цистит юкадими
Цистит жинсий йўл билан юқадими?
— Бир неча ой аввал цистит касаллигига чалиндим. Уй шароитида, доривор ўсимликлар билан даволаниб, тузалган эдим. Яқинда укамни уйлантирганимиз муносабати билан, бир ҳафта онамнинг уйида туриб қайтдим. Турмуш ўртоғим билан жинсий алоқада бўлганимдан кейин хасталик яна қўзғаб қолди. Бу воқеадан кейин турмуш ўртоғимдан шубҳаланиб қолдим. Айтингчи, цистит жинсий йўл билан ҳам юқадими?
Ойгул 32 ёш, Қашқадарё вилояти.
Цистит биз аёлларга хос касаллик эканлигига аллақачон кўникиб бўлганмиз. У шамоллаш туфайли пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам биламиз. Аммо циститнинг ривожланишига жинсий яқинлик сабаб бўлиши мумкин дейишса кўпчилик ҳайрон бўлади. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Муштарийимиз йўллаган саволга олий тоифали акушер гинеколог Нилуфар Абдуллаева ойдинлик киритади.
Эркаклар сабабчими?
Аслида цистит инфекцион хасталик эмас. У жинсий яқинлик вақтида тўғридан-тўғри юқмайди. Сизнинг ҳолатингизда жинсий алоқадан кейин касалликнинг хуруж қилиши нозик аъзолар микрофлорасининг бузулиши билан боғлиқ бўлса ажабмас. Яъни жинсий аъзода ривожланган бактериялар алоқа вақтида сийдик йўлига, тушиб цистит касаллигини келтириб чиқаради. Бундан ташқари аёл иммун тизимининг сустлиги, сийдик йўлларининг шамоллаши, шахсий гигиенага амал қилмаслик ҳам циститга олиб келиши мумкин. Ўзбилармонлик билан турли дори воситаларини қабул қилиш ёки охиригача даволанмаслик касалликнинг қайталаш эҳтимолини оширади.
Цистит эркакларда ҳам учрайдими?
Цистит билан оғриган аёлларни касаллик вақтида турмуш ўртоғимга ҳам юқиши мумкинми деган савол ўйлантиради. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, эркаклар камдан кам ҳолатларда циститга чалинишади. Бунга эса асосан сурункали простатит хасталигининг зўрайиши сабаб бўлади.
Касаллик мобайнида жинсий ҳаётни давом эттириш мумкинми?
Аслида, касаллик вақтида жинсий алоқада бўлиш тавсия этилмайди. Бундай яқинликдан кейин сийдик қопига тушаётган босим кучаяди ва беморнинг ҳолати ёмонлашиши кузатилади. Ҳатто даволанишнинг энг сўнгги босқичларида ҳам касаллик қайталаши кузатилган.
Циститдан бутунлай қутулса бўладими?
Аввалам бор, сурункали циститга йўл қўймаслик учун уни ўз вақтида ва тўғри даволаш даркор. Бундан ташқари, даволаш курсини ўтагандан кейин аёл ўз саломатлигига эътиборли бўлса, уни қайта қўзғатувчи стрессларга йўл қўймаса, бактерияларнинг олдини олиш учун доимий равишда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиб борса, касаллик хуружи анча камаяди, бутунлай тузалиб кетиш эҳтимоли ҳам юқори.
Камола тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий