ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 7 мая 2017 г.

хотира майдонидаги ўйлар



 ХОТИРА МАЙДОНИДАГИ ЎЙЛАР
               Ғалабанинг 72 йиллигига


Тош ҳайкалларни кўриб, мен узоқ ўйга толдим,
Ҳаяжон ва ҳайратда гангу лол бўлиб қолдим.
Улуғ жанг даҳшатлари кўз олдимдан ўтаркан,
Қалбимга қаҳрамонлар жангномасини солдим. 

Ҳиёбон тўрисида туну кун тиним бўлиб бедор,
Маҳзун ва маюс ҳолда  ўтирар  о н а и з о р .
Ва унинг теграсида саф чекиб турар мағрур,
Улуғ жанг ғолиблари – мангу тош ҳайкаллар бор.


Ўз боласин эркалаб,  ухлатган она – шудир,
Тонг саҳарларда туриб,  уйғотган она – шудир!
Кечиб жигарбандидан, юлиб юрак парчасин,
Жаҳаннам гирдобига жўнатган она – шудир!

Улуғ жанг кетаётир, Ватан хавф остида,
Бутун халқ қирилмоқда, одамхўрлар дастидан!
Шу боис фарзандини жангга юборди она,
У ваҳший қонхўрлардан ўч олмоқнинг қасдида! 

Нега у йиғламасин, нега маҳзун бўлмасин?!
Нега у қаримасин, нега гулдек сўлмасин?!
Бутун хонумонини бой бериб қўйиб, она,
Нега адо бўлмасин, нега ахир ўлмасин?!

Ҳайхот! Ушбу дунёнинг ишлари қайғу, алам!
Бошга ташвиш келтирар ҳам солар кулфат ва ғам!                
Шуларга сабр – бардош  қила олмасдан  о н а ,
Доду фарёд қилади: «қаердасан, жон болам!?»

Ана шу тош одамлар онанинг фарзанди-да,
Кўзин оқу қораси, юрак, жигарбанди-да!
Улар йўқ бўлиб кетса, тошга айланиб қолса,
Ўртаниб, фарёд чекиб, шу  о н а  куяди-да!

Уруш деган касофат оламни бузиб кетди,
«Қонга - қон, жонга - жон!»- деб, улуғ жанг
                                                      қизиб кетди!
Ғазаб ва нафрат билан  олам-жаҳон қўзғолди,
Дунё аҳли мисоли аридек тўзиб кетди!

Фашист деган газанда оламга ўт ёқди-ку,
Жангларда одам қони дарё бўлиб оқди-ку!?
Аёл - қиз, бола - чақа, фронт ортида қолди,
Уларни ҳам газанда нишлар уриб чақди-ку!?

Минглар ҳисобда эмас, миллионлар ўлиб кетди,
Йўлларда ва чўлларда  эгасиз қолиб кетди!
Одамхўр ва қонхўрлар қонга тўймасдан, бироқ,
Ўйланг-чи, у дунёга нима ҳам олиб кетди!?

Сичқон  и н и н и   охир ижарага олдилар,
Гитлер бошлиқ Гестафо ҳам буткул йўқолдилар!
Олам-жаҳон Гитлернинг зулмидан озод бўлди,
Қуллик асоратидан халос бўлиб қолдилар.

Ана шу тош одамлар ёвни қириб ташлади,
Дунёда тинчлик қуриб, янги ҳаёт бошлади.
Ярим асрдан ошди бу мудҳиш воқеага,
Қишлоқ, шаҳарлар обод бўлиб, гуллай бошлади.

Бу улуғ жангномалар қаҳрамонларнинг иши,
Ҳеч қаерга етмади  газандаларнинг ниши!
Мард ўғлонлар абадий ном қолдириб жаҳонда,
Бурчин оқлаб кетдилар неча миллионлаб киши!

Жасорат, қудрат билан улар зўр жанг қилдилар,
Душманларнинг ҳолини забун ва танг қилдилар.
Пировардида ёв ҳам минг бор пушаймон бўлди,
Беҳад надомат билан афсус, аттанг қилдилар! 
                     
Қаҳрамонларнинг сони, саноғи йўқ, бисёрдир,
Улар зарлавҳаларда минглаб қатор-қатордир!
Шон-шарафга бурканган жангчиларимиз номи,-
Она Ватан, халқ учун фахр ва ифтихордир!

Хотира майдонида мангу порласин олов,
Ватанимизга асло қадам қўя олмас ёв!
Қаҳрамонларнинг руҳи ҳар доимо шод бўлсин,
Уларни эъзоз айлаб, ҳилпираб турсин ялов!

Комментариев нет:

Отправить комментарий