Ананас - дардга чалинтирмас...
Ананас — ананасдошлар оиласига мансуб бўлиб, кўп йиллик ўт
ўсимликдир.
Унинг барглари спираль ҳолда бир-бирига яқин жойлашиб,
қалин, наштарсимон, узун бўлади. Тўпгули калта, бошоқсимон, хушбўй.
Экинлаштирилган нави — Филиппин ва Тайвань оролларида ўстирилади. Унинг тўп
меваси сариқ, хушбўй сўта. Сўтанинг оғирлиги 3-5 кг келади. Ананасни янгилигича
(пишганда) ёки консерва ҳолида мураббо тайёрлаб истеъмол қилиш мумкин.
Ананас — испан тилидан лотин, рус ва ундан ўзбек тилига ўтган.
Ўсимликнинг ўзи ҳам, меваси ҳам шу ном билан аталади. Ананаснинг ватани —
Жанубий Америка. Сайёҳ Христофор Колумб
уни Европага олиб келган.
Ананас меваси таркибида дармондорилар (С, каротин, В1, В2,
В5, В12, РР), кальций, фосфор, темир, мис, йод, рух, магний каби маъданларни
сақлайди. Шу билан бирга, унда 86 фоиз
сув, оқсил, қанд, лимон кислотаси мавжуд. Бундан ташқари, 60 дан зиёд хушбўй
моддалар сақлайдики, бу моддалар ананасга бетакрор ҳид беради. Ананас меваси
таркибидаги биологик фаол модда — бромелайн тромблар ҳосил бўлишининг олдини
олади. Таркибидаги бромелин ферменти эса таом ҳазмини маромига келтиради.
Ананас микроблар ва яллиғланишга қарши таъсирга эга. Унда
пешоб ҳайдовчи, қоннинг қуюшқоқлигини камайтирувчи хусусият бор. Ананас
кайфиятни кўтаради. Дармондори етишмовчилиги (авитаминоз)да, қон томирлар ва
қил томирлар девори мўртлашганда, яхши наф беради.
Бунда ананас эти (юмшоқ қисми) майдаланиб, 1 ош қошиғи 200
мл. қайноқ сувга қўшиб, 2 соат давомида дамланади. Кейин сузилиб, кунига 3 маҳал
таомдан 20 дақиқа олдин 2 ош қошиқдан ичилади.
Кислоталик даражаси пастлиги билан кечувчи гастритда ананас
эти таомдан 15 дақиқа олдин 1 пиёладан истеъмол қилинади. Ананас моддалар
алмашинуви мувозанати бузилганда, қон қуюлиши кучайганда фойда қилади. У ишемик
инсульт ва миокард инфаркти касаллигида
нафлидир.
Майдаланган ананас этидан 50 г, асалдан 50 г ва қатиқ 50 г
олинади-да, омухта қилинади. Ҳосил бўлган аралашма юзга суртилса, оқартиради.
Бу муолажа ҳафтада бир марта амалга оширилади.
Майдаланган ананас этидан бир ош қошиқ олиниб, унга 1 ош
қошиқ зайтун мойи (оливковое масло) аралаштирилади ва бирор матога текис қилиб
ёйилиб, юз соҳасига 15 дақиқа қўйилади. Бу муолажа қуруқ терига фойда қилади.
Ёғли тери учун бевосита ананас эти юпқа қилиб, кесиб қўйилади. Бу муолажалар
курси 10 марта давом эттирилади.
Ананас артрит, бронхит, пневмония ва турли юқумли
касалликларни даволашда қўл келади. Марказий асаб тизими хасталикларида, буйрак
касаллигида даво учун ҳар куни бир пиёладан ананас шираси ёки янги меваси
яримтадан истеъмол қилинса, шифо бағишлайди. У ошқозон ости бези
етишмовчилигида фойдалидир.
Ананас ёрдамида қадоқни енгилгина даволаш мумкин. Бунинг
учун кечасига қадоқга ананаснинг юмшоқ қисми қўйилиб, эрталаб олиб ташланади,
кейин илиқ сувда ювилади.
Семизликда озиш, яъни вазнни камайтириш учун қуйидагича
малҳам тайёрланади:
1 дона ананасни қирқиб, пўсти билан қиймалагичдан
ўтказилади. Унга 0,5 л тиббий спирт қўшиб, бир ҳафтага қўйиб қўйилади. Сўнгра
тиндирмадан кунига 1 ош қошиқдан таомдан 15 дақиқа олдин кечаси ичилади.
Ҳафтада фақат бир кун ананас истеъмол қилинса, семизликда
ижобий самара беради. Бунда озиш учун сули қайнатмаси билан бирга ичилса,
самараси янада яхши бўлади. Чунки ананасда мойларни парчалаш хусусияти бор.
Ананас баргининг шираси ҳинд табобатида гижжа ҳайдовчи омил
сифатида кенг кўламда қўлланилади.
Ақлий меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи кишилар ҳафтада
камида икки марта ананас ширасини қабул қилишса, фойда қилади. Инчунун,
ананасда хотирани яхшиловчи хусусият бор.
Ҳуснбузар (бўжама, угри)да ананасли ниқоб наф беради. Бунда
ананас пўстидан тозаланиб, унга бир чой қошиқ асал ва озгина сули уни
қўшилади. Аралашма бўтқа ҳолига келгач,
юзга суртилади ва 15 дақиқадан кейин тиббий пахта билан артиб ташланади.
Ҳайз келишидан олдин ҳар куни ананас истеъмол қилиб юрилса,
нохуш оғриқларни камайтиради.
Эслатиб ўтамиз, ошқозон шираси кислоталик даражаси юқори
бўлган гастритда, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак ярасига мубтало бўлганларга
ананас истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Ананаснинг кислоталик даражаси юқори бўлганлиги боис тиш
эмалини ҳам эҳтиёт қилиш талаб этилади. Шунингдек, ҳомиладор аёлларга ҳам
ананас ейиш мумкин эмас.
Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос
Комментариев нет:
Отправить комментарий