ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 4 мая 2017 г.

андалус фатхи



АНДАЛУС ФАТҲИ 1


Нима сабабдан Андалус тарихи?
Ислом тарихини ўрганишга киришган киши Андалус тарихига тўхталмай иложи йўқ.
Биринчидан: Андалус тарихи ҳижрий 92–897 йиллар  ораси, қарийб 800 йилда бўлиб ўтган ҳодисаларни ўз ичига олади. Аммо ажабланарлиси, аксарият мусулмонлар шундай катта давр тарихини — салкам Ислом тарихининг учдан иккиси бўлиб гавдаланган даврни яхши билмайдилар.
Иккинчидан: Андалус тарихи тарих босқичларининг катта қисмини ўз ичига олганидан
, унда Оллоҳ таолонинг коинотдаги барпо қилган қонунлари яққол намоён бўлган. Бу даврда бир қанча давлатлар барпо бўлиб, сўнгра якунланган. Бир қанча давлатлар кучайиб, ҳатто атрофидаги ўлкаларни фатҳ қилган; яна бир қанчаси ишғол бўлиб, мағлуб давлатлар сафидан жой олгандир.  
Андалус тарихи бизга довюрак қаҳрамону қўрқоқ номардни, художўй тақводору фожир нобакорни, дини ва ватанига садоқатли ҳамда хоин инсонларни танишда яхши ўрнаклар беради.
Андалус тарихида мусулмон киши билиши зарур бўлган муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган, жумладан:
— Барбате водийси жанги, бу жанг Ислом тарихидаги энг муҳим жанглар сирасидан бўлиб, унда Андалус фатҳ қилинган ва бу жанг «Ярмук» ва «Қодисия» жанглари каби катта аҳамият касб қилади. Лекин шунга қарамай, кўпчилик мусулмонлар ҳатто Барбате водийси ҳақидаги маълумотга ҳам эга эмаслар;
— Ториқ ибн Зиёд даврида кемалар ёндирилиши қиссаси;
— Тарихшунослар айтган: «Агар Абдурраҳмон Дохил бўлмаганда, Андалусда Исломдан асар ҳам қолмаган бўларди», деган киши ўзи ким бўлган?
— Ўрта асрларда Европа подшоҳларининг мутлақ буюги бўлган Абдурраҳмон Носир ҳаёти тафсилотлари;
— Заллақо  жангини олиб борган раббоний саркарда Юсуф ибн Ташфин;
— Африканинг ўн бешдан ортиқ давлатларига Исломни олиб кирган баҳодир Абу Бакр Умар Ламтуний;
— Ал-Арок жангини олиб борган, салибийлар устидан беназир ғалаба қозонган Абу Юсуф Ёқуб Мансур;
— Муробитлар давлати;
— Муваҳҳидлар давлати;
— Ўз замонасида энг катта масжид бўлиб, ҳозирги кунимизгача черков ҳолатида давом этиб келаётган Қуртуба масжиди қандай бунёд бўлгани;
— Ишбилия масжиди;
— Қуртуба университети;
— Умавийлар кутубхонаси;
— Андалусдаги ҳозирги кунимизгача бутун оламдаги сайёҳ-туристларни ўзига жалб қилиб келаётган Заҳро қасри;
— Заҳро шаҳри;
— Зоҳира шаҳри;
— Ҳамро қасри ва бутун Европа ҳавас билан боққан бу тараққиёт...
Наҳотки, бу қадар буюк тараққиёт ва юксак маданият билан танилган бир давлат ёки саккиз асрлик бир тарих, биз “тарих”, дея ўқиган китобларимиз орасидан жой топмаса?!
Мусулмонлар ҳар томонлама устун бўлатуриб, мудҳиш мағлубиятга учраган “ал-Иқоб” жангини эшитганмизми? Ўшанда гўё мусулмонларга Ҳунайн куни қайта келгандай эди. Жангда 80 мингдан зиёд мусулмон ҳалок бўлганди. Тарихшунослар айтадики: «ал-Иқоб жангидан сўнгра, Андалус ва Мағрибда урушга лаёқатли мард кўзга кўринмай қолди». 
Андалус қандай қилиб қўлдан бой берилди? Унинг бой берилиши сабаблари нима эди? Андалус қўлдан кетгандан сўнг, Қустантиния да Ислом нури қандай порлади? Ғарбда Андалус бой берилиши билан сўнган нур, шарқда Византия фатҳи билан юксалиши қандай юз берди?
Бир куннинг ўзида 60 минг мусулмоннинг жонига зомин бўлган Валенсия фожиасида нима бўлганди?  Уббаза фожиасини эшитганмисиз? Унда ҳам бир кунда 60 минг мусулмон ўлдирилган эди. Яна бир кунда 40 минг мусулмон қатл қилинган, 7 минг бокира қизлар асир олинган Барбаштру фожиаси ҳақида нималарни биласиз? Сўнгра мусулмон аждодларимиз бу каби улкан мусибатлардан қандай чиқдилар? Агар биз буларни ўрганиб, тўғри хулоса чиқариб, ҳаётга татбиқ қилсак, ҳозирда елкаларимиздаги бамисоли тоғдек юк бўлган муаммо ва фожиалардан, хорлигу хўрликдан осонроқ халос бўлармидик.
Андалус тарихи аччиқ ҳақиқатни ўз ичига олган ачинарли қиссадир. Ҳақиқатан, Андалус тарихи ибратларга, илм-маърифат ва маълумотларга бойдир...
805 йилга чўзилган тарихни ўқиб чиқишнинг ўзи узун замон талаб қилади. Шу сабаб қиссадаги баъзи ҳодисаларни мухтасар келтиришга ва китобхонга узун қиссанинг лўнда мағзини тақдим қилишга ҳаракат қилинди.
Андалус тарихи барча мусулмонлар такрор ва такрор ўқишига, ўрганишига арзигулик воқеий қиссадир.
Ушбу китобда имкон қадар тарихий ривоятлар орасида келган қарама-қаршиликларнинг асослиларини келтиришга ҳаракат қилдик. Камол ёлғиз Оллоҳга хос экан, биздан содир бўлган хатоларни тўғрилаб, бизга етказганларга ўз миннаддорчилигимизни изҳор қиламиз. Агар ҳақиқатни баён қилиш бизга насиб қилган бўлса, бу Оллоҳнинг тавфиқидан, бунинг учун Унга ҳамдлар айтамиз. Бу амалимизни ёлғиз Оллоҳнинг карамли Юзи учун холис бўлишини сўраб, бу қиссадаги ҳар бир ҳарф ва калималарига Оллоҳ таолодан ажру савоб умид қилиб қоламиз...

Давоми бор...

Комментариев нет:

Отправить комментарий