ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 31 мая 2014 г.

аллергия

ДИҚҚАТ, АЛЛЕРГИЯ!!! ҳашаротлардан, гўштдан ва дорилардан…

Бурнингиз битиб, тез-тез аксирдингиз, кўзингиздан ёш оқиб тинимсиз ачиша бошлади,  шамолладим шекилли, деб қулоқ, бурун, томоқ шифокорига мурожжат қиласиз. Даволаниб бўлганингиздан кейин ҳам бурнингиздан тез-тез сув оқиши тўхтамаяпти. Энди аллергологга боришингиз зарур бўлади. Биз сизларни шу мавзуда қизиқтирган саволлар билан Тошкент Тиббиёт Академияси 3-клиникасининг маслаҳат- поликлиникаси врач-аллергологи
Зиёда Раҳимовага мурожаат қилдик.

- Зиёда Равшановна, айтингчи, аллергик касалликлар организмда қандай пайдо бўлади?
- Аллергия организмга турли йўллар билан, оғиз, нафас йўллари, тери орқали ва наслий мойиллик билан кириб келади, айрим пайтларда ҳар хил дориларни, уколлар қилинган вақтда ҳам тушади. Улар инсон организмида махсус модда-антителолар ҳосил қилади. «Антитело» сўзининг ўзидан кўриниб турибдики, бу маҳсулотлар
уларни ҳосил қиладиган моддаларга қарши қаратилгандир. Аллергия нафас йўлларида ва терида бўлади, дедик. Дейлик, одамни ари, пашша, чивин каби ҳашоратлар чақиши натижасида терида аллергия ҳосил бўлади, тери ачишади, қичишади ва шишади, беморда безовталик бошланади. Аллерген касалликлар ҳар хил намоён бўлади. Кўпинча нафас олиш органлари касалликка чалинади. Аллерген (антиген) таъсирида антитело қонда, лимфада ва организмнинг бошқа тўқималарида ҳосил бўлиши мумкин. Антителолар қон оқими билан бутун организмга тар­қалади ва қон хўжайраларида жойлашиб олади. Агар аллерген-оқсил ёки бошқа ёт модда организмга қайта тушса, антителонинг аллерген билан бирикиши содир бўлади. Организмдаги мавжуд антителолар фақат уларни юзага келтирган аллергенлар билангина бирикади. Ташқаридан тушган бошқа биронта аллерген  мазкур антиген билан бирикиши натижасида реакция содир бўлади  ва у қон хўжайраларига ҳалокатли таъсир кўрсатади, очиғи, улар емирилади. Бунда хўжайралардан махсус моддалар ажралади, булар эса заҳарлилик хусусиятига эга бўлиб, касаллик пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Аллергик касалликлар ҳар хил тарз­да намоён бўлади. Кўпинча нафас органлари касалликка чалинади, бунинг натижасида аллергик трахеит, аллергик  ринит, бронхиал астма  ва ҳакозолар келиб чиқади. Булардан ташқари, турли хил дерматитлар, эшак еми турлари ҳам бор.
- Аллергик хасталик юқумлими? Касалланган беморнинг оила аъзоларига ўтадими?
- Йўқ, аллергия юқумли эмас. Лекин наслдан наслга ўтиши мумкин.  Ўткир атирларнинг, тутунларнинг, дарахтларнинг,  гулларнинг чангидан аллергия бошланади. Айрим инсонларда ҳидга аллергия бўлади, устачилик билан шуғулланаётган ёки бетон, зах жойда яшаётган инсонларда ҳам аллергик касалликлар кўпроқ учрайди. Аллергик хасталик билан оғриган бемор ўз вақтида даволанмаса, бронхиал астмага айланиб кетиши кузатилади. Бурун битгач, одам тўлиқ нафас ололмайди, кислород етишмаслиги натижасида бошда ҳам оғриқ бошланади. Беморда бурун битиш, кўзда қичишиш симптомлари бошландими, дарҳол аллерголог ҳузурига бориши керак. Бу болаларда ҳам кузатилади. Айрим болалар диатез билан туғилади ва атопик дерматит, деб ташхис қўйилади. Бола эмадиган даврида онаси аллергия қўзғатувчи нарсалар еб қўйса, боланинг бадани қизариб, майда қизил тошмалар тошади. Мана шундай дерматит билан касалланган  ва аллергологнинг муолажасисиз, кўмагисиз, ўз-ўзидан яхши бўлиб кетган болалар 5-6 яшарлигида ёки ўсмир пайтида нафас  йўлида аллергия билан касалланиш эҳтимоли баланд бўлади. Онанинг ҳомиладорлиги пайтида бўладиган аллергия ҳақида гапирадиган бўлсак, бу организмда гормонал ўзгаришлар натижасида юзага келади, шунинг учун тўғри келган дорини ичмасдан дарҳол аллерголог тавсияси билан муолижа олиши, парҳез тутиши  ва болада аллергия бўлмаслигининг олдини олиши лозим бўлади.
-Нималар кўпроқ аллергия қўзғатади?
 - Халқимиз кўпроқ қўй гўштини яхши кўради. Қўй гўшти, товуқ ва балиқ гўшти ҳам аллергия қўзғатади.
- Айрим кишиларнинг дорига аллергияси бор. Бунда организмда аллергияни чақирадиган туғма мойиллик бўладими ёки бошқа сабаблари борми? 
- Дори моддаларига ва танасига юборилган дори миқдорига бемор организмининг туғма мойиллиги бўлади. Кўпинча аллергик реакциялар дори моддаларини катта дозаларда узоқ йиллар қабул қилиб келган кишиларда учрайди. Лекин айрим ҳолатларда бу реакция биронта дорини бир марта фойдалангандан кейиноқ  содир бўлади, масалан, пенициллин (антиботиклар), сульфидин мазлари  ниҳоятда оғир аҳволга туширишига, нафаснинг бўғилишига ва ҳатто анафилактик шок ҳолатига олиб бориши мумкин. Ҳар хил дори моддалари билан ишлайдиган, контактда бўлган медицина ходимлари, фармацевтлар ўртасида ҳам аллергия ҳодисалари содир бўлиб туриши мумкин. «Дори аллергияси» ибораси дори моддаларини  қўллаш оқибатида организм томонидан юзага келган ҳар хил кўринишдаги аллергик реакцияларни бирлаштиради. Кейинги саволингизга жавобим: Ҳар қандай дори реакцияни вужудга келтириши мумкин. Кўпинча антибиотиклар, сульфаниламидлар (норсульфазол, фталазол, сулътфадимезин  ва ҳакозо), аспирин, амидопирин, бутадион, аминозин, мишьяк, йод препаратлари, зардоблар ва айниқса, қоқшолга қарши зардоблар, гаммаглобулин реакция беради. Дори аллергияси эшак ем, дерматит, (терининг яллиғланиши), ринит, конъюнктивит, бронхиал аст­ма, мигрень кўринишларида  юзага келади. Дори аллергиясининг энг ёмон асоратларидан бири-бемор анафилактик шок ҳолатидир.
- Муштарийларимиз бронхиал астма ҳақида ҳам маълумот беришимизни сўрашган. Унинг характерли белгилари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
- Бронхиал астманинг типик ва характерли белгиси-нафас бўғилиш хуружларидир. Айрим касалларда нафас бўғилишдан олдин томоқ қирилиши, бурун қичишиши  ва битиши, аксириш, йўтал, айниқса, нафас олиши ва чиқариши оғирлашади. Сўнгра нафас қиса бошлайди, айниқса нафас чиқариш қийинлашади. Қуруқ йўтал хуружи тутади ёки у бироз оқ кўпиксимон балғамли бўлиб, ўпкада яллиғланиш белгилари эшитилади. Бронхиал астма сурункали касаллик бўлиб, вақти-вақтида беморнинг аҳволи оғирлашади, айрим ҳоллардагина бемор ўзини бироз енгил ҳис этади. Хуруж пайтида ўпкада кўплаб қуруқ, ҳуштаксимон хириллашлар эшитилади. Бронхиал астманинг оғир босқичида бемор бирор нарсага суяниб ўтиришга мажбур бўлади, чунки шундай ҳолат унинг нафас олишини бирмунча енгиллаштиради. Тери нам, оқарган бўлади, нафас олдинига тезлашади, кейин камаяди, ҳуштаксимон хириллаш узоқдан ҳам эшитилиб туради. Беморнинг умумий аҳволи оғирлашади, юрак ритми бузилади, оёқларида шиш пайдо бўлади. Беморнинг аҳволига қараб дори-дармонларни организмга турли йўллар билан юбориш мумкин. Бронхиал астмани даволашда даво гимнастикасига катта аҳамият берилмоқда ва у ҳамма ёшдаги беморлар учун даволаш комплексининг зарурий қисми бўлиб ҳисобланади.
 - Мутахассис сифатида яна қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
- Дориларнинг ҳам турлари бор. Кўпинча беморлар келишади-да, дорихонага кирдим, аптекачи менга шу дорини берди, шуни ичдим, тузалмадим, баттар бўлди, дейди. Дориларнинг турлари кўп, дорилар фақатгина аллерголог тавсияси билан босқичма-босқич ичилади. Мисол учун, ҳомиладор аёлларга, антигистамин препаратларни, иккинчи ва учинчи босқичдаги дориларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Яна бир мисол: жигар касали билан оғриганларга учинчи босқичдаги дорилар мумкин эмас. Ҳеч қачон кўр-кўрона, ўзибилармонлик билан дори сотиб олманг, деган бўлардим.
Барча аллергенлар шартли равишда икки асосий гуруҳга бўлинади:
а) организмга  ташқи муҳитдан тушган аллергенлар(экзоаллергенлар) ва одам организми тўқималарининг шикаст­ланиши оқибатида ҳосил бўлган аллергенлар;
б) Экзоаллергенларнинг ўзи бир неча группаларга бўлинади: уй-рўзғор, гулчанги, овқат, дори препаратлари, ювувчи ҳамда косметик воситалар ва ҳакозолар таркибидаги аллергенлар.
Кундалик рационда мумкин:
1.    Ёғсиз ва қайнатилган мол гўшти, ёрмали ва сабзавотли шўрвалар, сариёғ, зайтун  мойи,  қайнатилган картошка;
2.    Бўтқалардан: гуручли, гречкали, геркулесли;
3.    Сут маҳсулотлари: бир кунлик қатиқ  ва творог;
4.    Янги бодринг, петрушка, укроп, олма, нок (қизил бўлмаган), мевали компотлар(қизил бўлмаган);
5.    Оддий чой ва оқ нон.
КУНДАЛИК РАЦИОНДА ТАҚИҚЛАНАДИ:
1. Цитрус мевалар (апельсин, лимон, ананас), ёнғоқлар (ерёнғоқ, бодом, хандон писта, балиқ ва балиқ маҳсулотлари (янги ва тузланган, икра, консервалар, парранда гўшти (ўрдак, товуқ, ғоз маҳсулотлари, шоколад ва унинг турлари, қаҳва ва дудланган маҳсулотлар, уксус, қалампир, майонез  ва бошқа хушхўр маҳсулотлар, хрен, редиска, шолғом, томат, бақлажон, қўзиқорин ва тухум, қайнатилмаган сут,
2. Қулупнай, қовун, шафтоли, тарвуз, малина, тут, замбурғ маҳсулотлари, асал, дуккакли маҳсулотлар( мош, ловия ва нўхат);
3.    Алкоголь  ва алкоголли, рангли ичимликлар қатъият тақиқланади;
4.    От гўшти  ва унинг маҳсулотлари мумкин эмас.
5.    Қизил рангли маҳсулотлар, қизил лавлаги, қизил олча, гилос ва ҳоказолар.
- Жавобларингиз учун муштарийларимиз номидан миннатдорчилик билдирамиз. Раҳмат!
Меҳринисо  Қурбонова

суҳбатлашди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий