ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 28 февраля 2016 г.

кўкрак бези саратони (раки)

Кўкрак бези саратони

Саратон касаллиги соғлом ҳужайраларнинг етилмасдан тезда кўпайишига айтилади.

Бунда ҳужайралар кўпайиб, ўсма пайдо бўлишига олиб келади. Натижада шу соҳадаги аъзо фаолияти бузилади. Бу ҳолатнинг атроф тўқималарга тарқалиши касалликнинг кучайишига сабаб бўлади.



Бу касалликлар орасида кўкрак бези саратони аёлларда энг кўп тарқалган хавфли ўсмалардан бири ҳисобланади. Иқтисодий ривожланган давлатларда у ўрта ёшли аёллар ўртасида асосий ўлим сабабларидан бири бўлиб келмоқда. МДҲ давлатларида ҳам аёллар ўртасида кўкрак бези саратони касаллиги онкологик касалликлар ўртасида ҳозирга қадар биринчи ўринни эгаллаб турмоқда.

Организмдаги гормонал бузилишлар касалликка сабаб бўладими?



Организмдаги ички безлар фаолиятининг бузилиши ҳам кўкрак бези саратони касаллиги ривожланишига олиб келиши мумкин. Тухумдонлар, буйрак усти бези, қалқонсимон без, гипофиз бези фаолиятининг бузилиши-бу борада муҳим аҳамият касб этади. Ҳайз циклининг эрта бошланиши ва менопаузанинг кечикиши сут бези саратон касаллиги ривожланишига туртки бўлади.

Касалликка мойиллик борми?


Кўкрак бези саратон касаллигига мойиллик омиллари мавжуд. Улар орасида қуйидаги сабаблар муҳим ҳисобланади:

Ҳайвон ёғини меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш;

Ҳайз циклининг бузилиши;

Жинсий муносабатларнинг пала-партиш бўлиши;

Аёлларнинг фарзандини кўкрак сути билан эмизмаслиги;

Тухумдонлар ва бачадондаги яллиғланиш касалликлари;

Семизлик;

Гипертония (хафақон) касаллиги;

Қандли диабет касаллиги;

Атеросклероз;

Жигар касалликлари;

Қалқонсимон без касалликлари;

Кўкрак бези мастопатияси;

Қондош-қариндошлардан бирортаси кўкрак бези саратонига чалинган бўлса;

Ионизирловчи радиация;

Кашандалик;

Канцероген воситаларни кўп қўллаш (турли кимёвий унсурлар. Масалан: кир ювиш кукуни, косметик восиатлар ва б).

Калорияли парҳез.

Кўкрак бези саратони қайси аъзоларга

асоратлар беради?

Кўкрак бези саратон касаллиги қўлтиқ, курак ости, ўмров ости, ўмров усти лимфа тугунларига асорат беради.

Шунингдек, бу касалликда кўп ҳолларда суяк, ўпка, жигар ва терига ҳам шикаст етади.



Кўкрак бези саратони касаллиги белгилари нималардан иборат?

Касалликнинг бошланғич босқичида беморларда ўсмасимон, қаттиқ консистенцияли оғриқли тугун пайдо бўлиши,

тери юзасида буришиш, киндиксимон тортилиши аниқланади.

Қўлтиқ ости соҳасида битта ёки бир нечта ҳаракатчан лимфа тугунлари кузатилади.

Кўкрак бези саратон касаллигининг охирги босқичларида беморларда катталашган ўсма, тери юзасининг дағаллашиб тортилиши, кўкрак бези сўрғичи терисининг ичкарига тортилиб кириши ёки бўртиб чиқиши кузатилади, кўкрак бези шаклининг ўзгариши, яраланиши, айрим ҳолларда қўлда шиш аниқланади.

Баъзи ҳолларда саратон касаллиги бошқача кўринишда ривожланади. Бунда кўкрак бези катталашади, пайпаслаб кўрганда қаттиқлашган, тўқималарнинг чириши кузатилади. Касаллик кўриниши мастит белгиларига ўхшаб кетади. Беморларда юқори ҳарорат кузатилади. Шу боис, беморларга кеч ташхис қўйилади.

Ўсма олди ва ўсма касалликларининг белгилари қуйидагилар бўлиши мумкин: ҳайз бошланишидан бир неча кун олдин кўкракларнинг қотиб оғриши, кўкракдаги қаттиқ тугунлар, кўкрак учидан сарғиш рангдаги ёки қон аралаш суюқлик ажралиши (бюстгальтерда доғ қолиши).

Касалликка қандай ташхис қўйилади?

Беморларга касаллик ташхисини аниқ қўйиш учун комплекс текширувлар ўтказиш лозим. Булар қуйидагилар:

Маммография;

Ультратовуш текшириш;

Ўсмадан биоптант олиб текшириш; (биопсия)

Аёлларнинг ўз-ўзини текшириши қандай амалга оширилади?

Кўкрак бези саратон касаллиги диагностикасида сут безини пайпаслаш энг оддий усуллардан бири ҳисобланади. Сут безини пайпаслаш бемор вертикал ёки горизонтал ҳолатда турганда бажарилади. Пайпаслаш аввалига юзаки, сўнгра чуқур ўтказилади. Ташқи кўрикда сут бези терисига, безда шиш ва қизариш бор ёки йўқлигига, эътибор берилади. Ҳайз тугагандан кейинги биринчи ҳафта ўз-ўзини текшириш учун энг яхши вақт. Ҳайз тўхтаган аёллар эса кўкрак безларини ҳар ойнинг маълум бир кунида текширишлари керак.

Бунинг учун кўзгу олдига олдин қўлларингизни пастга туширган ҳолда кейин эса кўтарилган ҳолда туринг. Бунда юқорида кўрсатилган белгилар бор ёки йўқлигига эътибор беринг. Кейин чалқанча ётган ҳолда кўкрак безларингизни пайпаслаб текширасиз. Бундан олдин текшираётган томонингиз курак остига кичик ёстиқ қўйиб кўкрак қафасингизни бироз кўтарилган ҳолатга келтиринг. Кўкракларингизни қарама-карши томон қўлингиз ёрдамида текширинг. Уни бармоқларингиз ва кафтингиз ёрдамида майин ҳаракатлар билан амалга оширинг. Қаттик сиқиб кўкракнинг кўп қисмини ушлаш тавсия этилмайди. Текширишни учта ҳолатда ўтказасиз: қўлни бошнинг орқасига қўйиб, қўлни ён томонга узатиб ёки қўлни тана бўйига узатиб текшириш лозим.

Кейин қўлтиқ ва ўмров усти соҳаларини текширинг. Секин кўкракни сиқиб, сўрғичдан ҳеч қандай суюқлик ажралмаётганига ҳам ишонч ҳосил қилинг.

Касаллик қандай даволанади?

1.Маҳаллий регионар (операция, нур терапия);

2.Комплекс (химиотерапия, гормонотерапия, иммунотерапия)


Нур терапиясининг фойдаси борми?

Касаллик асорат берганда (метастаз) оператив усулни қўллаш касалликнинг қайталанишига олиб келади. Шу боис, бундай беморларда операциядан сўнг нур терапияси қўлланилади.

Касалликнинг олдини олиш мумкинми?

Ҳар қандай онкологик касалликнинг олдини олиш учун канцероген омиллар ва воситалардан узоқроқ юриш тавсия этилади. Демак, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, уларнинг инсон организмига канцероген таъсирини камайтириш, оилавий ҳаётни нормаллаштириш, мунтазам жинсий ҳаёт, ўз вақтида туғиш, болани кўкрак сути билан боқиш киради.

Комментариев нет:

Отправить комментарий