ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 16 марта 2017 г.

жигар учун..

Жигар асосан ўт (сафро) ишлаб чиқариб, овқат ҳазм бўлиши ва озиқ моддаларнинг ичакдан қонга сўрилишида муҳим роль ўйнайди. Оқсил, ёғ ва углеводлар алмашинувида ҳам қатнашади. Бундан ташқари, жигар моддалар алмашинувида ҳосил бўладиган ёки ташқаридан кирган заҳарли моддаларни зарарсизлантириб, ҳимоя вазифасини бажаради. Қон орқали жигарга келадиган моддалардан баъзилари организм учун зарарли бўлиши мумкин. Шу моддаларни зарарсизлантириш, қисман ўт билан чиқариб юбориш жигарнинг вазифасидир.



Танадаги «бензопирин»

Жигарнинг сурункали касаллигига асосан нотўғри овқатланиш сабаб бўлади. Айниқса, дудланган колбаса ёки гўшт ва эритилган ёғ истеъмолқилинганда аста-секин танага заҳар сингари ёйилади. Танамиз ичра бензопиринга айланган бундай маҳсулотлар организмда хавфли ўсмаларни келтириб чиқарадиган энг ёмон канцерогенлар ҳисобланади. Қарабсизки, бундай маҳсулотларнинг заҳари жигар ҳужайраларини емиради.

Кучли қовурилган ёғли овқатлар жигарга умуман ёқмайди. Жигар уларни ҳазм қилиш учун анчагина кучсарфлайди. Оқибатда унинг қуввати пасайиб, организмда турли дардлар келиб чиқади. Масалан, иммун тизими фаолияти сусаяди, қон айланиши ёмонлашади, ҳужайраларда энегия ишлаб чиқариш ҳолати издан чиқади.

Аччиқ ва нордон (редиска, саримсоқ пиёз, пиёз сингари) егуликлар жигарга зиён етказади. Чунки улар ейилгач, меъдада сафро икки ҳисса кўп ишлаб чиқилади. Энг ёмони, сафро кўпайгани сари жигар йўлида тошлар ҳосил бўлиш хавфи туғилади.

Тузланган карам, шўр овқатлар, сирка, хантал, шовул, лимон, киви, кетчуп ва зираворлар ҳам меъёрдан ортиқ истеъмол қилинса, жигар фаолиятини ёмонлаштиради.

Дори гепатити нима?

Аслида жигар ўз-ўзини регенирация қиладиган, яъни тиклайдиган бирдан-бир аъзо ҳисобланади. Унинг ўртача оғирлиги 1,5 кг бўлиб, ҳар соатда ўзи орқали 100литр қонни ўтказади. Гапнинг сирасини айтганда, жигар бизнинг барча номақбул хатти-ҳаракатларимизни (масалан, унинг «душмани» саналган ёғли ва қоврилган овқатларни тинмай истеъмол қилишимизни ҳамда шифокор буюрган дориларни узоқ муддат ичиб юришимизни) жимгина қабул қилади. Охир-оқибат эса овқатланишда ва ҳаёт тарзимизда йўлқўйган хатоларимизнинг ҳаммаси жигар учун зиён келтириб, уни аста-секин заҳарлайди.

Жигарнинг заҳарланиши туфайли кишида беморлик аломатлари пайдо бўлади – кўнгли айниб, боши айланади, ҳолсизланиш сезилади. Бундай вақтда кўпчилик билиб-билмай дори-дармонлар қабулқилади. Бу эса зарарланган жигарга баттар салбий таъсир кўрсатади. Натижада дори гепатити юзага келади. Ана шу дардга учрасангиз, дастлаб тери ва кўз ости сарғаяди, тилқораяди, кекирганда оғиздан ачимсиқ таъм келади. Кўп ҳолларда бемор қайт қилади. Тезлик билан даво чоралари кўрилмаса, беморнинг аҳволи оғирлашади.

Тамаки чекиш, гоҳ-гоҳида спиртли ичимликлар ичиш ҳам жигар фаолиятини ёмонлаштиради. Вақти-вақти билан оз-оздан овқатланиш эса жигар ишини енгиллаштиришини унутманг. Мева ва сабзавотлар хомлигича истеъмол қилиниши лозим. Таомлар шўр бўлмасин, улар ўсимлик ёғида димлаб пиширилгани маъқул.

Тўқималари шикастланса…

Гепатит (сариқ касаллиги) ўта юқумли бўлиб, асосан жигар тўқимасининг шикастланиши билан кечади. Агар касалликка ўз вақтида қунт билан даво қилинмаса, сурункали тусга ўтади ва тез-тез қайталаниб туради. Кўпинча гепатит билан оғриган бемор дардни атрофдагиларга ҳам юқтиради. Айрим ҳолларда эса инфекцион касалликлар ёки организмнинг заҳарланишидан сўнг пайдо бўлади. Вирусли гепатитнинг бир нечта турлари мавжуд.

А вируси қўзғатган гепатитёз ва куз ойларида кўп учрайди. Касалликнинг яширин даври (яъни вируслар организмга тушгандан то унинг илк аломатлари кўрингунга қадар) 2-4 ҳафта давом этади. Бу вақт ичида ҳеч қандай белгилар сезилмайди. Лекин худди шу даврда гепатит бошқаларга тез ва осон юқади. Яширин давр ўтгач, беморда силла қуриши, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниб қусиш ҳолатлари кузатилади. Баъзан қорни оғриб ичи кетади, пешоби тўқ сариқ тусга киради, ахлати оқаради, тери сарғайиб, жигар катталашади. Шуни таъкидлаш лозимки, сарғайишсиз кечадиган юқумли гепатитда бундай белгилар бўлмаслиги мумкин.

В турдаги гепатит вируслари жигар ҳужайраларида узоқ вақт (ҳатто бир неча ойдан бир неча йилгача) сақланиб туради. Шу муддат ичида вируслар кўпайиб, оқибатда организмда моддалар алмашинуви кескин бузилади. Гепатитнинг бу турига ўз вақтида даво чоралари кўрилмаса, кўпгина асоратлар қолдиради, яъни дард сурункали тусга ўтиб жигар фаолияти издан чиқади, жигарнинг ўткир токсик дистрофияси (заҳар тарқалиши) содир бўлиб, беморнинг ҳаёти хавф остида қолади. Шунинг учун ҳам бемор касалхонага қанчалик барвақт ётқизилса, шунчалик тез соғаяди. Гепатит В дан тузалганлар 6 ой, баъзан бир йилгача қатъий парҳез тутишлари ва мунтазам шифокор назоратида бўлишлари зарур.

D вируси қўзғатган гепатитда беморнинг иммунитети жуда пасайиб кетади. Хасталик тузалиши чўзилган ҳолларда қорин ва оёқларга сув йиғила бошлайди.

С вируслари келтириб чиқарадиган гепатит эса анча оғир кечади, аксарият ҳолларда жигар тез катталашади. Бу гепатит тури вақт ўтиши билан (ҳатто бир неча йилдан кейин ҳам) қайталаниб туради. Даво охиригача қунт билан олиб борилмаса, жигар циррози ривожлана бошлайди.

Гепатитни даволашдан аввал уни келтириб чиқарган сабаблар аниқланади ва бартараф этилади. Жигар ҳужайраларида модда алмашинувини яхшилайдиган муолажалар беморнинг тузалишида наф беради. Гепатитни даволашда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

— руҳий ва жисмоний осойишта кун тартибига риоя этиш;

— парҳез сақлаш, яъни осон ҳазм бўладиган витаминли овқатларни истеъмолқилиш, таомларни беморга қаттиққовуриб эмас, асосан буғда пишириб бериш лозим;

— гепатитнинг сурункали тусга ўтиши ва касаллик қайталанишига сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш;

— гепатитнинг турига ва кечишига қараб уни босқичма-босқич даволашни бемор тўла соғайиб кетгунича давом эттириш.

Маълумки, ҳар қандай дард аввало кучсиз танага тез ёпишади.

Шунинг учун ҳам киши ўзини болаликдан чиниқтириши, турли юқумли касалликлардан сақланиши керак.

Асорати оғир дард

Сурункали жигар касалликлари ўз вақтида даволанмаса ривожланиб кетади ва айнан шу даврда унинг ҳужайралари – гепатоцитларнинг нобуд бўлиши кузатилади.

Жигар циррозидаги айнан шу яллиғланиш жараёнида жигардаги тўқималар фаолияти ўзгариб, қон томирларда қон айланиши бузилади, шунингдек, қон томирлари сиқилиб, улар артериал босим ошади. Бу эса гепатоцитларни баттар ҳалокатга олиб келади. Жигарда қон босимининг ошиши, бу аъзода қон айланиш тизими ишини издан чиқаради, оқибатда портал гипертония вужудга келади. Шундан сўнг қорин бўшлиғида сув йиғилиб, қора талоқ катталашади.

