ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 7 мая 2014 г.

дори вор чойлар

Чойнакдаги дорихона


Доривор чойлар Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон халқ табобатида жуда қадимдан қўлланиб келинади. Турли доривор ўсимликларнинг илдизи, танаси, барги, ғунча ва гуллари ҳамда дон-мевалари кўпгина касалликларда дори вазифасини ўтайди. Бундай дори-дармонларни халқ табиблари ҳанузгача қўллашади.

Мурчли чой. Қора – мурч тропик мамлакатларда ўсувчи piper nigrum деб аталувчи дарахтнинг меваси. У мошдек келадиган қора, баъзан қўнғир рангли, сирти тарам-тарам, хушбўй, мазаси аччиқ доналардир. Пазандаликда суюқ ва қуюқ, гўштли ва сабзавотли таомларда, салатлар ва сиркалашларда донадор мурч ҳам, туйилгани ҳам кенг қўлланилади. Ўзбекистонда мурчни чойга қўшиб дамлаш усули ҳам мавжуд. Ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда олий навли қуруқ чой, ярим чой қошиқ туйилган мурч ёки доналаридан 15 дона солиб, устидан қайноқ сув қуйилади ва 4-5 дақиқа сочиққа ўраб дам едирилганидан кейин дастурхонга тортилади.
Халқ табобатида мурчли чой шамоллаб йўталганда, бронхиал астмага чалинганда, кўкрак оғриганда, гриппда терлатувчи ва пешоб ҳайдовчи вочита сифатида қўлланилади. Қора мурч аъзоларни тозалаш, қизитиш, заҳарларга қарши курашиш хосиятларига эга. Илон, қорақурт ёки чаён чаққанида мурчли чой бир неча марта қайта-қайта ичирилган ваш у орқали заҳарнинг кучи қирқилиб, беморнинг ҳолати яхшиланган. Мурч ошқозон ва жигар фаолиятини ҳам мустаҳкамлайди. Абу Али ибн Синонинг ёзишича, мурч мушак нервларини шундай қиздирадики, бу ишда ҳеч нима унга тенг келмайди. Мурча йўтал ва кўкрак оғриқларига фойда қилади. Асал билан қўшиб, танглайга суртилса, томоқ оғриғига фойда қилади ва ўпкани тозалайди.
Мурч ва асалли чой. Хосиятлари худди юқорида айтилганидек, фақат дамлашда унга донадор мурч солиб, асал қўшилади.
300 граммли чойнакка ярим чой қошиқ олий навли қора чой, 10 дона мурч ва 2 чой қошиқ асал солиб, устидан қайноқ сув қуйилади-да, сочиққа ўраб, 4-5 дақиқа дам едирилгандан кейин ичирилади.
Заъфаронли чой. Заъфарон – савсаргулдошлар оиласига мансуб субтропик ўсимлик оналигининг қуритилган тивитларидир. Халқ табобатида заъфаронли чой юраги заиф ва нафаси қисадиган касалларга ичирилган. Заъфарон тўғрисида Ибн Синонинг фикри қуйидагича: «Буриштирувчи ва эритувчидир. Бунда буриштириш ва елимлар хусусияти бўлганидан етилтирувчи ҳамдир. Иссиқлиги мўътадил бўлиб, тиқилмаларни очади. Сасишни тузатиб, ички аъзоларни кучайтиради. Заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли қилади. Балғам кўчишини осонлаштиради ва нафас аъзоларини кучли қилади».
Ярим литрли чойнакка 15-20 тивит (пичоқ учида олинган) заъфарон, 1 чой қошиқ олий навли кўк ёки қора чой солиб, устидан қайноқ сув қуйилади. Сочиққа ўраб, 4-5 дақиқа дам едирилади, шунда у яхши шира беради. Чой оз-оздан ҳўплаб ичлади.
Қалампирмунчоқли чой. Қалампирмунчоқ – чиннигулдошлар оиласига мансуб тропик дарахтнинг очилмаган ғунчаси. Кучли ёқимли ҳиди ва ўткир мазаси таркибидаги ифори мой билан боғлиқ. Чой қуйидаги тартибда тайёрланади: ярим литрли чойнакка 4-5 дона қалампирмунчоқнинг қуритилган ғунчаси, 1 чой қошиқ кўк чой солиб, қайноқ сув қуйилади. 4-5 дақиқа чўққа қўйиб дам едирилади.
Бундай чой халқ табобатида ошқозони заифлашган, овқат ҳазми ёмонлашган беморларга ичирилган.
Седанали чой. Седана айиқтовондошлар оиласига мансуб ўсимликнинг майда қора донларидир. Ўиди хушбўй, чайнаганда жизщ этиб ачиштирувчи мазаси билинади. Седана ўзбек пазандалигида нон ёпишда ишлатилади, патир ва кулчаларнинг юзасига сепилса, мазасини яхшилайди. Седана овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради, оғиздаги нохуш ҳидни кетказади, аъзоларни қиздиради ва тозалайди, пешоб ҳайдайди, заҳарларга қарши таъсир қилади. Халқ табобатида уни йўталганда, қусганда қўлланилади, у худди мурч каби таъсир қилади. Седанали чой сувчечак, сариқ касаллиги, талоқ яллиғланишида, ҳайз қонини ҳайдаш ва эмизикли оналарнинг сутини кўпайтириш учун ҳам қўлланилган. Седанали чойга асал қўшиб ичилса, пешоб йўлларидаги тошларни майдалайдиган дорига айланади. Ибн Сино ёзадики: «Седана балғамни кўчирувчидир, тозаловчи, ел ва дамни шимдирувчидир. Хусусан, унинг тозалаш хосияти етарли даражададир. Седана тумовга фойда қилади. Уни асал ва иссиқ сувга қўшиб ичилса, қовуқ ва буйракдаги тошларга фойда қилади, уларни чиқаради».
Седанали чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 чой қошиқ қора ёки кўк чой, 20-25 дона седана солиб, қайноқ сув қуйилади ва 3-4 дақиқа чўққа қўйиб дам едирилгандан кейин ширинликлар билан ичилади, асал қўшилса, жуда фойдали неъматга айланади.
Райҳонли чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 ош қошиқ қора ёки кўк чой, 7-10 дона райҳон барги солиниб, қайноқ сув қуйилади. 5 дақиқа чўғ ёнида дам едирилгач, дастурхонга тортилади. Қишда эса қуритиб, уқалангани ишлатилади (ярим чой қошиқ).
Бундай чой халқ табобатида совуқ мизожли кишиларга жигари ва қомирларидаги тиқилмаларни очадиган дори сифатида ичирилган. Райҳонли чой балғам кўчиради, шунингдек, уни бўғимлар шамоллаганда, асабийлашганда, сафро ҳайдовчи восита сифатида тавсия этишган.
Зирали чой. Зира асосан палов, қази ва бошқа таомларни тайёрлашда ишлатилади. Зирали чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 чой қошиқ зира, худди шунча олий навли кўк ёки қора чой солиниб, қайноқ сув қуйилади. 5-7 дақиқа дам едирилгач, иссиғида ичилади.
Халқ табобатида зирали чой қон босими ошган кишиларга тавсия этилган. Зиранинг фойдаси ҳақида Ибн Сино шундай ёзган: «…Унда қиздирувчи куч бўлиб, елларни ҳайдайди ва тарқатади. Унда парчалаш, қуритиш ва буриштириш қуввати ҳам бор. Зира, айниқса, ёввойиси қон сийиш ва ичакнинг бураб оғришида, қорин кўпчишида фойда қилади».
Кийикўтли чой. Халқ табобатида кийикўтли чой томоқ қитир бўлиб қирилганда, ўпка ва юрак хасталикларида, қон босими кўтарилганда тавсия этилган. У жигарни мустаҳкамлаш ва пешоб ҳайдаш хусусиятига эга.
Тоғлардан териб келинган кийикўтни ювиб, сояда қуритилади. Ишлатганда кафтлар орасида уқалаб олинади. Ярим литрли чойнакка  битта кичкина қошиқда олий навли кўк чой, 1 чой қошиқ қуритилган кийикўт солинади ва қайноқ сув қуйиб, чўққа 5 дақиқага қўйиб дам едирилади.
Ялпизли чой. Ялпиз наъно, пидина деб ҳам номланади. Наъно махсус экиб кўпайтирилмайди. Томирини кўчириб, ариқ бўйига бир бор экиб қўйилса, бас, вегетатив равишда ўз-ўзидан кўпайиб кетади.  Танаси ҳам тикка, ҳам ер бағирлаб ўсади. Барглари қайиқсимон бўлиб, тўқ яшилдан оч бинафша ранггача товланади. Ҳиди кўпам ёқимли эмас, мазаси ўткир. Бу унинг таркибида ифори мой, фитонцид ва ментол каби моддалар кўплигидан дарак беради. Ибн Сино ялпиз ҳақида шундай дейди: «Унда қиздирувчи ва буриштирувчи куч бор. Ялпиз меъдани мустаҳкамлайди, ҳиқичоқни тўхтатади, овқатнинг сингишига ёрдам қилади, шиллиқ ва қон қусишни тўхтади, сариқ касаллигига фойда қилади».
Ялпизли чой халқ табобатида юракни бақувват қиладиган, кайфиятни созлайдиган дори сифатида қўлланилган. Ялпиз бош оғриғини қолдиради, барги чайналса, оғизни шамол юргандек қилади ва чанқоқни қолдиради. У тиш оғриғига ҳам даво.
Ялпизли чой шундай тайёрланади: ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда қора ёки кўк чой, тўртта ялпиз барги солинади-да, қайноқ сув қуйилади. Чўғ ёнида 5 дақиқа дам едирилади. Унга асал ва новвот солиҳ ҳам мумкин.
Қишда кўланкада қуритилган ялпиз барглари ишлатилади.

Лимонўтли чой. Халқ табобатида лимонўтли чой юрак, мия ва сезги аъзоларини қувватли қилувчи дори сифатида ичирилган. Чиндан ҳам бундай чой ақлни пешлайди, жигар ва ошқозонга фойдаси катта. Одам бирон нарсадан қўрқиб кетса, безовталанса ёки уйқуси қочса, шу чой дармон бўлади. Лимонўт қоринда, буйракда ва бошқа ички аъзоларда пайдо бўладиган санчиқни қолдиради. Ибн Синонинг ёзишича, лимонўт шиллиқдан ва савдодан пайдо бўладиган иллатларнинг ҳаммасига фойда қилади. Оғиз ҳидларини кетказади. Юракни кучайтиради, ҳазмга ёрдам беради ва ҳиқичоқда фойда қилади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий