Вазн ортиши нимага боғлиқ?
«Ойим бир неча йиллардан буён ортиқча вазн, яъни
семизликдан азият чекади. Оёқ-қўлларида шиш ҳам бор. Калорияли ва кучли
овқатлар кўп истеъмол қилмасалар-да, охирги беш ой ичида янада тўлишди. Иш
юзасидан баъзида кам, баъзида кўпроқ ҳаракат қилади. Сизлардан илтимос, менга
маслаҳат берсангиз, ортиқча вазндан халос бўлишда ойим қандай шифокорлар
кўригидан ўтиши лозим?»
Дилноза Холмуродова,
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани
Саволларга оилавий шифокор Шоира
ИСМОИЛОВА жавоб беради.
— Вазн ортиши
аёлларимизнинг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланади. Бироқ шундай азобга солувчи
муаммоларнинг келиб чиқишига ўзимиз сабабчи бўламиз. Ортиқча вазн ортиши
натижасида таянч ҳаракат тизими зарарланиши ва бўғим оғриқлари келиб чиқади.
Гоҳида кучли калорияга бой овқатларни истеъмол қилишимиз, қолаверса,
касбимиз туфайли бундай овқатларни кун бўйи бир хил ҳолатда ўтирганимизча истеъмол
қиламиз.Ҳар қандай тановул қилинган егуликнинг ҳазм бўлиши учун ҳаракат қилмоқ лозим. Афсуски, кам ҳаракат ва шундай тартибли овқатланиш жараёни вазн ортиши каби асоратларни келтириб чиқаради. Шунингдек, озгина вазн ортганини сезишимиз билан ўзбошимчалик билан парҳез тутишга киришамиз. Бироқ иродамиз устунлик қилса, майлига, лекин унга бесабрлик қилиб парҳезни бузиб, бирдан ўзимизни чеклаб юрган таомларни еб қўйишимиз ҳам мумкин. Натижада эса бирдан вазн ортиш ҳолатлари кузатилади.
Хатда ёзилишича, бу аёл калорияли ва кучли овқатларни кўп истеъмол қилмас экан. Бундан маълумки, мактуб эгасининг онаси баъзида калорияли таомлардан ўзини чеклаб туради ва ўрни келганда, истеъмол қилиши ҳам мумкин. Бу ўринда, аввало, вазн ортиши сабабини аниқлаш учун эндокринолог ва гинеколог, гастроэнтеролог шифокорларнинг маслаҳатлари зарур. Чунки гормон дорилар қабул қилиш ҳам қўшимча вазнга сабаб бўлади.
Агар кўринган мутахассислар томонидан ҳеч қандай муаммолар аниқланмаса, унда диетолог маслаҳати керак бўлади. У ҳар бир кишига алоҳида таомнома тузиб беради.
Парҳезга риоя қилиш керак, деганда очликни тушунманг. Иложи борича, ҳар овқат истеъмолидан сўнг узоқ вақт ўтирманг, шунингдек, ётмасликка ҳам ҳаракат қилинг. Албатта, биринчи навбатда, тиббий кўрикдан ўтишни ўз оилавий шифокорингиз ҳузуридан бошлаганингиз маъқул.
МЕВАЛАР ҲАМ СЕМИРТИРАДИМИ?
«Мен меваларни жуда яхши
кўраман. Кунига бир кило гилос, сўнг икки-учта банан ва яна турли қуритилган
меваларни ейишим мумкин. Ойимнинг айтишича, мен жуда кўп мева
еганим учун семириб кетишим мумкин экан. Шу тўғрими?»Нозима АҲРОРОВА, Тошкент вилояти
— Мева одам организми учун жуда фойдалидир. У ичаклар фаолиятини яхшилайди, танамизни витамин ва микроэлементлар билан таъминлайди. Аммо унинг меъёри ошганда, аксинча, зарар қилиши ҳам мумкин. Масалан, кўпчилик мевалар одамни оздиради, деб ўйлашади. Лекин меваларда ҳам калориялар бўлишини унутмайлик. Бундан ташқари, мевалар иштаҳани очади ва одатда, улардан сўнг бирон-бир ёғлироқ егулик ейиш истаги пайдо бўлади. Бунга мева таркибидаги кислота сабаб бўлади. Бу кислота ошқозон шираси кўпроқ ажралишига туртки бўлиб, унинг моторикасини қўзғайди. Айнан мана шу ҳолат одамда очлик ҳиссини уйғотади.
Мевалар таркибидаги фруктоза эса глюкоза каби калорияли бўлса-да, тўқлик ҳиссини бермайди. Шунинг учун ҳаддан зиёд кўп ейилган мевалар ҳам семизликка етаклаши мумкин.
Олимларнинг текширувлари шуни кўрсатадики, таомланишда фруктоза миқдорининг кўплиги организмдаги моддалар алмашинувининг бузилиши, қандли диабет, томирлар атеросклерози ва қон босими касалликларига олиб келиши мумкин. Аммо бу билан мевалардан воз кечиш керак, демоқчи эмасман. Шунчаки ҳар нарсанинг меъёри бўлгани яхши.
Комментариев нет:
Отправить комментарий