Лайлатул қадр
Лайлатул қадрнинг минг ойдан ҳам хайрлироқ экани Қуръони каримда
шундай баён этилади:
"Албатта, биз у
(Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), қадр кечаси
нима эканини сиз қаердан билар эдингиз. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У
(кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) барча ишлар
билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунича
тинчлик-омонликдир" (Қадр сураси 1–4-оят).
Тафсирларда лайлатул қадрнинг бир
қанча фазилатлари санаб ўтилади. Биринчиси, Аллоҳ таоло бу кечада
башариятни тўғри йўл ва саодатга олиб борадиган Қуръони Каримни туширди. Шунинг
ўзиёқ лайлатул қадрнинг фазилати улуғлигига кифоя қилади. Бироқ Аллоҳ
таоло бу кечага бошқа фазилатларни ҳам ато этди. Иккинчиси, сурадаги
"(Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар
эдингиз", деган оятда истифҳом (сўроқ) далолат қиладиган улуғлик ва
маҳобат бор. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига шундай деб хитоб қилиб турганда,
бизлар бу кечанинг қанчалар улуғ эканини билишимиз амри маҳолдир
. Учинчиси,
бу кеча минг ойдан яхшироқ бўлади. Тўртинчиси, фаришталар ерга фақат
яхшилик, баракот ва раҳмат олиб тушадилар. Бешинчиси, Аллоҳ таолога
тоат-ибодат банда учун бу ойда унинг азоби ва жазосидан халос бўлиш кўпроқ
экани туфайли тинчлик-омонлик ойи деб эътироф этилади. Олтинчиси, Аллоҳ
таоло бу кечанинг фазилати тўғрисида то қиёмат кунига қадар мўминлар тиловат
қиладиган тўлиқ бир сурани туширди.
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу
келтирган ривоятда у: "Эй Расуллулоҳ! Менга лайлатул қадр ҳақида хабар
беринг. У Рамазон ойидами ёки ундан бошқасидами", деб сўради. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳа, у Рамазон ойида", деб жавоб
бердилар.
Аллоҳ таоло бандаларига лайлатул
қадр қайси кечада эканини билдиришни сир тутди. Сабабини Аллоҳ билади. Лайлатул
қадрни қидирганлар рамазон ойининг охирги ўн кунида кўп намоз ўқийдилар, ҳар
кеча зикр ва дуо билан машғул бўладилар. Шу билан улар бошқа ойлардагига
қараганда кўпроқ савоб олади, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладилар. Аллоҳ учун
лайлатул қадрнинг қайси кечада бўлишини аниқ билдириш мушкул эмас. Бу билан
унинг илми ҳам, мўъжизалари ҳам камайиб қолмайди. Буни сир тутишдан мақсад
шуки, бандаларни амал қилишдаги сусткашлик, лоқайдлик ва бепарволик иллатларидан
қутқаришдир. Чунки банданинг ўзига қўйиб берилса, айниқса, Рамазон кунларида
толиқиб, чарчаб турган бир пайтда ором ва роҳатни жуда-жуда хоҳлайди. Аллоҳ
таоло бандасининг феъл-атвори ва табиатини жуда яхши билади. Шу боис баъзи
нарсаларни зоҳиран билдириб, унинг ботиний сир-асроридан воқиф қилмайди.
Қолаверса, киши бир нарсани билиб олганидан сўнг уни оддий ҳолдек қабул қилади.
Бобомурод Эрали
Манба: www.muxlis.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий