Айкидо – муҳаббат ва руҳ кучи
Жанговар спорт турлари орасида айкидо
бетакрор усули ва ортиқча куч ишлатмасдан рақибни мағлуб қилиш санъати билан
ажралиб туради. Унда инсонийлик ва одамга муҳаббат мужассам: «ай» — муҳаббат,
«ки» — руҳий куч, «до» — йўл, дегани.
Шарқ яккакурашининг аксариятида, айкидода ҳам
ҳимояга йўналтирилган ҳужум техникаси мавжуд. Унда қўл жанги усулларидан
бутунлай воз кечилган, тезлик ва инсон анатомиясини мукаммал билиш асос қилиб
олинган. Рақиб ҳаракатларига чап бериш ва ақл билан мақсадга эришиш асосий
вазифа этиб белгиланган.
Умуман олганда айкидода 700 дан ортиқ ҳаракат
турлари мавжуд. Бу спорт турининг машғулотлари ўқувчига руҳий ва жисмоний
тўсиқлардан ўтишни, ўз ҳаракатлари билан ҳамоҳанг равишда нафас олишни ўргатади.
Айкидо таълимоти бўйича киши тўғри нафас олаётган бўлса ва гавдаси ҳам шунга
мос равишда ҳаракат қилса, энг мақбул жисмоний мувозанат сақланади.
Ҳужумни ҳеч қандай куч ишлатмасдан қайтариш,
рақибни эса катта тезликда узоқ масофага ортиқча қийинчиликсиз ирғитиш учун
руҳий ва жисмоний мутаносиблик талаб этилади. Бундай усул бажарилаётган пайтда
ҳаракат тўлқинсимон (кўпинча айлана) тартибда бўлади.
Айкидо жозибали усуллари, нафосат ва
жанговарликни ўзида жо этгани билан спорт ихлосмандларининг эътиборини
қозонган. У ўзини ҳимоя қилиш билан бирга, ҳаёт фалсафасидан ҳам дарс беришга
интилади. Айкидонинг энг асосий ютуқларидан бири ҳам шунда.
Маълумот: Ўтган асрнинг 60-йилларига келиб
айкидо дунёда кенг тарқала бошлади. Бугун жаҳоннинг барча мамлакатларида
айкидонинг кўплаб нуфузли клублари фаолият олиб бормоқда. Масалан, Австралия,
АҚШ, Франция, Англия каби мамлакатларда айкидо спорт тури сифатида кенг
ўрганиляпти. Ўзбекистонда ҳам айкидони ўрганаётган, у билан мунтазам
шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда.
Адҳам АРСЛОНОВ
тайёрлади
Комментариев нет:
Отправить комментарий