ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 29 мая 2014 г.

буқоқдан....

Аввал буқоқдан халос бўлинг


Қалқонсимон без касаллиги — бўқоқ анча кенг тарқалган хасталиклардан биридир. Ушбу касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, инсон танасида қандай кечиши, асоратлари, унинг олдини олиш, болалар ва ҳомиладор аёлларнинг саломатлигига таъсири тўғрисида батафсил маълумот олиш учун Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Эндок­рин жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Нусрат ОЛИМЖОНОВга мурожаат қилдик.
— Қалқонсимон без бўйиннинг олд томонида жойлашган бўлиб, чап ва ўнг бўлаклардан иборат, — дейди Нусрат Олимжонов. — Инсон танасидаги қалқонсимон без бош­қа аъзоларга нисбатан юқори даражада қон билан таъминланиши жиҳатидан фарқланади. У катталарда 25-30 граммни ташкил қилади. Эллик ёшдан сўнг эса аста-секин кичрая боради.

Қалқонсимон безнинг фаолияти сусайиши гипотериоз дейилади. Бунда кучли толиқиш, ҳолсизлик, ишга лаёқатсизлик, серуйқулик, ўтирган жойида ҳам ухлаб қолиш кузатилади. Тез-тез ичи қотади. Аёлларда терининг қуриши ва ёрилиши кўп кузатилади. Сочлари тўкилиб, тирноқлари синувчан бўлиб қолади.
Қалқонсимон безнинг асосий вазифаси таркибида йод бўлган гормонларни ишлаб чиқаришдир. Инсон ривожланиши билан бирга қалқонсимон без ҳам ўсади. Ўсувчи организмни гормон билан таъминлаш учун у кўпроқ йодга эҳтиёж сезади. Бироқ истеъмол қилинаётган маҳсулотлардан олинаётган йод ҳар доим ҳам бу эҳтиёжни қондиравермайди. Йод етишмаслиги эса бўқоқ касаллигини келтириб чиқаради. Шунингдек, кучли тушкунлик ҳам ушбу хасталикка олиб келувчи асосий омиллардан биридир.
— Бу ҳолат болаларда қандай кечади?
— Агар болада йод танқислиги кузатилса, унда қалқонсимон без фаолияти бузилади ва оқибатда жисмоний ўсишдан орқада қолиш кузатилади. Йод танқислиги туфайли болаларнинг нафақат жисмоний, балки ақлий ривожланиши ҳам сусаяди. Бундай болаларнинг бўйи паст, вазни енгил, ҳаракатлари суст бўлиб, ахборотни секин қабул қилади. Кучли йод танқислигида «кретинизм», яъни ғилайлик касаллиги кўп учрайди. Шу билан бирга, қон томир, марказий асаб тизими, моддалар алмашинувига, суяк, мушаклар, тери, соч илдиз толаларига салбий таъсир қилади.
— Ҳомиладор аёлларда бўқоқ хасталиги кузатилса, унинг саломатлигига қандай таъсир қилади?
— Йод танқислиги оқибатида қалқонсимон безнинг катталашуви ва фаолиятининг бузилиши оқибатида ҳомиладорлик бирмунча оғир кечади. Туғиш даврида тўлғоқ жараёнининг суст кечиши, қон кетиши кузатилади, ҳатто, бола нобуд бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Йод танқислиги она вужудидаги ҳомиланинг ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, кўпроқ унинг бош мияси ҳамда суякларнинг ўсишида патологик ўзгаришлар юз беришига сабабчи бўлади. Оғир йод танқислиги ҳолатида туғилган гўдакда қал­қонсимон без гормонлари етишмовчилиги, яъни ақлий заифлик, ғилайлик, оёқ-қўл ва юзида шиш бўлиши, йиғлаганда паст ва дағал товуш чиқариши, сўриш рефлексининг сустлиги, камҳаракатлилик кузатилади.
— Қалқонсимон без катталашганини қандай сезиш мумкин? Касаллик ривожланиши нималарда намоён бўлади?
— Агар организмда йод танқислиги юзага келса, қалқонсимон без ҳужайралари кўпроқ йодни «ушлаб» қолади ва зарур миқдордаги гормонларни ишлаб чиқариш учун катталашади. Агарда без сал катталашган ва зичлашган бўлса-да, беморда томоқ бўғилиши пайдо бўлади. Бундай пайтда киши ёқали кийимларни кийса, бўғилаётгандек туюлиб, нафаси сиққандек бўлади. Агар қалқонсимон без жиддий катталашган бўлса, нафас олиш ва ютиниш қийинлашади.
Қалқонсимон без гормони кўпайиб кетганида бемор шовқинни ёқтирмайдиган, таъсирчан, қизийдиган, йиғлоқи, қалтирайдиган бўлиб қолади. Озиб кетиши мумкин, ҳатто, тинч ётганида ҳам кучли юрак уриши қийнайди. Одатда бундай беморлар дастлаб, терапевт ёки кардиологга мурожаат қилишади. Баъзан касалликни ўтказиб юборгандан сўнг эндокринолог кўригига келишади. Агар таҳлил натижасида қон таркибида юқори қалқонсимон без гормони мавжудлиги аниқланса, имкон қадар тезроқ даволашни бошлаш керак. Акс ҳолда, юрак мушак тўқималарига зарар етади.
— Даволаш усуллари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Қалқонсимон без касалликларини ўзбошимчалик билан даволаш мумкин эмас. Шифокор-мутахассис маслаҳати ва назоратига амал қилиш шарт. Аввало, йодланган туз истеъмол қилиши керак. Агар олди олинмаса, саратон касаллигига ҳам олиб келиши мумкин.
Агар қалқонсимон без тез катталашса, белгиланган дори воситаларини бемор организми «кўтара» олмасдан, умумий аҳволи ижобий тарафга ўзгармаса, жарроҳлик усулини қўллашга эҳтиёж сезилади. Жарроҳликдан кейин муайян вақт дори-дармонлар қабул қилишга тўғри келади.

«Оила даврасида» мухбири

Жонибек МАЪРУПОВ суҳбатлашди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий