ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 19 августа 2016 г.

ғани мажид анжуман


ҲАМКОРЛИКДАГИ АНЖУМАН

Андижон ижодкорларга бой вилоят. Андижонда турли ижодий гуруҳлар турли кунларда йиғилиб мушоиралар ўтказиб туришади. Бундай ижодкорлар гуруҳларидан бири Андижон адабий гурунгги бўлса яна бири “Уммон” гуруҳидир. Андижон адабий гурунггида вилоятдаги барча ижодкорлар келиши эркин ва
ихтиёрий бўлса, “Уммон” гуруҳида бир неча ижодкорлар келишиб алоҳида, мунтазам йиғилиб туришга келишиб олганлар.
16.08.2016 куни таниқли шоир ва носир Фарид Усмоннинг таклифи билан икки ижодий жамоа аъзолари ҳамкорлигида анжуман ташкил этилди. Анжуманга “Уммон” гуруҳи аъзолари мезбонлик қилдилар. Анжуманда “Уммон” гуруҳи ижодкорларидан Асрориддин Исмоилов, Толибжон Юсуфжонов, Акбаржон Суярхонов, Комил Камол, Рўзихон Иминова, Давлатхон Валижон қизи ва бошқалар қатнашган бўлса Андижон адабий гурунггидан Фарид Усмон, Ғани Мажид, Ҳурмат Тожи ва Абдуқодир Саттаровлар иштирок этдилар.
“Уммон” гуруҳи аъзолари Фарид Усмоннинг таваллуд куни муносабати билан табриклаб унга аталган ўзларининг табрик шеърларидан ўқиб совғаларини бердилар. Шунингдек Андижон адабий гурунгги ижодкорлари номидан Фарид Усмон ҳам “Уммон”  гуруҳи ижодкори Комил Камолнинг таваллуд куни билан табриклади.
Анжуман жуда ҳам қизиқарли ва ўзига хос хушкайфият билан ўтдики, анжуман тугагандан кейин ҳам ҳеч ким кетиш тўғрисида гапирмас, кетишни ўйламас эди.
Анжумандаги мавзулар шу қадар ранг-баранг эдики, ҳар бир ижодкор ўз ижодий намунасини ўқиб бўлгач бу мавзу юзасидан анчагача фикр-мулоҳазалар давом этарди. Мавзу яхшилик қилиш, нодон одамларга нисбатан муносабат тўғрисига келганда камина ҳам бу мавзудаги икки шеъримни ижодкорларга тақдим этдим.
ЯХШИЛИК  ҚИЛАВЕРИНГ!
Биров билса билмаса,
Ҳатто парво қилмаса,
Назарга ҳам илмаса,
Яхшилик қилаверинг!
Яхшилик қилмоқ лаззат,
Бу энг олий фазилат,
Топасиз ихлос, ҳурмат,
Яхшилик қилаверинг!
Зое кетмайди меҳнат,
Топасиз меҳр албат,
Фақат қилиб қаноат,
Яхшилик қилаверинг!
Ўздан мамнун яшайсиз,
Лаззатла ош ошайсиз,
Тўғри йўлга бошлайсиз,
Яхшилик қилаверинг!
Енгасиз ҳар нодонни,
Лол қиласиз инсонни,
Шод этасиз ҳар онни,
Яхшилик қилаверинг!
                  
ЯШАШНИ  ЎРГАНИНГ!
Яхшилар одамга тош отмас ҳеч он,
Нодоннинг ишидир айламоқ ёмон,
Ниш урмай яшолмас дейишар чаён,
Яшашни ўрганинг нодонлар билан!
Бу дунёда бахтли яшай десангиз,
Саломатлигингиз ғамин есангиз,
Донодан нодон кўп агар билсангиз,
 Яшашни ўрганинг нодонлар билан!
Муроса қилмоқ ҳам катта бир санъат,
Донолик керакдир инсонга албат,
Яқин юрманг нодон учрасат фақат,
Яшашни ўрганинг нодонлар билан!
Гулда ҳам бўлади албатта тикон,
Ўн одам учраса бештаси нодон, 
Қочиб ҳам қутилиб бўлмас ҳеч қачон,
Яшашни ўрганинг нодонлар билан!
Нодонла яшаш ҳам асли донолик,
Келтирмасин нодон бахтиқаролик,
Ярашмас донога мотамсаролик,
Яшашни ўрганинг нодонлар билан!
Билинг уйда илон асраб бўлмайди,
Нодондан донони ясаб бўлмайди,
Тепадиган молни қашлаб бўлмайди,   
Яшашни ўрганинг нодонлар билан!
Яшашни билсангиз нодонлар билан,
Суҳбатни билсангиз ёмонлар билан,
Доимо айтасиз: бахтли одамман,
Яшашни ўрганинг нодонлар билан!
Анжуман якунида мен “Уммон” гуруҳи ижодкорларига ҳар йили икки марта манашундай биргаликдаги анжуман ўтказиш ва биргаликдаги алманаҳ тўплам ташкил этишни таклиф этганимда барчаси бу таклифни мамнуният билан қабул қилдилар. Бу анжуман икки ижодий гуруҳни бир-бирига умрбод боғлади десам муболаға бўлмаса керак.
Ғани МАЖИД,
Андижон адабий гурунггининг
раҳбари, шоир ва носир.



Комментариев нет:

Отправить комментарий