Зулҳижжанинг ўнлиги фазилати
Аллоҳ таоло Каломи мажидида: “Тонгга қасам, ўн кечага қасам...” деган (Фажр, 1-2).
Саҳиҳ қавлларга кўра, оятдаги ўн
кечадан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир.
Оятда мазкур ойнинг ўн кечаси
билан қасам ичилиши ўша кечаларнинг қадри баланд эканидан дарак беради.
Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги
фазилати ҳақида ҳадисларда ҳам алоҳида таъкидланган.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى
اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا مِنْ أَيَّامٍ الْعَمَلُ الصَّالِحُ فِيهَا أَحَبُّ
إِلَى اللهِ مِنْ هَذِهِ الأَيَّامِ يَعْنِي أَيَّامَ الْعَشْرِ قَالُوا: يَا
رَسُولَ اللهِ وَلاَ الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللهِ قَالَ: وَلاَ الْجِهَادُ فِي
سَبِيلِ اللهِ إِلاَّ رَجُلٌ خَرَجَ بِنَفْسِهِ وَمَالِهِ فَلَمْ يَرْجِعْ مِنْ
ذَلِكَ بِشَيْءٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَاللَّفْظُ لَهُ
وَالتِّرْمِذِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан
ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун
ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”,
дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам-ми?” деб
сўралди. У зот: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам. Фақат бир киши ўз жони
ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарсасиз қайтиб келса, бундан мустасно”,
дедилар” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад
ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).
Ҳадисдаги “ўн кунлик” Зулҳижжа
ойининг ўн кунлигидир. Бу нарса бошқа ривоятларда аниқ айтилган. Жумладан, Ибн
Ҳиббон ва Абу Авона келтирган ривоятда “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан
афзал кунлар йўқ”, дейилган.
Бу ўн кунликда солиҳ амалларга
тарғиб қилинишидан мақсад шуки, ундаги амаллар Аллоҳ учун энг севимли саналади.
Бунинг ҳикмати ва сабаби Ёлғиз Аллоҳгагина маълум. Бандалар буюрилган ишни адо
қилишлари билан кўп мукофот ва савобларга эришадилар. Биз Зулҳижжанинг аввалги
ўн кунлиги афзал кўрилишидан кўзланган ҳикмат борасида шуни айтамизки, ўша
кунларда ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи
Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Шу сабаб бу вақтда
қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади.
وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ
صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَفْضَلُ أَيَّامِ الدُّنْيَا الْعَشْرُ
يَعْنِي عَشْرَ ذِي الْحِجَّةِ. رَوَاهُ الْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Жобир розийаллоҳу анҳудан
ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дунё
кунларининг энг афзали ўн кунлик (яъни Зулҳижжанинг ўн кунлиги)дир” (Баззор
ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Уламолар Зулҳижжанинг ўн кунлиги
афзалми ёки Рамазоннинг охирги ўн кунлиги афзалми, деган масалада ихтилоф
қилишган. Аллома Ибн Қаййим бу борада қуйидаги фикрни билдирган: “Рамазоннинг
охирги ўнлигининг тунлари Зулҳижжанинг аввалги ўн кечасидан афзалдир.
Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Рамазоннинг охирги ўн кунидан афзалдир. Арафа ва
қурбонлик қилинадиган кун сабабидан Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги афзал.
Лайлатул қадр сабабидан Рамазоннинг охирги ўн туни афзал саналади”.
وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ
اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سَيِّدُ الشُّهُورِ شَهْرُ رَمَضَانَ
وَأَعْظَمُهَا حُرْمَةً ذُو الْحِجَّةِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالْبَزَّارُ
وَابْنُ عَسَاكِرَ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Абу Саид Худрий розийаллоҳу
анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ойларнинг
саййиди Рамазон, уларнинг ҳурмати энг баланди Зулҳижжадир” (Байҳақий,
Баззор ва Ибн Асокир ривояти. Ривоят санади заиф).
Уламолар Рамазон ойи Зулҳижжадан
афзаллигини айтишган. Аслида ой ёки амаллар бир-биридан устун бўлади. Масалан,
намоз рўзадан афзал. Бироқ бир кун рўза тутиш икки ракъат намоздан яхшироқ.
Доримий ва Байҳақий саҳиҳ санад
билан келтирган ривоятда айтилишича, Саид ибн Жубайр Зулҳижжанинг ўн кунлигида
ибодатга жидду-жаҳд билан киришар, бошқа вақтда қилмаган саъй-ҳаракатини айнан
шу ўн кунликда қиларди.
وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ
عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَيَّامٍ أَعْظَمُ عِنْدَ اللهِ وَلاَ أَحَبُّ
إِلَيْهِ مِنْ الْعَمَلِ فِيهِنَّ مِنْ هَذِهِ الأَيَّامِ الْعَشْرِ فَأَكْثِرُوا
فِيهِنَّ مِنْ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ وَالتَّحْمِيدِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ наздида ушбу
ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра улуғроқ ва севимлироқ амал
йўқдир. Бас, ушбу (кун)ларда таҳлил, такбир ва таҳмидларни
кўпайтиринглар!” (Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Ибн Абу Шайба ривояти.
Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятга кўра, Зулҳижжанинг
аввалги ўн кунлигида “лаа илааҳа иллаллоҳ”, “аллоҳу акбар” ва “ал-ҳамду
лиллааҳ” калималарини кўп айтиш яхши экан.
Аввал айтиб ўтилганидек,
Зулҳижжанинг ўн кунлигида қилинадиган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади.
Шу билан бирга мазкур вақтда Аллоҳ учун севимли бўлган зикр амалга оширилса,
нур устига нур бўлади. Фазилатли амал фазилатли вақтда бажарилиши қилинаётган
иш учун кўпроқ ажр олиниши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқишига сабаб
бўлади.
Маълумки, солиҳ амаллар тури кўп.
Уларни санаш учун анча саҳифани қоралашга тўғри келади. Ўша амаллар ичида энг
афзалларидан бири бу рўзадир. Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш
ҳақида ривоятлар бор. Қуйида улардан баъзиларини ўрганамиз.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا
رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَائِمًا فِي الْعَشْرِ
قَطُّ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят
қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кунликда бирон
марта рўза тутганларини кўрмаганман” (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн
Хузайма ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам Зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутганлари ҳақида бошқа
ривоятла бор. Шу сабаб уламолар Оиша розийаллоҳу анҳонинг бу ривоятини бир неча
хил таъвил қилишган. Жумладан:
1. У зот касаллик ёки сафар
туфайли ушбу ўн кунлик рўзасини тутмаган бўлишлари мумкин;
2. Оиша Набий соллаллоҳу алайҳи
ва саллам ушбу кунларда рўза тутганларини кўрмаган ёки эътибор бермаган бўлиши
эҳтимолдан холи эмас. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!
Мазкур ривоятнинг зоҳирига назар
ташласак, Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида, тўғрироғи тўққиз кунида рўза тутиш
макруҳлиги келиб чиқади. Аммо уламолар бошқа ривоятларни ҳам ўрганиб чиққач, бу
кунларда рўза тутиш мустаҳаблиги таъкидлашган.
Биз бу ерда Оиша розийаллоҳу
анҳонинг ривоятини маълумот учун, қилинаётган иш холис ва оз бўлса ҳам мукаммал
бўлиши учун келтирдик. Энди бошқа ривоятларни ўрганамиз.
وَعَنْ هُنَيْدَةَ بْنِ خَالِدٍ عَنْ امْرَأَتِهِ عَنْ
بَعْضِ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَتْ: كَانَ
رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصُومُ تِسْعَ ذِي الْحِجَّةِ
وَيَوْمَ عَاشُورَاءَ وَثَلاَثَةَ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ أَوَّلَ اثْنَيْنِ
مِنْ الشَّهْرِ وَالْخَمِيسَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ
وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Ҳунайда ибн Холид хотинидан, у
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжаларининг баъзисидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжанинг тўққиз куни, Ашуро куни ва ҳар ойда
(душанба ва пайшанбадан бошлаб) уч кун рўза тутардилар” (Абу Довуд,
Насоий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда айтилишича, Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида, Ашуро куни ва
ҳар ойда уч кун рўза тутардилар.
Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон
ҳайити бўлиб, бу кунда рўза тутиш мумкин эмас. Шу сабаб рўза ҳақида гап
кетганда “Зулҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутиш” жумласи ишлатилади.
Ашуро куни Муҳаррам ойининг
ўнинчи куни. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ойнинг ўнинчи куни
рўза тутиб юрганлар. Вафотларидан бир йил олдин яҳудийлар ҳам шу куни рўза
тутишларидан хабар топгач, келаси йили тўққизинчи куни ҳам рўза тутишни ният
қилганлар. Аммо бу нарса у зотга насиб қилмаган. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари ва ниятлари шаръий қоида бўлиб қолиб, Ашуро
кунининг ёлғиз ўзида эмас, балки тўққизинчи ёки ўн биринчи кунини қўшиб рўза тутиш
мақсадга мувофиқдир.
Қуйидаги ривоятда Зулҳижжанинг ўн
кунлигида тутиладиган рўзанинг фазилатидан хабар берилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ
عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَيَّامٍ أَحَبُّ إِلَى اللهِ أَنْ
يُتَعَبَّدَ لَهُ فِيهَا مِنْ عَشْرِ ذِي الْحِجَّةِ يَعْدِلُ صِيَامُ كُلِّ
يَوْمٍ مِنْهَا بِصِيَامِ سَنَةٍ وَقِيَامُ كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْهَا بِقِيَامِ
لَيْلَةِ الْقَدْرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ
وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ учун
ибодат қилинишга Зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар
кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга
тенгдир” (Термизий, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).
Демак, қайси банда Зулҳижжанинг
аввалги тўққиз кунида ихлос билан рўза тутса, тўққиз йиллик рўзанинг савобига
эришади. Зулҳижжанинг аввалги ўн кечасини бедор ўтказган, таҳажжуд намози
ўқиган, зикр, тиловат ва шу каби ибодатлар билан машғул бўлган банда ўн марта
Лайлатул қадр кечасида қоим бўлганлик савобини қўлга киритади. Лайлатул қадр
кечаси қоим бўлиш минг ой, тахминан саксон икки йилдан кўпроқ ибодат савобига
тенг экани кўпчилигимизга маълум. Демак, Зулҳижжанинг бу фазилатли кун ва
тунларини ғанимат билиб, улардан оқилона фойдалансак, охиратимиз учун чексиз ва
қимматли заҳира тўплаб, қиёмат куни мезонимиз оғир бўлишига сабаб амалларни
бажарган бўламиз.
Одилхон Юнусхон ўғли
Манба: www.muxlis.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий