ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 19 июня 2014 г.

юугуринг

Соғлом ва гўзал бўлишни истасангиз ЮГУРИНГ!

Хитой донишмандлари «Соғлом бў­лишни истасангиз, чопинг, ақлли бўлишни истасангиз, чопинг, гўзал бўлишни истасангиз ҳам чопинг!», де­йишган.
Аслида ўзбек аёлларининг уйдаги «чопа-чопи» ҳам кўп, аммо бу иккисининг фарқи бор-да. Биринчидан, юмуш қилиб чопганда бари мушаклар бирдай ишламайди, қон юришмайди, юракка юк тушмайди. Майдонга тушиб югурганда эса бари мушаклар бирдай ишлайди, қон юришиб, танада кислород таъминланиши яхшиланади. Шунингдек, киши фақат чопганидагина унинг миясида серотонин моддаси ишлаб чиқарилади. Бу модда хотирани яхшилайди, ақлни пешлайди, танани ёшартиради. Шунинг учун сиз ҳам чопинг!

Қуйидаги 9 сабаб эса сизга югуришни бугуноқ бошлашингизга ёрдам беради.
1.Чопиш аслида осон
Агар сиз эрталаблари ёки кечқурун югуришга аҳд қилган бўлсангиз, бунинг учун спорт анжоми ҳамда махсус кийим сотиб олиб, унга  алоҳида тайёргарлик кўришнинг ҳожати йўқ. Югуриш билан 18 ёшдан 80 ёшгача бўлган кишилар бемалол шуғулланиши мумкин. Асосийси, сизда хоҳиш-истак туғилса бўл­гани,  ижобий натижа куттирмайди.
2.Соғлиғингизни тиклайди
Очиқ ҳавода мунтазам югуришни канда қилмасангиз, у танадаги барча жараёнга ижобий таъсир қилади. Сиз шамоллаш, қон босими ошиши, нафас қисиши ва шу каби қатор касалликларни бутунлай унутиб юборасиз. Югуриш – юрак қон-томир тизими ишини яхшилайди, иммунитетни кўтаради, қон айланишини ва ошқозон моторикасини фаоллаштиради.   
3. Югуриш тушкунликдан чиқаради
Югуриш пайтида танамиз серотонин (бахт ва ақлни пешловчи гормон) моддасини ишлаб чиқаради. Чопиб бўлгач, сиз енгил чарчоқ, роҳат ва бахт туясиз. Шунингдек, югураётганда сизни қийнаётган оғриқли ўйлардан қутуласиз. Бу маълум муддат сизни сиқилишдан, асабий зиқликдан халос этади.
4.Озишнинг энг осон усули
Сиз жисмоний маш­ғулотлардан  сузиш, эрталабки жисмоний тарбия ёки велосипед ҳайдашни танлашингиз мумкин, аммо уларнинг ҳеч бири ортиқча калорияни йўқотишда югуришдай самара бермайди. Қиёслаб кўринг:
1 соат мушакларни машқ қилдириш – 700 калорияни;
1 соат велосипед ҳайдаш – 450-550 калорияни;
1 соат катта теннис билан шуғулланиш -  480-550 калорияни;
1 соат лўкиллаб чопиш – 720-900 ортиқча калорияни йўқотади ва озишга ёрдам беради.
5.  Югуриш табиат
билан тиллашиш
 демакдир 
Ҳар қандай фасл ва об-ҳавода чопишни канда қилманг. Чунки сиз бу ҳолда  табиат би­лан мулоқотга киришасиз, мусаффо ҳаводан нафас олиб, қушлар чуғурини тинглайсиз. Қуёш нурларида чўмилиб, устингизга тушаётган муздек ём­ғир томчиларидан яйрайсиз.
6.Югуриш танадаги бари
  мушакларни мустаҳкамлайди
Югуриш билан мунтазам шуғуллансангиз, нафақат оёқ ва бўкса мушакларини, қорин, қўл, елка мушакларини ҳам тиклаб оласиз. Бунда мушакларга у қа­дар катта юк тушмайди, у тана бўйлаб бир текисда тақсимланади. Югуриш суяк бўғимларини ҳам мустаҳкамлайди.
7.Ўзингиз билан
яккама-якка
Биз камдан-кам вақтда ўз-ўзимиз билан ёлғиз қоламиз. Югуришга бел боғлар экансиз, том маънода ҳаммадан «қочиб» кетасиз. Бу ўз-ўзимизни англаш ва руҳий уйғунликка эришиш учун берилган бир имконият ҳамдир.
8. Узоқ умр кўрасиз
Югуриш қариш жараёнини секинлаштиради. Мунтазам чопган одамда ўсиш гормонлари фаоллашади, бу эса узоқ вақт ёш ва бардам бўлиб қо­лишга ёр­дам беради. Югуриш билан до­им шуғулланган кишининг кексайганида ҳам ишлаш қобилияти юқори бўлади.
Тез-тез ёки лўкиллаб юриш ҳам саломатлик ва узоқ умр кўриш гаровидир.
9.Ўзингизга бўлган ишончни кучайтиради
Югуриш билан мунтазам шуғулланган кишилар ўзларига нисбатан ҳурмат ва ишончлари ошганини таъкидлайдилар. Югуриш характерни тоблайди, иродани чиниқтиради ва ўз-ўзини назорат қилишни кучайтиради.
Агар биз тавсия қилган 9 қоида сизни чопиш фойдали эканига ишонтирган бўлса, у ҳолда югуришни душанбага қолдирмай, бугуноқ бошланг. Мунтазам жисмоний тарбия билан шуғуллансангиз, югурсангиз  демак,  сиз қатъиятли, иродаси кучли одамсиз!

Мавлуда Иброҳимова тайёрлади 

Комментариев нет:

Отправить комментарий