Оёк веналарининг варикоз касаллиги
Саволларга профессор Абдуқодир Нурмуҳаммад ўғли
САТТАРОВ жавоб беради.
САВОЛ: Варикоз касаллиги ҳақида тушунча
берсангиз?
Мавлудахон АКБАРОВА.
Жавоб: Варикоз касаллиги деганда, оёқ вена қон
томирларининг қопсимон кенгайиши, тери ости веналари узунлигининг ошиши ва
илонсимон каби эгри-бугри бўлиб қолиши тушунилади. Бу касалликда зарарланган
оёқда веноз қон айланишининг бузилиши ва трофик ўзгаришлар кузатилади.
САВОЛ: Варикоз
хасталигида тери холати қандай кечади?
Мубинахон МУХТОРОВА.
Жавоб: Дастлаб тери қуруқлашади. Пигментация
пайдо бўлади. Оёқ териси қораяди, кулранг доғлар билан қопланади. Кейинчалик бу
симптомларга хар хил - дерматитлар, экзема ва трофик бузилишлар қўшилади.
Савол: Касаллик сабаблари нималардан иборат?
Соҳибахон АШУРОВА.
ЖАВОБ:
Касалликка наслий омиллар; аёлларнинг
тез-тез ҳомиладор бўлиши ва кўп туғруқлар;
ортиқча вазн; оғир жисмоний
меҳнат; узоқ вақт тик туриб ёки ўтириб
ишлаш, оғир юк кўтариш; гормонал ўзгаришлар (таркибида эстрогенлар миқдори кўп
гормонал контрацепция воситаларини қабул қилиш); конституция (касаликка асосан
семиз ва бўйдор кишилар чалинади); ҳаёт
тарзи (кўп ҳаракатланадиган инсонларда варикоз касаллиги нисбатан камроқ
учрайди) сабаб бўлади.
Факт ва
рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, статистик маълумотларга кўра, аёллар
эркакларга нисбатан бу касалликка 5-6 баробар кўпроқ чалинишади экан. Жумладан,
ошпазлар, официантлар, сотувчилар, сартарошлар,
косметологлар, темирчи усталар, юк ташувчилар, ҳайдовчилар, тикувчилар, жарроҳлар,
ҳисобчилар, профессионал спортчилар, велосипедда мунтазам равишда юрадиганлар,
футболчилар, штанга кўтарувчилар, кондукторлар ва шунга ўхшаш касб эгаларида
варикоз касаллиги кўпроқ учрайди. Варикоз
касалллиги 20-40 фоизи ҳомиладор аёлларда ва ёш оналарда келиб чиқади.
Варикоз — вена қон томирларининг энг кўп тарқалган
касаллигидир. Кўп ҳолларда бачадон, тухумдон, кичик
тос, жинсий ва бошқа органлар венаси ҳам варикоз кенгайиши мумкин.
Варикознинг энг хавфли оқибати – бу тромбофлебит (веналар деворининг тромб
ҳосил қилган ҳолда яллиғланиши) ва томирлар тромбоэмболиясидир (касалланган
томирнинг тромб билан ёпилиб қолиши). Варикоз касаллигининг оқибати бемор
соғлиғига жиддий хавф туғдириши
мумкин.
САВОЛ: Касалликнинг белгилари нималардан иборат?
Ойдин ЮСУПОВА.
Жавоб: Варикоз
касаллиги аёлларда, асосан, оёқ қон томирларида учрайди. Касаллик бошланишида
беморларнинг шикоятлари косметик ноқулайликдан иборат бўлади, яъни, вена қон
томирининг тери юзасида билиниб туриши, томирларнинг ҳар хил шаклда бўлиши каби.
Кейинчалик
варикоз кенгайган веналар бутун оёқ бўйлаб тарқалади ва тўқималарда қайтмас
ўзгаришлар содир бўлади. Беморларни шиш, икрасимон мушаклардаги
оғриқлар, эрталаблари мушакларнинг тортишиб қолиши қийнайди. Терида кўкариш
пайдо бўлиши мумкин. Кейинчалик арзимаган жароҳат узоқ вақт тузалмайдиган
яраларнинг ривожланишига олиб келади. Аста-секин оёқларда шиш пайдо бўлиб, оғирлик сезилади. Тери
қуруқлашиб, ранги қораяди ва усти доғ билан қопланади. Кун давомида тери
қичиши, юрганда эса мушакларда
оғриқ сезилади.
