АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
АЁЛ МАДҲИ
Дунёга келтирдинг – онамсан,
Мен учун тенги йўқ оламсан.
Ёритдинг ҳамиша йўлимни,
Севикли қизимсан – боламсан.
Бормикан сендайин иболи,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Темурбек ёнида Бибихон,
Пойингга сочилди каҳкашон.
Гоҳида анордек эзилдинг,
Увайсий қалбидай бағринг қон.
Ҳуснингдир гоҳ умринг заволи,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Момосан, Атода ҳаққинг бор,
Бу гўзал дунёда ҳаққинг бор.
Юртим деб жангга ҳам кирган
сен,
Ёд этса, дуода ҳаққинг бор.
От сурдинг Тўмарис мисоли,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Сен озод замонга етишдинг,
Ҳур, обод давронга етишдинг.
Фарзандлар юлдуздек парвона,
Минг йиллик армонга етишдинг.
Ўзингсан Ватаннинг жамоли,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Комментариев нет:
Отправить комментарий