Грипп, шамоллаш, зотилжам. Уларни қандай фарқлаш мумкин?
Куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида, айниқса болалар орасида
шамоллаш ва грипп касалликлари кўпаяди. Шамоллаш касалликлари ва грипп ўткир
респиратор вирусли инекциялар гуруҳига киради. ЎРВИга нафас системаси турли
қисмларини жароҳатланиши, интоксикация ва кўп ҳолларда бактериал инфекциялар
қўшилиши билан кечадиган касалликлар киради. Шамоллаш ва грипп-га бефарқлик
оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу касалликлар даволанмаса, асоратлари
бартараф этилмаса оғир зотилжам, нафас сиқиши билан кечадиган обструктив
бронхитлар узоқ қайталаниб бронхиал астмага ҳам олиб келиши билан хатарлидир.
Айниқса, болажонларимизнинг саломатлигига кучлироқ эътибор беришимиз керак.
Чунки, болалар ўртасида ўлим ҳолатларига олиб келишда нафас аъзолари
касалликлари биринчи ўринда туради.
Кўпчиликни шамоллаш, грипп ва зотилжам касалликларининг
бир-биридан фарқланиши қизиқтиради. Ўзларича уларни фарқлаб олиб, касалликка
бепарво бўлишга, ёки аксинча шифокорга мурожаат қилмай ўзларича даволанишга
одатланганлар ҳам учраб туради. Бу ёмон одатнинг хатарли жиҳати шундаки, ҳар
қандай касаллик ёндош касалликларнинг келиб чиқишига таъсир қилишини ҳамма ҳам
билавермайди. «Шамоллаб қолиб дори ичгандим. Энди юрагим сиқилаяпти» ёки «Дорининг
энг зўрини ичдим. Роса терлабман. Бўшашиб кетаётган бўлсамда оёқда юрибманку»
каби гапларни эшитиб қоламиз. Ҳолбуки, ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган одам,
организмидаги озгина салбий ўзгаришни сезган заҳоти мутахассис шифокорга
мурожаат қилган бўларди.
Шамоллаш, грипп ва зотилжамни фарқлаш зарар қилмайди,
албатта. Чунки уларнинг аломатларини билиш, касаллик авж олиб кетмасидан
шифокор кўригидан ўтиш имкониятини беради. Шу сабабли бу касалликларнинг
фарқланиши ҳақида маълумот беришни мақсад қилдик.
ГРИПП. Тўсатдан ва кескин равишда тана ҳарорати 39-40
даражагача кўтарилиши, титраш, кучли интоксикация (заҳарланиш). Болаларда ёшга
қараб фарқланади: кичик ёшдаги болаларда иштаҳа йўқолиши, ланжлик, иситма кўринишида намоён бўлса, катта ёшдаги
болаларда бош оғриғи, кўз олмалари соҳаси ва мушакларда оғриқлар билан, 3-4
кундан кейин эса катарал белгилар, акса уриш, тумов қўшилиши билан белги
беради.
ШАМОЛЛАШ. Аста-секинлик билан бошланади ва биринчи навбатда
тумов, томоқда ачишиш ҳислари, йўтал, иситма билан кечади. Иситма 38 даражагача
кўтарилади. Боланинг умумий аҳволи камроқ ўзгаради. Шамол-лаш совуқда узоқ
қолиш, енгил кийиниш, елвизак, салқин ва совуқ ичимликлар истеъмол қилиш билан
боғлиқ бўлади.
ЗОТИЛЖАМ. Бошланғич белгилари шамоллаш ва гриппга ўхшаш
бўлади. Зотилжам ўпка яллиғланиши касаллиги бўлиб, одамдан одамга юқмайди.
Хасталик бактериялар ва вируслар сабаб юзага келади, организм имммун тизими
сусаяди. Зотилжамга ЎРВИ, елвизакда қолиш, сурункали ўпка касалликлари
асоратлари сабаб бўлиши мумкин. Агар зотилжам бошланган бўлса йўтал ўпкадан
чиқади, бал-ғам ажралиши кучаяди, ўпкада хириллаш эшитилади. Бир ёшгача бўлган
болаларда аниқланган зотилжам дарҳол ва зудлик билан муолажага йўналтирилиши
шарт.
Ўткир реcпиратор касалликлари ҳаво томчи йўли орқали —
йўталганда, акса урганда, гаплашганда юқади ва болалар ЎРВИга ўта таъсирчан
бўлишади. 6 ойликдан 14 ёшгача бўлган болалар 1 йилда 10 мартагача
касалланишлари мумкин.
ЎРВИ билан касалланган болаларни парваришлаш қуйидагича:
- касал болани
алоҳидалаш (бошқаларга юқмаслиги учун);
- хонани тез-тез
шамоллатиш;
- хонани кунда 2 марта ва ундан ортиқ нам тозалаш
(артиш, ювиш);
- идиш-товоқларни алоҳида ишлатиш, сўнгра
қайноқ сув билан чайиш;
- алоҳида сочиқ
ва рўмолчалар билан таъминлаш;
- парвариш
қилаётган шахс ҳар 2 соатда докали ниқобини алмаштириб туриши;
- кўп миқдорда
қайнатилган илиқ суюқликлар ичириш;
- витаминга бой
енгил ҳазм бўлувчи таомлар бериш, кўпроқ янги мева ва сабзавотлардан истеъмол
қилиш.
Касалликнинг олдини олиш қоидалари оддий:
- касаллар билан
мулоқотда бўлмаслик;
- совуқ олишдан
сақланиш;
- гриппга қарши
эмлашлар вакцинасини олиш;
- совуқ ва салқин
ичимликлар истеъмолидан сақланиш;
- соғлом турмуш
тарзига риоя қилиш;
- касалликнинг
илк эрта белгилари намоён бўлганидаёқ шифокорга мурожаат қилиш керак.
Ўткир респиратор касалликларга нисбатан бепарво бўлиш оғир
оқибатларга олиб келишини доимо ёдда тутинг. Айниқса, ёш оналар болажонларининг
саломатлигига жиддий қарашлари талаб қилинади. Зеро, фарзанднинг келажаги унинг
болаликдан соғлом ўсиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий