ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 23 февраля 2017 г.

Исломда аёллар хуқуқи

Савол: Исломда аёлларнинг қандай ҳақ-ҳуқуқлари бор? Исломнинг олтин даври ҳисобланган 8-12 асрлардан кейин бу ҳақ-ҳуқуқлар нега ўзгариб кетди? Жавоб: Алҳамдулиллаҳ; Биринчидан: Дарҳақиқат, ислом дини аёл кишини иззат-икром қилишга буюради. Аёл зотини оналик эътиборидан ҳурмат-эҳтиром қилиш, унга яхшилик ва итоат қилиш ҳамда хайр-саховат қўрсатишни фарз қилган. Шариатимизда онанинг розилиги Аллоҳнинг розилиги демаклиги, жаннат унинг оёғи остида экани, яъни жаннатга элтувчи энг яқин йўлга онанинг розилиги орқали эришилиши баён қилинган. Ҳатто, оналарга “уф” деб бўлса ҳам оқ бўлиш ва ғазабини келтириш ҳаром
қилинган. Шунингдек, отанинг ҳаққидан онанинг ҳаққи устун қилинган. Онанинг ёши ўтиб кексайиб, куч-қуввати кетган пайтда фарзандлари унга ғамхўрлик кўрсатиб, алоҳида эътибор қаратишлари кераклигини таъкидлаб ўтган. Буларнинг барчасига Қуръон ва суннатда далиллар келган. Жумладан: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” [Аҳқоф: 15]. “Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: “Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб ҳақларига дуо қил!” [Исро: 23-24]. Муовия ибн Жоҳима Суламий розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб дедим: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг розилиги ва жаннат умидида сиз билан жиҳод қилмоқчиман”. У зот: “Шўринг қурғур, онанг ҳаётми?”, дедилар. “Ҳа”, дедим. “Бор, онангга яхшилик қил”, дедилар. Сўнг бошқа томонларидан келиб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг розилиги ва жаннат умидида сиз билан жиҳод қилмоқчи эдим” дедим. “Шўринг қурғур! Онанг ҳаётми?” дедилар, мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедим. “Бор, онангга яхшилик қил”, дедилар. Сўнг олдиларидан келиб яна: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг розилиги ва жаннат умидида сиз билан жиҳод қилмоқчи эдим” дегандим: “Шўринг қурғур! Онанг ҳаётми?” дедилар, мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедим. “Шўринг қурғур, онангнинг оёғидан ажралма, зеро, жаннат ўша ердадир” [Ибн Можа: 2781. Шайх Албоний “Саҳиҳи сунани Ибн Можа”да саҳиҳ деган]. Имом Насоий келтирган лафзда: “Онангнинг оёғидан ажралма, зеро, жаннат оналар оёғи остида”, дейилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнига келиб: “Ё Расулуллоҳ, гўзал муомала қилишимга энг ҳақли одам ким?”, деб сўради. У зот: “Онанг”, деб жавоб бердилар. “Кейин ким?”, деди. “Онанг”, дедилар. “Кейин ким?”, деди. “Онанг” дедилар. “Кейин ким?”, деганди: “Отанг”, дедилар” [Бухорий: 5971 ва Муслим: 2548]. Оналарни қадрлашга тарғиб қилувчи ва буюрувчи бундан бошқа далиллар кўп бўлиб, уларнинг барчасини бу ерда зикр қилишнинг имкони йўқ. Дарҳақиқат, ислом дини агар она муҳтож бўлиб, фарзанднинг моддий имконияти бўлса онасига нафақа қилишга буюрган ва буни онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларидан қилган. Шунинг учун ҳам қанча асрлар ўтишига қарамай, чинакам мусулмонларнинг биронтаси ёши ўтган оналарини қариялар уйига ташлаб кетиши ёки онасини уйидан ҳайдаб чиқариши ёки унга нафақа қилишдан бош тортишлари учрамаган. Шунингдек, аёл киши вояга етган фарзандлари бўла туриб, еб-ичиши учун ишлашга мажбур бўлгани ҳам маълум эмас. Ислом аёл зотини рафиқа сифатида ҳам иззат-икром қилди. Эрларни уларга яхшилик қилишга ва улар билан тинч-тотув яшашга буюрди. Шунингдек, эр қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлса, аёл ҳам шундай ҳақ-ҳуқуқларга эгалиги, бироқ оиланинг сарф-ҳаражатлари ва оила манфаатига доир ишлар эрнинг бўйнида бўлгани боис, эр аёлдан бир поғона юқори туриши ҳақида хабар берган. Динимиз рафиқасига яхши муомалада бўлган мусулмонни энг яхши мусулмон эканини баён қилган ва эр рафиқасининг мол-мулкини унинг рухсатисиз ишлатишини ҳаром қилган. Бунга далил қуйидаги оят ва ҳадислар: “Улар билан тинч-тотув яшанглар” [Нисо: 19]. “Аёллар учун урф-одатга кўра зиммаларидаги мажбуриятлар мислича ҳуқуқлар ҳам бор. Эркаклар учун аёллар устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” [Бақара: 228]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Аёлларга яхшилик қилинглар” [Бухорий: 3331ва Муслим: 1468]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизларнинг энг яхшингиз аҳли-оиласига энг яхши (гўзал муомалада бўлгани)нгиздир. Албатта, мен ичларингизда аҳли-оиласига энг яхши муомала қиладиганларингизман” [Термизий: 3895 ва Ибн Можа: 1977. Шайх Албоний “Саҳиҳи Термизий”да саҳиҳ деган]. Аёлни қиз фарзанд сифатида ҳам иззат-эҳтиром қилди. Унга яхши таълим-тарбия беришга тарғиб қилиб, бунинг эвазига ота-онага улкан ажру савоблар ваъда қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким икки қиз фарзанди то бўйига етгунча (таълим-тарбия бериб) катта қилса, қиёмат куни у мен билан шундай ёнма-ён бўлади”, деб икки бармоқларини бирлаштирдилар” [Муслим: 2631]. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитганман: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларга сабр қилиб, едириб-ичирса, ўз мол-давлатидан кийинтирса, қиёмат куни қизлари унга дўзахдан тўсиқ бўлади” [Саҳиҳи Ибн Можа: 3669. Шайх Албоний саҳиҳ деган]. Аёлни опа-сингил, амма ва хола нуқтаи назаридан ҳам ҳурматли мартабага кўтарди. Талай оят ва ҳадисларда уларга силаи раҳм қилишга буюриб, улар билан алоқани узиб қўйишни ҳаром қилди. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Эй инсонлар, саломни ёйинглар, (етим-мискинларга) таом едиринглар, қавм-қариндошлик ришталарини мустаҳкамланглар, тунда одамлар уйқуга чўмган пайтда намоз ўқинглар, шунда жаннатга эсон-омон кирурсизлар” [Саҳиҳи Ибн Можа: 3251. Шайх Албоний саҳиҳ деган]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло силаи раҳмга деди: “Ким сени уласа улайман, ким сени узса узиб қўяман”, яъни силаи раҳм қилганларга улкан ажр бериб, силаи раҳм қилмаганларга катта уқубат бераман” [Бухорий: 5988]. Баъзан ушбу хислатларнинг барчаси бир аёлда жамланиши, яъни ҳам рафиқа, ҳам қиз, ҳам она, ҳам опа-сингил, ҳам амма ва хола бўлиб, мазкур иззат-икромларнинг барчасига ҳар томонлама сазовор бўлиши мумкин. Умуман олганда, ислом дини аёлнинг қадр-қимматини кўтарган. Кўп аҳкомларда уни эр киши билан бир ўринга қўйган. Аёл эр киши каби иймон келтиришга, тоат-ибодат қилишга буюрилган ва охиратда эр киши каби ажр-савоб олиши ваъда қилинган.
Аёлнинг ўз фикр-мулоҳазаларини айтишга, насиҳат қилишга, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришга ва Аллоҳ йўлига даъват қилишга ҳаққи бор.
Аёл мол-мулкка эга бўлиш, савдо-сотиқ қилиш, мерос олиш, хайр-садақа қилиш ва ҳадя қилиш ҳаққига эга.
Аёлнинг мол-мулкини бирон киши унинг розилигисиз олиши жоиз эмас.
Аёл гўзал ҳаёт кечиришга ҳақли. Унга ҳеч ким тажовуз қилиш ва зулм ўтказишга ҳаққи йўқ.
Аёлнинг таълим олишга ҳаққи бор, аксинча, динида эҳтиёжи тушадиган нарсаларни таълим олиши фарз. Кимда ким аёлнинг исломдаги ҳуқуқларини жоҳилият давридаги ёки бошқа жамиятлардаги ҳолатига солиштирса, айтган сўзларимизнинг нечоғлик ҳақ эканини билиб олади. Ҳатто, қатъий равишда айта оламизки, аёл зоти исломдагичалик бошқа бирон жамиятда иззат-икром кўрмаган. Юнон, форс ёки яҳуд жамиятида муштипар аёл зотининг ҳолати ва ҳақ-ҳуқуқларини гапирмасак ҳам бўлади. Ҳатто, христиан жамияти ҳам аёл зотига яхши кўз билан қарамаган. Уларнинг руҳонийлари жамланиб “Жаҳон христианлар кенгаши”да: “Аёл зотида руҳ борми ёки у фақат руҳсиз танадан иборатми?”, деган масалада баҳс-мунозара қиладилар. Натижада, аёл зоти нажот топадиган руҳдан холи, бундан фақат Марям алайҳисаломгина истисно қилинади, деган хулосага келишади. Францияликлар милодий 586 йили: “Аёл зотининг руҳи борми ёки йўқми, агар руҳи бўлса инсоний руҳми ёки ҳайвонийми?”, деган масала хусусида йиғин ташкил қилишади. Охирида, ундаги руҳ инсоний руҳ, лекин эркакларнинг хизмати учун яратилган, деган қарорга келишади. Генрий Саккизинчи даврида инглиз парламенти аёл зотини нажас санаб, унга “Янги аҳд” (Инжил)ни ўқишни ман қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Милодий 1805 йилга қадар инглиз қонунига кўра, эр киши аёлини сотиш ҳуқуқига эга бўлган. Ҳатто, унинг баҳоси олти пенс билан белгиланган эди. Ҳозирги кунимизда эса қиз бола ўн саккиз ёшга тўлгандан кейин ўз кунини ўзи кўриши учун уйидан ҳайдаб чиқарилади. Агар уйдан чиқмайман деса, у ҳолда ота-онасига ётоқхона, озиқ-овқат ва кийим-кечаги учун ҳақ тўлаши лозим бўлади. [Қаралсин: “Авдатул ҳижоб” (2/ 47-56)] Бундай жамиятларни қандай қилиб исломга таққослаш мумкин?! Ҳолбуки, ислом аёл зотига яхшилик ва нафақа қилишга, шунингдек, уни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюрган бўлса. Иккинчидан: Асрлар ўтиши билан аёлларнинг ушбу ҳақ-ҳуқуқлари ўзгариб кетди, деган сўзингизга келсак, асос ва назарий тамойилларда ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмаган. Аммо уларни амалда татбиқ қилинишига келсак, шубҳасиз исломнинг асри саодат даврида мусулмонлар Раб таолонинг шариатини тўлиқ татбиқ қилишар эди. Онага яхшилик қилиш, жуфти ҳалолига, қизига, опа-синглисига ва барча аёлларга яхшилик қилиш ва улар билан хушмуомалада бўлиш ушбу шариатнинг ҳукмларидандир. Динга амал қилиш сусайган сари ушбу ҳуқуқларни адо қилинишига путур етаверади. Бироқ то қиёмат кунига қадар динини мустаҳкам ушлаб, Раббиларининг шариатини татбиқ қиладиган бир гуруҳ одамлар бўлади. Ана ўшалар аёл зотини энг яхши иззат-икром қиладиган ва ҳақ-ҳуқуқларига тўла риоя қиладиган кишилардир. Бугунги кунимиздаги кўпчилик мусулмонлар орасида динга амал қилиш нақадар заиф бўлишига қарамай, шунингдек, баъзи одамлар аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқларига бепарволигини, бу борада камчиликка йўл қўяётганини, уларга зулм қилаётганини тан олсак ҳам, бироқ ҳамон мусулмонлар жамиятида аёл зотининг қадр-қиммати ва ҳурмат-эҳтироми йўқолмаган. Албатта, ҳар бир киши ўз хато-камчилигига ўзи жавобгар бўлади. Манба: IslamQA

Комментариев нет:

Отправить комментарий