МАРДЛИК
Абдулла Орипов-
Боболаринг мард бўлган,
Йиқилган полвонни ҳам
Ҳурмат қилиб, камситмай
Ердан турғазиб қўйган.
Эзгуликнинг қошида
Эриган мисли малҳам,
Лекин, ёвузнинг кўзин
Ўйиб, қўрғошин қуйган.
Боболаринг мард бўлган,
Пойгаю кўпкарида
Меники, деб олмаган
Бировнинг насибасин.
Ўзи кашфиёт ясаб
Илму фан меҳварида,
Пеш қилмаган ҳеч қачон
Шажараю нисбасин.
Боболаринг мард бўлган,
Қозининг тўнин кийиб,
Дабдурустдан ўртага
Қозиман, деб чиқмаган.
Номардларнинг қошида
Юрмаган бўйнин эгиб,
Ўлдирса ҳам душманга
Дўстларини чақмаган.
Боболаринг мард бўлган,
Шеър ёзса ҳам муқаррар
Хаёлида гўёки
Паланг билан олишган.
Майдонда ғолибликка
Кўзи етмаса агар
Бу ишни йиғиштириб,
Ёзмай қўя қолишган.
Боболаринг мард бўлган,
Қадрдон тулпорини
Қариган чоғида ҳам
Қассобга топширмаган.
Гавҳар каби асраган
Ориятни-орини,
Гуноҳи бўлса агар
Бировга оширмаган.
Боболаринг мард бўлган,
Нажмиддин Қубро каби
Керак бўлса, Ватан деб
Туғни тутиб берган жон.
Дилларида иймону
Ҳам озодлик матлаби,
Тушларига киргандир
Турон - мулки Туркистон.
У киши ўттиз йилдан бери Қадимги Кушон давлатининг худудларида саёхат қилар эканлар. Икки уч кун олдин Абдулла акам Мардлик деган шеърни ёздилар! Юкорида сизлар шу шеърдан манавий озука олдиларингиз
Комментариев нет:
Отправить комментарий