ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 29 марта 2016 г.

_Ғани МАЖИД


КАЪБАТУЛЛОҲГА  АРЗ


Туганмас таърифи асло мадҳ этиб қанча шеър битма,
Элимда қанча мўминлар, қадрига кам қанча етма,
Чин имонли бўлмаганни Аллоҳ уйига киритма,
Зиёрат этса имонсиз Каъбатуллоҳ
қабул этма!

Мақтаниш чун борар кимдир аслида йўқдир имони, Бойликларин қилар кўз-кўз, шайтон унинг қадрдони,
Маишатбоз, хотинбозлар ҳар дам уйида меҳмони,
Зиёрат этса имонсиз Каъбатуллоҳ қабул этма!

Сен покликнинг рамзидирсан, шундай қолгин то қиёмат,
Бузилгандан бузилмоқда виждон, имон, ҳам оқибат,
Имонсизга бермагин йўл, ўз уйингга қўйма, албат,
Зиёрат этса имонсиз Каъбатуллоҳ қабул этма!

Инсон нафси—жиловсиз от, уни сен сақлагайдурсан,
Инсон қалбин ёритган бир, Аллоҳ берган шула, нурсан,
Виждонсиздан виждонлини қачон сен фарқлагайдурсан,
Зиёрат этса имонсиз Каъбатуллоҳ қабул этма!

Бобур юртин кўрганингда кўчиб келгаймидинг балки,
Андижонда бўлагингда кетмай қолгаймидинг балки,
Имонсиздан имонлини фарқлай олгаймидинг балки,
Зиёрат этса имонсиз Каъбатуллоҳ қабул этма!

Бу дунёга довруғ солиб қанча фотиҳ шоҳлар ўтди,
Қанча доно файласуфлар ўткинчи гап айтиб кетди,
Не асрким яшайдурсан, инсоният қадр этди,
Зиёрат этса имонсиз Каъбатуллоҳ қабул этма!

Виждон, имон, мўминликни элларда ташвиқот этдинг,
Тинчликни сақламоқликни юртларда тарғибот этдинг,
Тизгинладинг киши нафсин жиловланган бир от этдинг,
Зиёрат этса имонсиз Каъбатуллоҳ қабул этма!

Комментариев нет:

Отправить комментарий