ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

понедельник, 27 июня 2016 г.

хайрулло хамидов

ШУКРОНА....


Қиёматдан нишона – ўтаётган кунимиз,
Ҳотиржамлик деганни унутди ҳар тунимиз,
Билмам эртамиз қандоқ, харобдир бугунимиз...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.


Оилада эр зоти ўзини бек билмаса,
Аёл зоти ҳаловат, сакинада бўлмаса...
Ўзбек қизи қорнини очишдан ор қилмаса,
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.


Қушлар қолиб, қурбақа кўкда қилса парвозлар,
Оққушлар масканига эгалик қилса ғозлар,
Пора ила шогирдин етиштирса устозлар...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.


Иймондан воз кечилса лаззат учун бир онлик,
Ва ўша зот аталса «тақводору, иймонлик»...
Қароқчилик ҳукмига ўтса агар посбонлик...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.


Юртда алдов ном олса «тирикчилик, ғайрат» деб,
Айтилган рост сўзларга ном қўйилса ҳайрат деб,
Қарз олиб бермасликни атасалар санъат деб
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.


Боланинг зарбасидан отага заҳа етса,
Оналар қизларидан панд насиҳат эшитса,
Олимлар луғатидан амал деган сўз кетса,
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.


Ҳалойиқ ҳам унутса халқлигин, миллатлигин,
Ҳақ каломин дунёга айтгувчи элатлигин,
Охир, ҳамма ёдидан кўтарса умматлигин...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

Х.Хамидов


Комментариев нет:

Отправить комментарий