ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 21 января 2015 г.

Ботулизм бепарволикдан



 бошланади


Қиш. Бу фаслнинг ўзига хос зийнати, завқи бор. Шунинг баробарида ташвишлари ҳам. Шу боис, қишга алоҳида тадорик кўрамиз. Бу фаслда эътиборимизни ошириш лозим бўлган жиҳатлар ҳам борки, улар турмушимиз обод ва соғлиғимиз мустаҳкам бўлишининг омилидир. Бошланган қиш фасли ҳар биримиздан уйимизни иситиш, овқатланиш ва кўча-кўйда юришимизда огоҳликни янада оширишни тақозо этади. Келинг, эътиборсизлик оқибатида келиб чиқадиган нохуш ҳолатларнинг баъзи бирлари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Қиш мавсумида аҳоли ўртасида тузланган, дудланган ва консерва маҳсулотларини истеъмол қилишга бўлган талаб ортиши, уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиб, касалланиш ҳолатлари кузатилган. Мутахассислар овқатдан заҳарланишни – ботулизм деб аташади.
Ботулизм овқатдан заҳарланишнинг бир тури бўлиб, унинг қўзғатувчиси узоқ вақт тупроқда сақланадиган споралардир. Улар очиқ ҳавода мутлақо зарарсиз. Аммо ҳавосиз муҳитга кўчганда кўпайиб, ниҳоятда кучли заҳар – экзотоксин ишлаб чиқариш хусусиятига эга. Споралар тупроқ орқали сабзавот, қўзиқорин ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига ўтади. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотларидан тайёрланган консервада — ҳавосиз шароитда споралар ўзидан ўткир заҳар чиқаради. Қарабсизки, консерва маҳсулоти тайёр заҳарга айланади. Ботулотоксин маҳсулотлар ранги ва таъмини ўзгартирмайди. Шу сабабли, заҳарланган консервани билиб бўлмайди. Токсин озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга организмга тушар экан, ошқозон ширасида парчаланмасдан ичакда сўрилади ва марказий нерв тизими ҳамда бош мияда шикастланиш ўчоқларини пайдо қилади. Токсинлар организмга тушиб, касаллик белгиларини пайдо қилгунча орадан бир неча соат, ҳатто бир кеча-кундуз ўтиши мумкин. Бунда кишида интоксикация белгилари – умумий дармонсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши кузатилади. Шунингдек, кўз қорачиғи кенгайиб, нарсалар кўзга қўшалоқ бўлиб кўрина бошлайди. Сўнгра юмшоқ танглай, халқум фалажланади. Оқибатда емакни чайнаш, ютиш қийинлашади. Бундай заҳарланиш ҳолатида тана ҳарорати ўртача ёки паст бўлиб, томир уриши тезлашади, нафас олиш қийинлашади. Касаллик енгил ўтганда икки-уч ҳафта, оғир ўтганда эса икки-уч ой давом этиши мумкин. 60-70 фоиз ҳолатларда ўлим билан тугайди. Ботулизм токсини озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида узоқ вақт сақланади, бироқ қиздирилганда нобуд бўлади. Шунинг учун маҳсулотларга термик ишлов бериш ботулизм пайдо бўлишининг олдини олишда самарали усуллардан бири ҳисобланади. Қопқоғи кўтарилган банкалардаги маҳсулотлар мутлақо истеъмолга яроқсиздир. Шу сабабли, уларни тезда ташлаб юбориш мақсадга мувофиқдир. Ушбу хасталик билан оғриган беморлар фақат шифохонада даволанадилар. Ботулизмга қарши  зардоб, сунъий нафас олдириш аппаратлари ёрдамида курашилади. Хаста бўлмасдан туриб, унинг олдини олган маъқул. Шу боис, мазкур касаллик келиб чиқишининг олдини олишда, энг аввало, консервалаш жараёнида санитария талабларига эътибор қаратиш лозим бўлади. Қолаверса, консерва идишлари қопқоқларида шиш ва суюқликларнинг тиниқлиги ўзгаришига доимо эътиборли бўлиш керак. Соғлиғимиз – бойлигимиз. Шундай экан, унга лоқайд қарамайлик.

Насиба АКРАМОВА, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти ходими.

Комментариев нет:

Отправить комментарий