Бу касалликнинг асоратлари жуда оғир кечади. Яъни цирроз ўз вақтида аниқланмай қолганда ёки бошланғич муолажалар кечиктирилиб, дард ривожланиб кетганда ошқозон-ичак ва қизилўнгачдан қон кетиши, жигар фаолияти аста-секин бузилиб жигар-буйрак етишмовчилиги келиб чиқиши, бу аъзодаги йирик венақон томирининг тиқилиб қолиши, ўт йўлларида тош пайдо бўлиши, бора-бора цирроз саратонга айланиши ва бемор кома ҳолатига тушиши мумкин.

Айтиш жоизки, ривожланиб кетган жигар циррози батамом тузалмайди, баъзида тезроқ, баъзида узоқроқ давом этиб, жигар етишмовчилигига олиб келади.

Фаолияти буткул издан чиқади!

Жигар етишмовчилигига дучор бўлган беморлар ёғли овқатларни хуш кўрмаслиги, кўнгил айниши, метеоризм, оғирлик сезиш, нажасўзгариши, ўт ажралиши ва овқат ҳазм қилиш аъзоларидаги ўзгаришлардан шикоят қиладилар.

Шунингдек, жигар етишмовчилигида бемор териси сарғаяди, қонда эркин ва боғланган билирубинлар миқдори кўпаяди. Жигарда альбумин (оқсил) синтезининг бузилиши натижасида бемор танасида шиш юзага келади. Жигар етишмовчилигининг охирги босқичида бемор организмида модда алмашинуви чуқур бузилади, бемор озиб кетади. Энцефалопатия (бош мия фаолияти бузилиши) белгилари пайдо бўлади: бемор лоқайд бўлиб қолади, уйқуси бузилади (ҳадеб ухлайверади), эси кирди-чиқди бўлиб қолади.

Энг хавфлиси, жигар етишмовчилиги натижасида жигар комаси ривожланади. Бунда беморнинг кўз шиллиқ пардаси, терисида сарғайиш ва қичишиш белгилари, ҳар-хил тошмаларнинг тошиши ва қон томирларнинг ёрилиши натижасида «юлдузчалар» кузатилади. Тили оқ караш билан қопланади, мушаклари титрайди, оғзидан қўланса ҳид келади.

Афсуски, жигар етишмовчилигида беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш кўпинча қийин бўлади. Шундай экан, бу касалликнинг олдини олиш шарт.

Парҳез ҳам даво

Жигарида сурункали хасталиклари бор беморлар даволаниш баробарида парҳезга қатъий риоя этишлари шарт. Масалан, улар учун қуйидаги маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди:

— ёғли ширин булочка, қатлама, тухум сариғи;

— ўткир ва ёғли газаклар, балиқ ва гўшт консервалари, дудланган колбаса, гўштли қайнатма шўрвалар;

— турп, шолғом, саримсоқ, исмалоқ ва равоч сингари эфирга бой сабзавотлар, маринадланган помидор-бодринглар;

— шоколад, музқаймоқ, қора қахва, какао;

— газланган ичимликлар.

Беморлар парҳез давомида қуйидаги маҳсулотларни истеъмол қилишлари мумкин:

— янги сабзавотлардан салатлар, ёғсиз чучук пишлоқ;

— ёрмалардан тайёрланган гўштсиз шўрвалар, қиймали угра, мастава;

— турли ёрмалардан бўтқалар ва қайнатиб пиширилган макарон;

— сут, қуюлтирилган сут, қатиқ, творог, ёғсизроқ қаймоқ;

— ўсимлик ёғлари, зайтун, кунгабоқар ва маккажўхори ёғи;

— ёғсиз мол гўшти, қайнатилган гўштдан палов;

— турли ошкўклар, хўл мевалар ва ширинликлар.

Умуман, жигар касалликлари билан оғриган кишилар овқатланишда ва кундалик хатти-ҳаракатларда ўзларини ниҳоятда авайлашлари зарур. Агар касалликнинг ўткир турига чалинган ёки сурункали гепатит билан оғриган бўлсангиз, жисмоний машқларни фақат енгил турларини бажаришингиз керак. Қалтис ҳаракат қилиш, оғир юк кўтариш ва кўп куч сарфланадиган жисмоний ҳаракатлар дард туфайли кучсизланган жигар ишини қийинлаштиради. Айниқса, жисмоний тарбия машқларини бажаришда шифокор билан маслаҳатлашиб иш тутинг.

Унутмангки, жигардаги сурункали касалликлар туфайли кишининг ички аъзолари ва териси ҳолатида турли ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Шу боисдан организмда ё терида бирор ўзгариш кузатилса, ўз билганингизча даволанмасдан шифокорга кўринишингиз зарур.

Комментариев нет:

Отправить комментарий