ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 4 июля 2017 г.

Гилоснинг фойдалари


Гилоснинг фойдалари



Гилос
Кунлар исиб, меваларга бирин-кетин ранг кира бошлади. Аввал қулупнайлар юзи қизариб, тутлар бағри болга тўла бошлаган бўлса, энди дарахт шохлари орасидан гилослар мўралайди. Ушбу неъмат ўзининг тотли ва тўйимлилиги билан бир қаторда, танимизга куч-қувват, саломатлигимизга даво бўлиши билан
ҳам алоҳида ажралиб туради.
Бундан 8 минг йиллар муқаддам ҳам инсониятга мўъжизавий кучини ато этиб келган гилос меваларида кўп миқдордаги фойдали моддалар, витамин ва минераллар мавжуд.
Гилос меваси ўзининг витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Вужудимизда кечувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий минералларига ҳам бой ҳисобланади.
Шу билан бирга, гилос мевалари органик кислоталар, сахароза (фруктоза, глюкоза), РР ва В6 витаминлари, йод, фтор, хром, кремний, никель, рух, марганец сингари микроэлемент­лар, пектинлар, флавоноидлар гуруҳига мансуб антоцианларни ўзида сақлаб, саломатлигимизни мустаҳкамлашда кўмаклашади.
Қийғос гуллаган гилос гулларидан фойдали ва шифобахш асал олинади. Асаларилар бир гектар гилосзордан ўртача 35 килограмм тоза асал йиғиб олишади.
Гилос мевасидан табобатда кўпгина касалликларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида фойдаланилади. Жумладан:
 Гилос буйрак ва жигар фаолиятини яхшилаб, қон айланишига ижобий таъсир кўрсатади.
 Гипертония билан оғриган беморлар учун фаол бирикмаларга бой бўлган тўқ қизил гилоснинг энг фойдали миқдори кунига 250-300 граммни ташкил этади. 

Гилос
Халқ табобатчилигида гилос қувват бағишловчи неъмат сифатида тавсия этилади, гулидан бод касаллигини даволашда фойдаланилади. Ҳақиқатдан ҳам гилос гуллари ўз таркибида салицил кислотасини сақлайди. Маълумки, бу модда ревматизмни даволашда тиббиётда кенг кўламда ишлатилади.
Шунингдек табобатда гилосни камқонлик (гипохромная анемия) касаллигида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Чунки гилос таркибида салмоқли миқдорда темир моддаси бор.
Гилос меваларидан пиширилган мураббо ва шарбатлар (компот) жуда мазали бўлиб, уларни уй шароитида ҳам тайёрласа бўлади.
Артрит, ревматизм ва подаграда оғриқларни камайтириш учун янги узилган ширин гилос мевасининг 15 донаси ёки қуюқ гилос шарбати ош қошиқ ёхуд бу меванинг компоти қайнатмасини кунига уч маҳал истеъмол қилиш тавсия этилади. Ушбу қайнатма қуйидагича тайёрланади: 1 литр сув қайнагандан сўнг унга унча тўла бўлмаган бир ҳовуч мева солинади ва паст оловда 7 дақиқа қайнатилади. Сўнгра оловдан олиниб, оғзи бекитилган ҳолда 20 дақиқа дам берилади. Қайнатмадан бир кунда камида 0,5 литр истеъмол қилиш лозим. 
 Ичак ворсинкалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун гилос мевалари ичаклар атония­си (ичак фаолияти сусайиши), колит (қабзият) ва бошқа ички хасталикларда даво сифатида қўлланилади. Гилос шарбати ва қайнатмаси овқат ҳазм қилиши тизими фаолиятини яхшилайди. Унинг мевалари таркибида кам миқдорда органик кислоталар мавжудлиги сабабли уни истеъмол қилиш меъда шиллиқ қаватининг ялиғланиши (гастрит) билан оғриган беморларда кислота миқдорининг ортишини келтириб чиқармайди.
Шунингдек гилос меваларида темир ва витаминлар кўплиги боис кам­қонликда истеъмол қилиш тавсия этилади.
Гилос дарахти кўп миқдорда елим ажратади. Бу елимдан тўқимачилик саноатида газламаларга жило беришда фойдаланилади. Гилоснинг тана ва илдиз пўстлоқларида 7-10 % гача танид моддалар бўлиб, улар тери ошлашда керак бўладиган зарур омиллардан ҳисобланади.
Гилос мевасида 0,2 % ошловчи модда ҳам бор. Гилос мевасининг уруғида 30 % га қадар мой мавжуд. У техник мақсадлар учун жуда керакли маҳсулот ҳисобланади. Бундан ташқари мева уруғида 1 % гача эфир мойи мавжуд бўлиб, ундан парфюмера саноатида ва ликёр ишлаб чиқаришда фойдаланилади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий