ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 11 февраля 2020 г.

…ФАҚҚАТ ҚУЛОҚҚА АЙТИШ КЕРАК!

…ФАҚҚАТ ҚУЛОҚҚА АЙТИШ КЕРАК!
(МАСАЛ-ЭРТАК)
Ўрмон ташқаридан қараганда осуда ва сокин кўринса-да, ўзининг турфа муаммоларию ташвишлари билан яшаб келар эди.
Кунлардан бир кун унинг подшоҳи қабулига тушкун бир аҳволда Марал кириб келибди.
-Шаҳаншоҳим! Фуқароларингиз қатори мен ҳам оддий Марал бўламан. Бир пайтлар жамият учун кўп манфаатим теккан. Айрим ихтироларимни шу кунларда ҳам кўпчилик ўз турмушида фойдаланиб келадилар. Бироқ мени ҳеч ким эсламайди ҳам, танимайди ҳам. Кеча емиш олиш учун дўконга кирган эдим, энди навбатим келганди, Бўри зўравонлик қилиб сафдан чиқариб ташлади-да, ўрнимга ўзи туриб олди. Унга: “Бўривой ака! Ахир, бу инсофдан эмас-да!” деганимни биламан, мени бўралаб ҳақорат қилиб, ..сал қолди уриб ташлашига. Бундай адолатсизликни кўра-била туриб, атрофимдагилар (бирортаси) тарафимни олмай, ўзларини билмаганликка солиб, туравердилар...Улар қаторида Тулки ҳам бор экан. Бир пайт, Бўри кўздан ғойиб бўлгач, ёнимга келиб: “Сиз тушунган жонзотсиз! Унга тенг келаман, деб, овора бўлиб юрманг! Ҳозир унинг мушугини биров “пишт” деёлмайди...Тепадагилар билан ҳамтовоқ... ”деб, юпатмоқчи бўлди. Ҳурматли шоҳим! Жамоат олдида иззат-нафсимни оёқости қилган муттаҳам Бўрини таъзирини бериб жазолаб қўйсангиз???
Шер ётган ерида эринибгина бир кўзини очаркан, баҳайбат калласини хиёл у томон буриб:
-Оғайни! Олдимни тўсиб, пешанамда турма! Сенсиз ҳам ишим бошимдан ошиб ётибди. Бунақанги майда-чуйда шикоятларингни бориб вазирим Айиққа айт!-дебди.
Марал бир сўз деёлмай: “Хўп бўлади, олмапаноҳ!” деганча унинг олдидан чиқиб, умид билан вазир ҳузурига қараб чопибди. У ҳолдан тойгунча излаб, охири алламаҳал бўлганда Айиқни бир хилват жойдаги қоровулхонадан топибди. У эндигина қўлга киритган бир челак асални нўш қилаётган экан. Марал шоша-пиша Айиқнинг олдига кириб бораётса, унинг югурдаклари бўлган маймунлар йўлини тўсиб: “Марал ака! Вазир жаноблари ҳозир жуда муҳим давлат ишлари билан бандлар. Пича кутиб турсангиз, ўзлари чиқадилар”, деган ахборотни етказибдилар. Марал шу яқин атрофдаги катта қарағай дарахти тагида сабр билан кутиб турган экан, анча вақт ўтгач, панжаларини ялаб “Маймоқ полвон” жаноблари чиқиб келибдилар...Унга бошдан-оёқ бир разм солиб қўйиб: “Ҳа, Маралбой! Не арзинг бор?!” дебди қорнини силаб.
Марал Бўри билан бўлиб ўтган воқеани ўрмон подшоҳига қандай сўзлаб берган бўлса, унга ҳам шундай қилиб, оқизмай-томизмай айтиб берибди. Гап орасида: “Шер жаноблари Сизга учрашимни айтдилар”, дея қистириб ўтибди. Маралнинг арзини бепарвогина эшитган Айиқвой аввалига кўзларини юмиб, оғзини катта очганча чуқур эснаб қўйибди. Кейин унга хушламайгина юзланиб: “Менга қара, Марал! Сенда бирон-бир мансаб борми, ўзи?” деб сўрабди. Бояқиш Марал елкаларини қисиб: “Кечирасиз, Вазир жаноблари, мен–оддий фуқароман”, деб жавоб берибди.
Айиқвой уни писанд қилмай дашном бераркан: “Эй, тентак Марал! Сен ҳаётда умуман тескари иш қипсан! Шунчалик ақл-фаросатинг бор экан, аввал бирон-бир амални эгаллаб олишинг керак эди. Сўнг анави ихтиро-пихтироларингни қилганингда, сени ҳамма таниб, ҳурмат қилган бўларди”, дебди “доно”лик билан.
Марал тутақиб: “Айиқбой Сўлақмонович! Ахир ўзимдан-ўзим қандай қилиб мансабдор бўлиб оламан?” деган экан, унга имо билан: “Қулоғингни яқин олиб кел!” деб буюрибди. Марал қўрқа-писа қулоғини Айиқвойнинг жағининг тагига олиб борган экан, ҳеч ким эшитмайдиган қилиб бир нималар деб қўйибди...Марал бир-икки қадам ортга тисарилиб: “Менда умуман Сиз айтаётган нарсадан ортиқча йўқ-ку!” дебди, қўлларини ёзиб. Бундан Айиқнинг ғазаби қайнаб: “Бор, бор, бор! Э, лақма! Бекор вақтимни олмай, тезда туёғингни шиқиллат!” дея ҳайдаб юборибди.
Аро йўлда қолган Марал не қиларини билмай, бир муддат гарангсиб юрибди. Кейин арз қилиб жуда кўп жойларга учрабди. Лекин, ҳеч бир ерда уни тинглайдиган, ҳатто, тил учида бўлса-да тасалли берадиган жонзот топилмабди...
Шу яқин атрофда баланд дарахтларнинг бирида кекса бойқуш яшар экан. Кўпни кўрган зийрак қуш Маралнинг барча кечмишларидан хабардор экану, ёрдам бериш қўлидан келмаганидан унга ачиниб юраркан. Бир куни тунда ини олдида Марални учратиб қолиб: “Эй, жонзот! Дарду ҳасратларинг қанча кўп бўлмасин, ўзинг ёлғизланиб қолма! Доимо қавминг билан бирга бўл!” дея уқтирибди.
Афсус, бу пайтга келиб беозор Марал ҳушимкелди сарсари бўлиб қолган экан...
Кўп ўтмай ўрмонда шундай гап тарқалибди: Марал кимга дуч келса: “Билиб қўй! Мен амалдор бўлдим!” дея уқтираётган эмиш...
Бир куни озиб-тўзиб, жунлари хурпайиб кетган Марал катта “папка”ни қўлтиқлаб, сўқмоқда ўзи билан ўзи гаплашиб келаётган экан...
Эндигина дарахт шохига келиб қўнган вайсақи Ҳакка қаердандир топиб олган ёнғоқни шошганча панжалари орасига олибди-да: “Қаранглар, қаранглар! Янги амалдор келяпти!” деб қўйибди. Чунки, ўрмонда энди уни билмаган, танимаган бирон маҳлуқ қолмаган экан...

Д.Қўлдошев

Комментариев нет:

Отправить комментарий