САВОЛ: Аёллар учун уй шароитида бажаришида тавсия этиладиган машқлар борми?
Гулзода ЭРМАТОВА.
Жавоб:
Албатта. 1. Қўллар билан елка тенглигида деворга тиралиб туринг. Сўнг оёқлар
учида туриб, яна олдинги ҳолатга қайтинг. Бу машқ кунига 15-20 марта
қайтарилади. 2. Кафтларни учинчи-тўртинчи бўйин умуртқасига қўйиб, оёқларни
бирлаштириб, панжаларни ўзингизга қараб тортинг. Ушбу ҳолатда тезкор
тебранишни аввал ўнг, сўнгра чап тарафга, товонлар ўз ўрнида қолган ҳолда
бажариш лозим. Бу тебраниш бутун тана бўйлаб бажарилади. Машқни 3 дақиқа
давомида бажаринг. 3.
Оёқлар бирлаштирилиб, бир-бирига сиқиб ўтирилади. Кетма-кетликда оёқлар
кўтарилиб, яна ўз ҳолига қайтарилади. Енгил нафас олинади. Машқ кунига 15-20
марта бажарилади.
САВОЛ: Варикоз касаллигининг зўрайишини олдини олишда нималарга эътибор
бериш керак?
Мухтасар ҚУРБОНОВА.
ЖАВОБ: Қон
оқимининг юза веналардаги ҳаракатини камайтириш учун уларни қисиш керак. Бунинг
учун эластик пайпоқ ва колготкилардан фойдаланилади. Пайпоқ эрталаб вертикал ҳолатга
ўтгунга қадар кийилади, бунда веналар ҳали қон билан тўлмаган бўлади. Ёзда эса
бошқа воситалар қўлланилади
Нотўғри овқатланиш, оғир жисмоний меҳнат, семириб кетиш ва бошқалар
веналарнинг варикоз кенгайишига олиб келишини унутманг.
САВОЛ: Варикоз хасталигида массаж қилиш
мумкинми?
Турсуной КАРИМОВА.
Жавоб:
Ушбу хасталикка чалинган беморлар учун қуёш нури ва қаттиқ уқалаш (массаж)
мумкин эмас. Кўпроқ витаминларга, минерал моддаларга ва микроэлементларга бой
озиқ-овқат маҳсулотлари: сут, қатиқ, творог, ҳўл
мева, сабзавот, ошкўклар, шарбатлар, айниқса, анжир, ўрик, карам, тарвуз,
бодринг, сабзи, қизил лавлаги, шотут, қулупнай, ошқовоқ истеъмол қилиш
жуда фойдалидир. Сабзавотлардан тайёрланадиган
салатларга, маринадларга бир неча томчи сирка кўшиб истеъмол қилинса, қон
томирларда тромблар пайдо бўлишидан сақлайди.
Шуни
унутмаслик керак-ки, узоқ вақт вертикал ҳолатда турганда ёки стулларда узоқ
вақт ўтириш ҳам оёқларда ва бошқа аъзоларда қоннинг туриб қолишига олиб келади.
Агар сиз иш юзасидан меъёрдан ташқари кўп юрсангиз, ҳар 20-30 дақиқада ўтиринг
ёки ётиб олинг, бунда оёқларингиз тос суягидан юқори бўлиши керак.
Мунтазам
равишда бир жойда ўтириб ишлайдиган шахслар кўпроқ юришга ҳаракат қилишлари
лозим. Чунки юрганда оёқ мушакларида туриб қолган қонни маълум даражада ҳайдаб
туради.
Узоқ
вақт бир жойда тик туриб ишлайдиган кишилар оёқларини бироз очиб, товон ва
учини галма-галдан худди тикув (тепки) машинасида ишлаётгани каби
ҳаракатлантириш керак. Бундан ташқари, оёқни тез-тез
илиқ сувда совунлаб ювиб туриш керак. Сувда
ялангоёқ юриш ҳам қон юришини яхшилайди ва томирларда қон тўхтаб қолишини
камайтиради.
САВОЛ: Варикоз касаллигида халқона
усуллардан фойдаланиш мумкинми?
Дилором БЕКМИРЗАЕВА.
ЖАВОБ:
Мумкин. Масалан, карам барглари тухум оқи билан аралаштирилади. Кечаси
компресс шаклида зарарланган жойларга қўйилади.
Сохта каштан, қизил узум, қизил сувўтлари, қашқарбеда ўсимликларидан
тайёрланган ванналар ҳам оёқлар учун фойдалидир. Таркибида кобальт, марганец ва селен каби микроэлементларни
сақловчи маҳсулотлар веналарнинг тонусини оширади. Бу микроэлементлар
янги узилган мевалар ва бошоқлиларда мавжуддир.
САВОЛ: Нима учун
асосан ҳомиладор аёлларда варикоз касаллиги кўпроқ учрайди?
Дурдона МАШАРИПОВА.
ЖАВОБ:
Дарҳақиқат, ҳомиладорлик пайтида варикоз касаллиги тез-тез учрайди. Бу қуйидаги
сабабларга кўра юз бериши мумкин: ҳомиладор аёлнинг организмида айланадиган қон
миқдори ошади, демак қон тизимига тушадиган зўриқиш ҳам ортади; венадаги босим ошади ва оёқ томирларидаги қон айланиш тезлиги
секинлашади; аёл организмида гормонал
фон ўзгаради. Шу боис қон томирлари
фаолияти ҳам бузилади.
САВОЛ:
Ушбу хасталикка чалинган ҳомиладор аёлларга қандай тавсиялар берасиз?
Назирахон СОҲИБОЕВА.
ЖАВОБ: Варикоз
касаллиги кузатилганда, ҳомиладор аёл туғруқ давригача оёғига эластик
бинт ўраб юриши, бандаж (тананинг касал жойини танғиб қўядиган махсус камар)
тақиши керак. Бундан ташқари, қуйидагилар буюрилади: ҳомиладорликлар орасида
қисқа муддатлар бўлмаслиги лозим (интервал 2-3 йил бўлиши керак); гормонал контрацепция воситаларига эътиборли
бўлинг, чунки кўп ҳолларда уларнинг таркибида эстрогенлар миқдори кўп бўлади,
ушбу модда томир тизимига салбий таъсир қилади;
эрталаб ва кечқурун оёқ кафти ва болдирлар учун
контраст душ қабул қилинг – бу қон айланишини рағбатлантиради. Фақат
бўлғуси оналарга ушбу муолажа билан эҳтиёт бўлиш тавсия этилади. Вазнингизни
назорат қилиб боринг! Қисқа муддат ичида семириш варикознинг кечишига салбий
таъсир қилади. Қон ҳаракатини сиқиб қўймайдиган ва пахта матодан тикилган ички
кийимлар кийинг. Ҳомиладорликнинг иккинчи 3 ойлигидан бошлаб бандаж тақинг.
Баланд пошнали ва орқаси йўқ туфлилардан воз кечиб, товонни яхши ушлаб
турадиган пойабзал танланг. Бундай пойабзалда юриш қон айланиш тизимига яхши
ёрдам беради. Ич
қотишига йўл қўйманг. Оғир юкларни кўтарманг. Организмни тетиклаштирадиган
ичимликлар (аччиқ қаҳва, чой) ичманг. Ўтирганингизда ёки ётганингизда тортишиш
кучини юмшатиш учун оёқларингизни бироз кўтаринг. Тунда матрас остига ёстиқ
қўйинг ёки оёқларингизни шунчаки каравотдан тахминан 10 см . баландга кўтариб ётинг. Узоқ вақт ўтирманг ва тик турманг. Махсус
колготкилар кийинг. (Агар бўлғуси онада веналар варикоз касаллиги мавжуд бўлса,
унга босим даражаси I ёки II бўлган колготкилар кийиш тавсия этилади, аксинча, III ва IV даражали
колготкилар бўлғуси
оналарга мўлжалланмаган).
Суҳбатни Нигора
САЙДАЛИЕВА тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий