Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари муносабати билан ўтказиладиган
озроқ Қуръон қироати ва кўпроқ шамоили набавийяни зикр қилишдан иборат
маросим агар шариатда ёмон саналган бидъатлардан холи бўлса барака ва кўп
хайриятлари бор гўзал ишдир. Ушбу маросим ҳақидаги мулоҳазалардан олдин
Мавлиди набийнинг нишонланиш тарихи қисқа назар солсак.
Мавлидни
нишонлаш тарихи умуман олганда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг ўзларига бориб тақалади. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам
душанба кунлари рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, дердилар. Буни имом Муслим
ўз “Саҳиҳ”ларида Абу Қатода розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.
Имом Суютий зикр қилишларича Мавлидни биринчи бўлиб мунтазам ва тантанали
нишонлашни йўлга қўйган киши бу Арбил ҳокими (ҳозирги Ироқнинг шимолидаги
шаҳар) Абу Саъид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Бектегин бўлган. Аҳли Сунна
уламолари мазкур ҳокимни ва йўлга қўйган яхши бидъатини олқишлашган. Суютий
ва Ибн Касирлар: “Буюк ва улуғ подшоҳлардан эди. Ўзидан кўп яхши амалларни
қолдирган”, дейишса, ҳофиз Заҳабий: “Мутавозеъ ва одобли инсон эди. Фуқаҳо ва
муҳаддисларни яхши кўрарди”, деб зикр қиладилар. Ибн Халикон ҳофиз Абу Хаттоб
ибн Диҳянинг таржима ҳолини зикр қилиб шундай дейди: “У уламонинг таниқлиси
ва фузалонинг машҳурларидан эди. Мағрибдан йўлга чиқиб Шом ва Ироққа борди.
Арбилга 604-йили кирди. Унинг буюк подшоҳи Музаффариддин ибн Зайниддин
Мавлиди набийга жуда қаттиқ эътибор қиларди. Абу Хаттоб унинг учун “Ат-Танвир
фи мавлидил баширин назир” номли китоб ёзиб, ўзи унга ўқиб берди. Шунда ҳоким
уни минг динор билан мукофотлади”.
Кези келганда айтиб қўйсак мақсадга мувофиқ бўлади. Доктор Салоҳиддин
Мунажжад ўзининг “Мўъжаму ма уллифа ан Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи ва
саллам” номли китобида: “Мавлиди шариф тўғрисида уламо ва солиҳлар томонидан
ёзилган китоблар сони 160 га етади”, дейдилар.
Айюбийлар даврида нишонланиши бошланган Мавлид Усмонлилар даврида янада
тантанали равишда ўтказиладиган бўлди. Масалан султон Абдулҳамид даврида
12-Рабиул аввал куни салтанат аъёнлари шоҳона расмий кийимларни кийиб,
кўкракларига нишонларини таққан ҳолда энг катта жомеъ масжид эшиги олдида
султонни кутиб саф тортишарди. Султон ҳам қасридан қимматбаҳо нарсалар билан
жиҳозланган энг яхши отини миниб атрофида маҳобатли мавкиби билан жомеъга
етиб келарди. Ҳамма жойига усмонлилар байроғи илинган кўчалардан султон
мавкаби икки қатор аскар ўртасида ва улар ортидан аҳоли ўтар, кейин ҳаммалари
жомеъга кириб тантаналар бошланарди. Аввал Қуръон тиловати, сўнг Муҳаммад
алайҳиссалом туғилиш қиссалари қироат қилинарди. Сўнг пайғамбар
алайҳиссаломга салавот айтиш сифатида “Далоилул-хойрот” китоби ўқиларди.
Шундан кейин баъзи шайхлар томонидан зикр ҳалқалари ташкил этилар, уларда
нашид ва салавотлар баланд овозларда айтиларди. 12-Рабиул аввал тонгида
даражаларидан қатъий назар давлат киборлари Султонни Мавлиди набий билан
қутлашарди”. (Ҳасан Сандубийнинг “Тарихул иҳтифал бил мавлидин набий”
китобидан)
Бундай тантаналар ўша пайтда улкан ислом мамлакатининг турли томонларида
нишонланган бўлса, ҳозир ҳам Саудия Арабистони мамлакатини истисно
қилган бошқа барча мусулмон мамлакатларда расмий нишонланади. Саудиянинг
ғарби хусусан Макка шаҳрида ҳозир ҳам ушбу сана муносиб тантана қилинади.
Мавлиди набийни нишонлаш ҳақида аксар ислом уламолари яхши фикрлар
билдирганлар. Жумладан Ибн Жавзий: “Мавлиднинг фазилатларидан бири ўша йили
мурод ва мақсадга тезда етиш ҳақида башоратдир”.
Ибн Обидийн: “Билингки, маҳмуд бидъатлардан бири Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи
ва саллам туғилган ойларида қилинадиган Мавлиди шариф амалидир. Мўъжизалар
соҳиби соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиссаларини эшитиш энг катта
қуруботлардандир. Чунки у кўп мўъжиза ва салавотларни ўз ичига
олгандир”.
Ҳофиз Шамсиддин ибн Носириддин Димашқий: “Чўриси Савбийя Пайғамбар
алайҳиссалом туғилганликлари башоратини еткизганда хурсанд бўлиб, уни озод
қилгани учун Абу Лаҳабнинг дўзахда азобланиши душанба куни енгиллатилиши
хабари саҳиҳ собитдир”.
Буларга ўхшаш олқиш ва яхши таърифларни Саховий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Суютий,
Шамсиддин ибн Жазарий, Абу Шома ва Шаҳоб Қасталоний каби қадим буюк
олимлардан, Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур (Зайтуна жомеъи шайхи), Ҳуснайн Муҳаммад
Махлуф (собиқ Азҳар жомеъи шайхи), Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий, Юсуф
Қарзовий, Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий, Абдуллоҳ ибн Бейҳ, Али Жумъа, Ваҳба
Зуҳайлий каби замонамизнинг забардаст уламоларидан ҳам нақл қилинган
бўлсада, вақтимиз камлиги учун уларнинг сўзларини зикр қилиб ўтирмадик.
Маълумки, бир нарсага ҳалол ёки ҳаром ҳукмини бериш имом Абу Ҳанифа, имом
Шофеъийлар каби мужтаҳид салафларимиз вазифасидир. Умматнинг салафию халафи
афзалликларига гувоҳлик берган мужтаҳид имомларимизнинг каломларига мурожаат
этмасдан, бу вазифа даъвосида бўлган ҳар қандай кишининг сўзи мардуддир.
Жумладан Мавлид ёмон бидъат дейдиган кишиларнинг ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллламнинг туғилган саналари муносабати билан бўладиган зикр
мажлисларини Пайғамбар алайҳиссалом қилмаганликлари ҳужжати билан ҳаром
деяётганларга шундай жавоб қиламиз: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
қилмаганликлари ҳужжати билан масжидлардаги меҳробларни залолатли бидъат деб
эътиқод қиламизми? Мусҳафи шарифнинг жамланиши ва уларга белги-нуқталарнинг
қўйилишини ҳаром амал ҳисоблаймизми? Хуллас, бу тўғрида одамлар
одатларига кўра учга бўлинганлар; биринчи тоифа набий алайҳиссалом мадҳларида
ғулувга кетиб у зот ҳақларида айтишлик жоиз бўлмаган сўзларни айтишади.
Бошқа тоифа эса одатига кўра бу тўғрида одамларни бидъатчи, ҳаром ва гуноҳ иш
қилганликда айблашади. Булар ҳам ўз инкорларида ҳаддиларидан ошишган.
Охирги тоифа эса, биз ҳам ўзимизни уларга мансуб санаймиз,бу тўғрида
Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан
келиб чиққан асосларга таянган ҳолда ўрта йўл – васатийликни ушлайди ва бу
муносабат хусусида пайдо бўладиган мулоҳаза ва саволларга жавоб излайди:
Биринчи мулоҳаза: Мавлиди набавийни нишонлаш бидъат эмасмикан?
Жавоб: Дарҳақиқат бу луғавий маънода бидъатдир. Чунки Мавлид олдин бўлмаган
ва янги пайдо қилинган ишдир. Аммо шаръан бидъат эмасдир. Чунки у ҳақда
шариатимизда таяниладиган асос бордир. Асос нима эканлигини айтишдан олдин
уламоларимиз бидъат ҳақида нима дейишганига назар соламиз:
Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Бидъат шариатда асоси йўқ нарсани пайдо
қилишдир, аммо шариатда далилли асосга эга нарсалар бидъат бўлмайди”. Бу
маънодаги таърифлар бошқа ишончли олимлар томонидан ҳам қилинган бўлиб,
уларнинг хулосасига кўра бидъат – пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан
қилганликлари ворид бўлмаган феъл бўлишдан ташқари, ўша амалга шариатда асос
бўлмаслик ҳам талаб этилади. Мавлид эса бундай бидъатлар сирасига кирмайди.
Хўш, унда Мавлидни нишонлашнинг шариатда қандай асоси бор, деган савол пайдо
бўлади. Бу саволга жавобни шайхулислом Ибн Ҳажар Асқалоний таъбирларида
берамиз: “Менга унинг собит мустаҳкам асосга эга эканлиги маълум бўлди. Бу
асос “Саҳиҳайн”да келган ушбу ҳадисда собитдир: “Пайғамбар алайҳиссалом
Мадинага келган пайтларида яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутишганини
кўрдилар ва улардан бу ҳақда сўраганларида улар: “Бу кунда Аллоҳ Фиръавнни
ғарқ қилди ва Мусо алайҳиссаломга нажот берди. Шунга биз Аллоҳга шукр қилиб
рўза тутамиз”, дейишди. Бу ривоятдан муайян кунда неъмат ёғилгани ёки зулм
кўтарилганига шукр этиб, бирор амал қилиш ва уни ҳар йили қайтариш мумкинлиги
истифода этилади.”
Навбатдаги мулоҳаза шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мавлидларини
нишонлашга буюрмаганлар, балки буни тарк этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам буюрмаган ишларини қандай қиламиз?
Жавоб; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрмаган бўлсалар, наҳий ҳам
қилмаганлар. Наҳий қилганлар, деган одам далил келтирсин.Қолаверса Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам эчкиэмар емаганлар. Емасликлари ҳаром ёки
макруҳлигидан эмас. Саҳобалар эса ейишган.
وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا
“Расул келтирган нарсани олинг ва у сизни нимадан қайтарган бўлса тўхтанг”
оятини яхшилаб мулоҳаза қилсак, биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам
қайтарган нарсаларни тарк этишимиз лозимлигини тушунамиз. Лекин у зот сукут
этган нарсаларини нима учун қўрқмасдан ҳаром дейишимиз керак?!
Тўртинчи мулоҳаза: Мавлидни ўтказишга муайян кун ёки кунлар белгилаб
қўйилган. Лекин бундай хослаш жоиз эмаску?
Саволга саволлар билан жавоб қиламиз: Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ҳижрий
тақвимнинг бошланишига кун хослаб қўймаганларми? Абдуллоҳ ибн Масъуд
розийаллоҳу анҳу ҳар пайшанбани дарс бериш учун белгиламаганларми? Каъбаи
мушаррафага каъбапўшини кийдиришга кун таъйин қилингани ҳам бидъатми?
Қолаверса Аллоҳ таолонинг неъматларини эслаш учун энг муносиб вақт ўша
неъматлар ҳосил бўлган кунлар эмасми?
Бешинчи савол: Мавлидни жуда бўлмаганда садди зариъага биноан ва уни
нишонлашдаги гуноҳ ишларга кўра манъ этиш лозимку?
Жавоб: Ушбу тушунча бўйича хамр ишлаб чиқилади, деб садди зариъа учун узум
экишни ҳам манъ қилиш керакми? Имом Қарофий айтадилар: “Зариъани тўсишдаги
муболаға уни очишдаги муболағага ўхшайди. Иккови ҳам тузатишдан кўра бузади
ва фойда беришдан кўра зарар келтиради”. Шунинг учун ҳам бизнинг мазҳабимизда
мазкур қоидага кўпда мурожаат қилинмайди.
Олтинчи савол: Араб мамлакатларида бу кун Ийди мавлид деб ҳам номланади.
Исломда эса фақат иккита ийд бор. Шу томондан ҳам бу яхшимаску?
Жавоб: Денгиз чўчқаси чўчқа номи билан аталгани учун ҳаром бўлганми? Банк
фойдалари фойда деб номлангани рибони ҳалолга айлантиряптими? Истилоҳлар
ҳақида баҳс қилишнинг кераги йўқ. Чунки ийд сўзининг луғавий маъносини
кўрсак, у қайтиш маъносини билдиради. Яъни ҳар йили қайта келгани учун ийд
дейилади. Табиийки мавлидни ийд дейилганда шаръий маъносини назарда
тутилмаяпти. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларда уни ийд дейилмайди.
Энди юқорида айтганимиз биз бу масалага баҳо беришда васатийликка амал
қилишимиздан келиб чиқиб, бу маросимни бошқа томондан ҳам мулоҳаза қилиб
кўрсак. Мавлид маросимини нишонлаш мумкинлигига келтирган далилларимиз унинг
фарз ёки вожиб эканлигини кўрсатмайди. Балки севимли пайғамбаримиз Муҳаммад
соллаллоҳу алайҳи ва салламга меҳримиз товланиб, муҳаббатимиз жўш урганидан
нишонлайдиган мавлид маросимларимиз яхши ва солиҳ амаллар қаторига киради.
Аммо бу маросимни фарз даражасидаги муҳим амал деб кўриб ғулувга кетишдан ҳам
ҳақиқий ёмон бидъатлар юзага келмоқда. Масалан бу бидъатларлардан бири
сифатида бошга бирор мусибат тушганда ёки хаста бўлганда мавлид ўқитиб юбориш
керак, деган фикрнинг юзага келишини кўрсатсак бўлади. Бунда мубтало ўз
муаммосининг ечимини қидирмайди, сабабларини ушламайди ёки даволанмайди.
Балки ўзи маъносини, моҳиятини англамасада мавлид ўқитиб юбориш керак, дейди.
Бу билан у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатимиз рамзи
бўлган мавлудни омма наздида хурофий, унга қаршилар фикрича эса бидъати
саййиа амалга айлантиради. Бу бидъатни ечими сифатида биз халқ орасида
мавлуднинг мазмун моҳиятини тушунтириш лозимлигини, мавлид матнларини
ўқиётган кишиларга эса унинг маъносини ҳам тушунтириб беришларини тавсия
қилган бўлардик. Шунда мавлуд бошга иш тушганда ўқиладиган хурофий маросим
эмаслиги ва асосийси мавлиддан кўзланган мақсад Пайғамбар солллалоҳу алайҳи
ва салламнинг таваллудлари инсониятга берган Аллоҳнинг неъмати экани ва биз
мавлид ўтказиш билан ушбу неъматга шукрона изҳор этаётганимиз, яна ҳабибимиз
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни халқимизга яна бир бор таништириш
ишига ҳисса қўшаётган бўламиз.
Хуллас бугунги кунда дин душманлари томонидан қаттиқ адоватга нишон бўлаётган
севимли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни муносиб
ҳимоя қилиш, у зотнинг буюкликларини оламга изҳор этиш ва ўзимиз эса улуғ
ҳулқ соҳибининг йўлларини маҳкам тутишимиз биз умматларига фарз ва лозимдир.
Ота ва онамиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!
Мубашшир Аҳмад
|
Комментариев нет:
Отправить комментарий