ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 21 августа 2014 г.

низолар


Оилавий низолар нима сабабдан келиб чиқади?

Оилавий низоларнинг қандай турлари фарқланади?

Оилавий низоларда кимлар иштирок этаётганига кўра уларни қуйидаги асосий турларга ажратиш мумкин:
1. Эр-хотин ўртасидаги низолар;
2. Қайнона-келин ўртасидаги низолар;
3. Қайнона-куёв ўртасидаги низолар;
4. Овсинлар ўртасидаги низолар;
5. Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги низолар;
6. Фарзандлар орасидаги низолар.
Албатта, бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Ҳар қандай оилада эр-хотиннинг ўзаро муносабатларида низоли вазиятларнинг юзага келиши муқаррар. Лекин шу низоларнинг характери, уларнинг оқибатларига кўра турли оилалар ва улардаги оилавий муносабатлар бир-биридан фарқланади.
Муваффақиятли оилалардаги низолар бириктирувчидир ва муваффақиятсиз оилалардаги низолар ажратувчи хусусиятга эга. Шунинг учун ҳам психологик адабиётларда низолар шартли равишда бириктирувчи ва ажратувчи низоларга фарқланади. Улар, ўзларининг юзага келишига асос бўлган муаммолар, бу муаммоларнинг ҳал этилиши, кечиниши, иштирокчилари, оқибатлари ва бошқаларнинг характерига кўра бир-биридан фарқланади.

Қандай низоларга бириктирувчи низолар дейилади?

Бириктирувчи низоларнинг юзага келишига сабаб бўлган муаммолар ва уларнинг ҳал қилиниши ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг, бутун оиланинг манфаатларига қаратилган бўлади. Агар улар ҳал этилса, бунинг оқибатида оиланинг умумий манфаатларига оид муаммолар ўз ечимини топади. Бундай низоларга оиладаги тартиб-интизом, озодалик, оила бюджетини юритиш, саранжомлик, тежамкорлик, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, бола тарбияси ва бошқа шу каби масалалар тоифасидаги низолар мисол бўла олади. Улар асосан эр-хотин ўртасидагина юзага келади, уларнинг иштирокчилари ҳам фақат эр-хотинларнинг ўзлари ҳисобланадилар. Бундай низоларнинг муваффақиятли ҳал этилишида эр-хотинларнинг бир-бирларини янада яқинроқ билиб, тушуниб, бир-бирларининг салбий ва ижобий хусусиятларини ўрганиб бориш, бир-бирларига мослашиш, муаммоларни ҳал этиш борасида ҳамкорлик қилиш каби оилавий ҳаёт мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилувчи жараёнлар амалга ошади. Бошқача қилиб айтганда, бундай низолар “эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши” каби низолар тоифасига киради. “Дока рўмолнинг қуриши” эр-хотин ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиради.

Қандай низолар ажратувчи низолар дейилади?

Ажратувчи низоларда уларнинг юзага келишига сабаб бўлган муаммо ва ечими эр-хотинлардан бирининг манфаатига қаратилган бўлади. Бундай низоларда бир томон манфаатининг ҳал этилиши кўпинча, иккинчи томон манфаатининг бой берилиши ҳисобига амалга ошади. Масалан, эр ёки хотиннинг шахсан ўзи учун бирон нима харид қилиши, эрнинг ёки хотиннинг иши туфайли, ўзбек оилалари учун характерли низолардан бўлмиш эр ёки хотиннинг қариндош-уруғлари билан бўладиган муносабатлар туфайли юзага келадиган низолар шулар жумласига киради. Бундай низоларнинг ҳал қилиниши, яъни бир томон манфаатининг қондирилиши кўпчилик ҳолатларда иккинчи томон манфаатларининг бой берилиши ҳисобига амалга ошади. Бундай вазиятларда манфаати бой берилган томонда норозилик, эътироз сақланиб қолади ва бу кейинчалик яна кучайиб, навбатдаги низонинг юзага келишига асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ажратувчи низоларда, низо ҳал этилгани билан, низоли вазият сақланиб қолаверади.
Шунингдек, ажратувчи низолар уларни юзага келтирган сабаблар бевосита эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари доирасидан ташқаридаги омилларга ҳам боғлиқ бўлади. Уларнинг сабабчилари ва иштирокчилари ҳам баъзан эр-хотиндан ташқари учинчи одам бўлиши мумкин, уларнинг ҳал этилиши ҳам эр-хотинларнинг ўзларигагина эмас, балки учинчи одамга боғлиқ бўлади. Буларнинг оқибатида низоларнинг янада кучайиши, сонининг ортиши кузатилади.
Ажратувчи низолар, аксарият ҳолларда “чегараланмаган” низолар бўлиб, ўз характери, иштирокчилари, ҳал этилиши ва оқибатларига кўра эр-хотин муносабатлари доирасидан четга чиқади. Бундай эр-хотин низоларига оиланинг бошқа аъзолари: қайнона, қайнисингил, овсинлар ва бошқалар ҳам аралашади.
Ажратувчи низолар эр-хотин орасидаги меҳрнинг сусайиб, йўқолиб боришига олиб келади. Бу эса ота-она ва фарзандлари орасидаги муносабатларга ҳам салбий таъсир қилади.

Ота-оналар ва фарзандлар ўртасида юзага келадиган низоларга нималар сабаб бўлиши мумкин?

Бундай келишмовчиликлар учун замин бўлиб қуйидагилар хизмат қилади:
1. Дунёқарашлар орасидаги мавжуд фарқнинг ҳисобга олинмаслиги;
2. Ёшларнинг бўш вақтини мустақил ташкил этиши, дўстлар танлашдаги мустақиллиги, ҳиссиёт соҳасидаги мустақиллиги, касб танлашдаги мустақиллиги, умр йўлдош танлашдаги мустақиллиги учун ота-оналари билан баъзан “кураш” олиб боришнинг хуш келмаслиги;
3. Ота-оналар ичкиликка ружу қўйиши ёки ор-номусини йиғиштириб қўйиб бузуқлик қилиши;
4. Баъзан болаларни меҳнаткашликка ўргатилмагани ва бунинг оқибатида енгил-елпи ҳаёт кечиришга ўрганиб қолиши;
5. Айрим ёшларнинг фарзандлик бурчларини унутиб қўйиши ва ҳоказо.
6. Ота-оналарнинг психологик-педагогик билим савиялари етарли даражада эмаслиги натижасида юзага келадиган келишмовчиликлар.
Ота-оналар ва болалар муносабатларига оид юқоридаги каби ҳолатлар натижасида оиладан ҳаловат йўқолади, ўртага совуқчилик тушади. Фарзандлик бурчини бажармаслик у ёқда турсин, ҳатто ичиб келиб, ота-онасига қўл кўтарадиган фарзандлар, ота-онасини шарманда қилаётган суюқоёқ фоҳишапараслар борлигига нима дейсиз?

Баъзи ота-оналар болалардаги 3, 6, 13-14 ёшларда муқаррар равишда бўлиб ўтаётган инқирозларни билишмайди. Бу ёш босқичларида бола руҳиятида янги психологик қўшилмалар юзага келади. Бу эса уларнинг катталар, жумладан ота-оналар билан бўлган муносабатларида кўзга ташланади. Буни сезмаган баъзи ота-оналар “болам ниҳоятда қайсар, қулоқсиз бўлиб қолди”, деб ўйлайдилар ва шикоят қилишга тушадилар. Бунга қарши ўзларича чора-тадбир белгилашлари натижасида ота-она ва бола бир-бирларини тушунолмай қоладилар. Боланинг ота-онадан безиш ҳоллари кузатилади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий