда қолади. Бинобарин, мударрис ва
устозларга дарс жараёнида оятларнинг нузули сабабларини гапириб, айтиб бериш жуда
фойдалидир.
Имом-хатибларнинг ваъз-насиҳат қилиш
асносида ҳам бундай йўл
тутишлари орқали
тингловчиларга оятларнинг ҳукми
тезроқ таъсир қилади, мавъизаларнинг таъсирчанлиги
ошади.
Демак, “Асбоб ан-нузул” фанининг тарбиявий аҳамияти ҳам беқиёсдир.
Фойдаланган манбалар:
Қуръони Карим маъноларининг таржима ва
тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. –Тошкент: “Тошкент
ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. ¬–617 б.
Абул Баракот ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий. IV жилд. Ҳайъат ал-иғоса: Нўъмон Тошкандий нашри, 1988. –388 б. ва ҳоказо.
Абул Фадо ибн Касир. Тафсир ал-Қуръон ал-азим. IV жилд. – Қоҳира:
Дор ал-ғадд ал-жадид, 2004.
–540 б. ва ҳоказо.
Бадриддин Муҳаммад
ибн Абдуллоҳ
аз-Заркаший. Ал-Бурҳон
фий улум ал-Қуръон. IV жилд. – Электрон вариант: Мавқеъ Яъсуб. 446 б. ва ҳоказо.
Ёқут
ал-Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон.
VIII жилд. – Миср: 1906. – 2518 б.
Жалолиддин Абдураҳмон
ас-Суютий. Буғйат
ал-вуот фий табақот
ал-луғавиййин ва-н-нуҳот. – Миср: 1908. – 461 б.
Жалолиддин Абдурраҳмон
ас-Суютий. Ал-Иттиқон
фий улум ал-Қуръон.
Ибн Халликон. Вафийёт ал-аъён. II жилд. – Миср: 1892. –
527 б. ва ҳоказо.
Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2006.–480 б.
Кoтиб Чалабий Ҳожи
Халифа. Кашф аз-зунун. II жилд. – Истанбул: 1893. –1253 б.
Манноъ ал-Қаттон.
Мабоҳис фий улум ал-Қуръон. – Байрут: Муассасат ар-рисола,
1980. – 400 б.
Муҳаммад
Абдулазим аз-Зарқоний.
Маноҳил ал-ирфон фий улум ал-Қуръон. I-жилд. – Миср: Дор иҳё кутуб ал-арабия, 1943. – 575 б.
Тожиддин ас-Субкий. Табақот аш-шофиъия. VI жилд. – Миср: 1906. – 340 б. ва ҳоказо.
Ҳусайн Воиз ал-Кошифий. Тафсири Ҳусайний. – Бўмбай: Ҳайдарий матбааси, 1298. – 955 б.
Шамсиддин аз-Заҳабий.
Табақот ал-ҳуффоз. IV жилд. – Ҳайдаробод: (йили кўрсатилмаган). – 500 б. ва ҳоказо.
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ
Комментариев нет:
Отправить комментарий