ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 11 сентября 2019 г.

Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми?

Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми?

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ 

#ФАТВОЛАР

Савол:

Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми? Масалан, кўзи касал бўлган инсон Аллоҳнинг Басир
(кўрувчи) исмини кўзига ўқиши ва ҳоказо…

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Охирги вақтларда одамлар ўртасида Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш кенг тус ола бошлади. Халқ орасида Аллоҳ таолонинг исмлари, ёнида эса шу исм орқали даволанадиган касаллик ёзилган варақалар тарқалди.

Аллоҳ таолонинг исмлари орқали даволашни кашф қилганини даъво қилаётган шахснинг исми Иброҳим Карим. У биогеометр илмининг ихтирочиси. Иброҳимнинг даъвосига кўра, Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бир қанча касалларни даволаш хусусиятига эга. Унинг кашфиётича, Аллоҳ таолонинг ҳар бир гўзал исми иммунитетни инсон танасидаги маълум бир аъзода кучайтириш хусусиятига эга. Иброҳимнинг айтишича, у частота қонунини татбиқ қилиш орқали Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бирини айтишнинг ўзи инсон жисмидаги ҳужайраларнинг ҳаракат тизимини яхшиланишига сабабчи бўлишини ихтиро қилган. У уч йил давом этган изланишидан сўнг хулосасини бир жадвал шаклида инсонларга тақдим этди. Жадвалда муайян касаллик ва шу касалликни даволайдиган Аллоҳ таолонинг исми берилган. Масалан, қулоқ касалликлари учун Аллоҳ таолонинг Самеъ исми такрорланади. Раззоқ исми ошқозонни, Жаббор исми умуртқа поғонасини, Роуф исми йўғон ичакни, Нофеъ исми суякларни, Ҳай исми буйракни, Бадеъ исми сочни, “Жалла жалолуҳ” соч кепагини, Нур, Басир ва Ваҳҳоб исмлари кўзни даволар экан. Даволаш услуби қуйидагича, мазкур исм ёхуд исмлар муносиб аъзога ўн дақиқа муддат ўқилади.

Иброҳимнинг айтишича, у шуни ҳам кашф қилган: Аллоҳ таолонинг исмини ўқигандан сўнг ортидан шифо оятлари ўқилса, даволаниш жараёни янада тезлашар экан. Шифо оятлари қуйидагилардир:
1) “Ва мўмин қавмнинг қалбига шифо беради” (Тавба: 14);
2) “Ва у (яъни Қуръон) қалбдаги дардларга шифодир” (Юнус: 57);
3) “Унда (яъни асалда) инсонларга шифо бор” (Наҳл: 69);
4) “Биз шифо ва раҳмат бўлган Қуръони нозил қиламиз” (Исро: 82);
5) “Агар мен касал бўлсам, У менга шифо беради” (Шуаро: 80);
6) “Айтинг, бу Қуръон иймон келтирганлар учун ҳидоят ҳамда шифодир” (Фуссилат: 44).

Кашфиётга раддия

Биринчидан: Аллоҳ таолонинг исмлари орқали У зотга илтижо қилиш шариатимизда буюрилган ёхуд ундалган ишлардан биридир. Аллоҳ таоло Ўзининг гўзал исмлари билан Унга мурожаат қилишимиз кераклигини айтиб: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Шундай экан, Унга ана шу исмлари билан дуо қилинглар” – дейди (Аъроф: 180). Мазкур оятга биноан, биз ҳар бир дуомизда Аллоҳ таолога шу дуонинг мазмунига мос исми билан мурожаат қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуо қилганимизда Унга Шофий (шифо берувчи) исми билан, ризқ сўраганимизда Раззоқ исми билан, ғалаба сўраганимизда Фаттоҳ исми билан, хуллас, ҳар бир ўринда Аллоҳ таолога шу дуога мос исми билан дуо қилишимиз лозим. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган дуолари ҳам далил бўлади. Айтайлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шифо сўраб дуо қилганларида: “Аллоҳим, барча инсонларнинг Парвардигори, дардни аритгин. Унга ҳеч қандай касаллик қолдирмайдиган шифо бергин. Сен Шофий (шифо ато этувчи)сан. Сенинг шифойингдан бошқа шифо йўқ” – деб дуо қилганлар (Бухорий (5411), Абу Довуд (3883) ҳамда Ибн Можа (3530) ривояти). Шунингдек, қачон Аллоҳ таолодан раҳм ва мағфират сўраган бўлсалар, У зотга Ғафур ва Раҳим исмлари билан илтижо қилганлар. Аллоҳ таолога гўзал исмлари билан дуо қилиш худди шундай бўлади

Комментариев нет:

Отправить комментарий